Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилайлик

29

2023 йил 15 сентябрь куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилайлик” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда билим юрти мудири Ўткир Ғузаров кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни тадбир мавзуси ва таклиф этилган меҳмонлар билан таништирди. Шундан сўнг Ў.Ғузаров мавзу юзасидан шундай деди: Халқимиз оловга бежиз тилсиз ёв, деб таъриф бермаган. Кўпинча кексалар дуога қўл очишганда “Ўт балосидан, сув балосидан ва туҳмат балосидан ўзинг сақла” дейишади.
Дарҳақиқат, турмушда ёнғин ҳар доим кўнгилсиз воқеаларга сабаб бўлган. Мамлакатимизда корхона, ташкилот ва муассасаларда ёнғин муҳофазасини ташкил этиш ҳамда объектлардаги ёнғинга қарши ҳолатни таъминлаш уларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилган. Ҳар бир жамоада раҳбарнинг буйруғи билан бу ишга масъул бўлган шахс белгиланиб, уларнинг фаолияти назорат қилиб борилади.
Тадбир давомида Ў.Ғузаров сўз навбатини Китоб тумани ФВ бўлими тезкор бо`линмаси бошлиг`и капитани Акмал Абдурашидовга берди: А.Абдурашидов сўзга чиқиб шундай деди: Инсон тарихи, тараққиёти у ёки бу маънода олов билан бевосита боғлиқ. Оловнинг фойдали жиҳатлари билан, афсуски, вайроналик, ташвиш ва мусибат келтирувчи қудрати ҳам бор. Мабодо ўз уйингизда ёки қўшнингизнинг уйида ёнғин юз берса, дарҳол ёнғин хавфсизлиги хизматининг – “101” рақамли телефонига қўнғироқ қилинг. Ёнғин — кўнгилсизлик, фалокат дегани. Аммо ҳамма ҳам фалокат юз берганда нима қилишни билавермайди. Айримлар саросимага тушганидан ёнғин хавфсизлиги телефон рақамини ҳам унутиб қўйишади.
Мазкур ойликда талабалардан электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмаларини доимий назорат қилиб бориш ва улардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш юзасидан маъруза қилди.

Тадбир якунида А.Абдурашидов маърузани шундай давои эттирди: Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият ёнғинлар фуқароларнинг турар жойларида содир бўлиб, ёнғинларнинг сабаблари ҳам кўпинча бир-бирига ўхшаш, яъни электр ўтказгич ҳамда уйлардаги мўриконларнинг носозлиги, коммуникация воситаларининг эскириб қолганлиги, фуқароларнинг белгиланмаган жойларда тамаки чекиши, очиқ оловдан фойдаланиши, газни ёқилган ҳолда қолдириш, болаларни назоратсиз қолдирилиши оқибатида келиб чиқиши кузатилмоқда.


Ёнғин вақтидаги ҳаракат: Оқилона ва ўйлаб тез ҳаракат қилинг. Ўт ўчириш хизматига хабар беринг ва ёнғинни мавжуд воситалар ёрдамида ўчиришга киришинг. Газ ва электр манбаини ўчиринг. Одамлар ва ҳайвонларни қутқаришга ҳаракат қилинг. Агар одамнинг кийимлари ёнаётган бўлса, устига қалин мато ташлаб, ерга ётқизиб думалатинг. Тутунли хонада ерга эгилиб ҳаракат қилинг. Аксарият ҳолларда одамлар оловдан эмас, заҳарли тутундан зарар кўришлари мумкин. Эшик ва деразаларни очманг, ёнғин кучайиб кетиши мумкин. Ёнаётган бинодан тезликда чиқиб кетинг, устингизга намланган чойшаб ташлаб олинг. Электр асбобларидан чиққан ёнғинни ўчиришда, аввал уни ток манбаидан узиб қўйинг.