Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди

25

Оила қуриб, биргаликда оилавий ҳаёт кечираётган келин-куёвлар Аллоҳ таолодан солиҳ ва соғлом фарзанд тилаб дуода бўлишлари жуда ҳам муҳимдир. Бу ишни Аллоҳ таолонинг набийлари қилгандир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

“Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: “Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан”, деди” (38-оят).

Аллоҳ таоло лутфу карам кўрсатиб, бола ҳомила шаклида пайдо бўлганидан кейин ҳам ота-онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттиришлари зарур. Зотан, бу иш Одам ота ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолгандир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

“У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топиши учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики, у (жуфтини) ўраганида, енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса икковлон Робблари Аллоҳга: “Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўлажакмиз”, деб дуо қилдилар” (189-оят).

Вақт ўтган сайин ҳомила катталашиб бориб, она оғирлашади. Туғиш вақти яқинлашганда отада ҳам, онада ҳам фитрий-табиий ҳис-туйғулар ошади, уларда орзу-умид пайдо бўлиб, фарзандларининг соғ-саломат, тўла-тўкис ва аҳли солиҳлардан бўлишини орзу қиладилар. Шунингдек, уларда онанинг эсон-омон қутулиб олиши ҳақида ҳадиклари ҳам бор. Ҳар қандай орзу-умид паллаларида инсон Аллоҳга илтижо қилади. Ота-онада эса ҳам орзу-умид, ҳам ҳадик бор. Шунинг учун ҳам улар: “Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз”, деб дуо қилишлари матлубдир.

Ушбу ҳомила давридаги ва олдин айтиб ўтилган ундан аввалги даврдаги ота-онанинг Аллоҳ таолога қиладиган илтижолари ва дуоларининг фойдаси ниҳоятда кўп ва зарур эканини замонавий илм ҳам тасдиқлади.

Ирсиятни ўрганувчи олимлар илмий тадқиқотлар ўтказиб, одамларнинг нима учун борган сари беоқибат, бераҳм бўлиб кетаётгани, оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб бораётганининг сабабини топганларини эълон қилишди. Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг асосий сабаби ота-оналар томонидан исталмаган фарзандларнинг дунёга келиши экан.

Бу эса беоқибат инсонлар асосан зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ота-оналардан туғилади, деганидир. Ота-онанинг фарзанд кўришни истамай тургандаги руҳий ҳолати улардан пайдо бўлган ҳомилага ўтиши турган гап. Ота-онаси туғилишини истамаган фарзанд онасининг қорнида туриб, уларнинг салбий руҳиятидан салбий таъсир олиши ҳам турган гап. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотларида келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ ва соғлом фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари лозимлиги таъкидланади.

«Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп насиҳатлари бор. Уларда, энг олдин, болаларда шакллантирилиши керак бўлган яхши хислатлар бундай баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тилни (бўҳтон, чақимчилик, ғийбат кабилардан) тийиш, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо. Шу билан бирга, фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тама қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади. Руҳан тетик ва ахлоқли фарзанд илоҳий неъматдир. Фарзанди баркамол инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она, уни авваламбор соғлом эътиқод асосида тарбиялаши керак. Зеро, тўғри ва соғлом эътиқод дин асосидир. Ақидаси мустаҳкам шаклланган бола ҳеч қачон адашмайди, тўғри эътиқоддан чалғимайди. Модомики, ақидаси бидъат­хурофот ва нотўғри тушунчалардан холи бўлар экан, уни ҳеч ким адаштира олмайди, ўзига қарам қилолмайди. Эътиқод динимиз негизи, ҳаётимиз пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришимиз лозим. Демак, ишончи ўзгарган одамнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзгарар экан. Энди у ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди. Ҳазрат Мирзо Бедил айтадилар:

Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор,

     Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.

Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари бундай деганлар:

Ақида билмаган шайтонга элдир,

  Агар минг йил ибодат қилса елдир.

Шу боис динни мустаҳкам эътиқод асосида ўрганиш доимо долзарб масалалардан бўлиб келган. Шу эътибордан ота-оналар фарзанд тарбиясида унинг эътиқодига алоҳида эътибор беришлари зарур. Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин.

Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир. Бу борада Абдурауф Фитрат бундай ёзади: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Яхши тарбия инсоннинг бахту иқболи омилидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, кўпинча у шаклланади”.

Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашганида, у зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан ниҳолларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. У ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб яхши ҳосил бермайди. Оқибатда, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда тегади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع

“Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа­ беришидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда бундай келади:

ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن

“Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Ота-она тажрибали табибнинг беморга нисбатан қилган муносабати каби бўлишлари керак. Албатта, солиҳ фарзандлар  ўз-ўзидан вояга етмайди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди. Болалар тарбиясига бепарво бўлмаслик керак. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, улар ёмон кишиларга аралашиб қолишлари мумкин. Хулоса қилиб айтганда, бола қалби оппоқ (турли ёзув ёзиш мумкин бўлган) қоғозга ўхшайди. Унга имкон қадар яхши ёзувлар тушириш керак. Фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишишлари учун улар тарбиясига чин ихлос билан киришиб, бор имкониятларни ишга солишимиз зарур.

Буюк юртдошимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст тутинади”.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

 Асқаров Акбархон