Қалбимизда мангу яшар буюк сиймолар

17

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб “Қалбимизда мангу яшар буюк сиймолар” деб номланган маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди. Уни билим юрти мудири Ўткир Ғузаров кириш сўзи билан очди.
Бетакрор шоир, заковатли олим ва таржимон, донишманд тарихчи, йирик давлат ва маданият арбоби, моҳир саркарда. Ўзининг 47 йиллик ҳаёти давомида асрлар оша дунёни ҳайратга солиб келаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлди.
Адиб ижодининг сарчашмаси ҳисобланган мемуар асар “Бобурнома”, нафақат миллий адабиётимизнинг ноёб дурдоналаридан, шунингдек жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан бири саналади.
“Бобурнома”нинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, ўша даврда адабиётимизда наср жанрида яратилган йирик асарлардан бири сифатида ҳам муҳим ўрин тутади.Ушбу қомусий китоб 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Бобур ва бобурийлар сулоласига оид бебаҳо манбаалар жаҳоннинг 70 дан ортиқ музейларида сақланяпти.
Шоир ҳаётининг муайян йиллари билан боғлик бўлган, бизгача сақланиб қолган лирикаси сони 400 дан ортиқни ташкил қилади. Шунинг 119 таси ғазал, 231 таси рубоий. Қолганлари туюқ, маснавий, қитъа сингари қатор жанрларда.
Бўлиб ўтган тадбирда талабалар томонидан Бобур шеърияти асосида яратилган ғазалларидан намуналар ўқилди ҳамда саҳна кўриниши тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Матбуот хизмати