Дунё ўткинчи, охират эса абадийдир

45

Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сизу биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).

Дарҳақиқат, умримизнинг бир қисми бўлмиш ўтказган бу йилимизда қанчалик хайрли ва савобли ишларни қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганлигимиз энди, охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамду лиллаҳ, аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Зеро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач камчиликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди.

Умрни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар, саҳобалардан асарлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Шундан сўнг Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қилаолмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди.. (Имом Бухорий ривояти).

Мўмин киши дунёнинг ўткинчилигини, охират ҳаётининг абадий эканлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги, айни пайтда Аллоҳ таоло берган умрини дунё ва охирати учун фойдали бўлган амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи, дунёнинг ёлғончи ҳою-ҳавасларига алданиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан ўтказишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётган омиллардан бири уларнинг охират кунида бўладиган воқеъликларни тафаккур қилмасликлари, қилаётган жиноятларининг оқибати дунё-ю охиратда уларга фойда бермаслиги, аксинча бу амаллар уларга хасрат ва надомат бўлишлини англамаётганидандир.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласидир. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар-бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда раҳбарлари буйруғига итоат қиладиган, иродали, иймонли, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, ўз динига ҳимматли, халқига фидокор, юрт манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи, инсон бўлиши мумкин.

 

Авазов Асадбек

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти 2 курс талабаси