ҲАВОЙИ НАФСГА БЕРИЛИШНИНГ ЖАЗОСИ
9

Аллоҳ таоло ўзининг бандаларини синашлик учун, уларга нафс аталмиш душманни яратди. Бу душманни ташқаридан эмас балки инсонни ўзида яратди. Нафс инсонни ҳар тарафлама, ҳар нарсага чақиришлик ила Аллоҳнинг амрларига ва наҳийларига исён қилишлик усулларини ўргатиб уни чалғитади ва гуноҳкор бўлишликга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло яратган бандаларига бундай буюради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (хар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”. (Ҳашр, 18) Эй инсон, билиб қуйки, доим ёмонликни хоҳлаб турувчи нафс сенга шайтондан ҳам хавфлирок душмандир. Шайтон нафсинг ҳою ҳаваси сабаби буйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштиради. Нафсинг сени буҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўяди! Чунки нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдликни, ғафлатни ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишингни истайди. У доимо сени беҳуда ва ботил нарсаларга ўралаштиради. Аллоҳ буюрган хулқ асосларини поймол эткан нафсни фақат очлик ислоҳ этади. Чунки ҳавойи орзулар ва еб-ичиш кишини туғри йулдан чиқариш учун шайтон қўлидаги қуролга айланади. Нафс ҳусусида улуғларимизнинг сўзлари шундай .
Сулаймон (а.с ): Менинг наздимда, нафсини синдириб тарбиялай олган киши ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кучлироқдир”,- деди.Хазрат Али: “Мен билан нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон, бир томондан, сурувни тўплайди, иккинчи тарафдан, сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади.
Луқмони Хаким ўғлига насихат қилиб: “Эй ўғлим Кўп ухлама, кўп ема! Ким кўп ухлаб, кўп еса қиёмат куни ҳисоб бериши оғир кечади ва ҳеч бир гўзал амали бўлмайди. Пайғамбаримиз биз умматларга шундай деб буюрдилар: “Тўйгинча еб–ичиб, қалбингизни ўлдирманг! Қалб ниҳолга ўхшайди. Ниҳолга кўп сув берилганда қандай сарғайиб сўлса ва ўсишдан тўхтаса, шунга ўхшаш қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади, бундай одамда тоза фикр ва инсоний фел – атворлар қолмайди”, — деган. Одам Ато билан Момо Ҳавво мева ҳирсининг касофатидан жаннатдан қувилиб, ҳорлик ва йўқлик майдонига ташландилар. Чунки аллоҳ таоло уларга жаннатдаги бир дарахт мевасидан ейишни тақиқлаган эди. Инсон нафси бу тақиқни кўтара олмади, натижада муносиб жазосини олди. Аллоҳ жонзотларни уч тоифада яратган: Бири фаришталар бўлиб, Аллоҳ уларга фақат ақл берган,лекин нафс бермади. Демак фаришталарда гуноҳ қилишга мойиллик йўқлиги уларда нафс номли душманни бермади. Иккинчиси ҳайвонлардир, Аллоҳ уларга биз тушинган маънода ақл бермади,фақатгина нафс берди халос. Учинчиси инсонлардир Аллоҳ уларга ҳам ақл, ҳам нафс ато этди. Шундай экан, кимнингки нафси ақлидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ буюрганидек яшаса, у фаришталар мартабасига кўтарилади. Нафсининг истак-ҳоҳишига буйсинган одам, агар ҳукмдор бўлса, қул ҳолига тушади. Нафсининг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса қул бўлса ҳам, ҳукмдордир. Шунинг учун хам Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай дедилар: “Шайтон инсоннинг қон томирларида айланиб юради. Унинг йўлини очлик билан тусинг. Қиёмат куни Аллоҳга муқарраб бандалар кўпрок оч ва ташна юрганлардир”. Бир куни шайтондан сўрашибди: “Сен инсонларни қандай мағлуб этиб, йўлдан оздирасан?” Шайтон бундай жавоб берди: “Мен инсон ғазабланганда ва ҳавойи нафсга берилганида унинг ёқасидан тутаман.
Аллоҳ азза ва жалла деди: “(Эй Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб,кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир, (бундан) эслатма олмайсизларми?!”. (Жосия, 23) .
Ибн Аббос (р,а) дерки: “Икки фикр орасида иккиланиб қолган пайтингда сен ўзингга ёқимлироқ кўринганидан воз кеч, ёқмай турганига кўпроқ ёпиш”. Бу сўзни бундай изоҳлаш мумкин: “Енгилроқ ишлар нафс учун осон туюлиб, заҳматсиз бўлади. Жиддийлари эса қийин кўриниб заҳматлидир. Шу сабабдан нафс уларни бажаришда танбаллик қилади”. Агар барча гўзал феъл- атворларга эга ва Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишни истасанг, гуноҳлар уяси бўлмиш ҳавойи нафсингга қарши чиқ. Ҳавойи нафс энг қўрқинчли душман, энг тубан борлиқдир. Барча фитналарнинг энг каттаси ундадир. Ақлинг бўлса, ҳавойи нафсингга қаршилик қил, унинг орзусига хилоф нарсаларга итоат эт. Аллоҳ барчамизни нафсига ғолиб келадиган бандаларидан бўлишни насиб айласин.
Бозоров Абдиғани
Хожа Бухорий ислом билим юртининг
тафсир фани ўқитувчиси
