ФИТНАЛАР ЗАМОНИДА ИЙМОН МУҲОФАЗАСИ

72

Инсоннинг бу дунёда динининг соғлом бўлиши унинг охиратдаги бахти ва нажотидир. Мусулмоннинг энг катта сармояси унинг динидир. Кимки уни эътиборсиз қолдирса, фитналарга рўбарў қилса у зиёнга учрайди ва ҳалокатга юз тутади. Аммо ким уни асраса, мустаҳкамласа ва парвариш қилса у албатта ютуққа эришади.

Шу боис Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар: «Эй Аллоҳ! Динимни ислоҳ қилгин у менинг барча ишларимнинг ҳимоячисидир. Дунёмни ҳам ислоҳ қилгин унда менинг тирикчилигим бор. Охиратимни ҳам ислоҳ қилгин унга қайтаман. Ҳаётимни ҳар бир яхшиликка зиёда қилгин, ўлимни эса ҳар бир ёмонликдан халослик қилгин». Имом Муслим ривояти.

Имом Муновий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дин — инсоннинг барча ишларини асрайдиган қалқондир. Агар дин бузилса, барча ишлар ҳам издан чиқади, инсон дунё ва охиратда зиён кўради.”

Аллоҳнинг тавфиқи билан мусулмон ўз динини фитналардан ҳимоя қила олади. Бунинг учун солиҳ мўминлар юрган йўлдан юриш лозим. Шу жумладан, бузуқ муҳитдан узоқлашиш тавсия этилади.

  1. Диний ва ахлоқий бузилиш ҳукм сурган жойлардан узоқ бўлиш керак. Фосиқлар билан аралашмаслик, иймонга зарар етказадиган муҳитдан чиқиш, динни сақлашнинг муҳим йўлидир. Чунки инсон яшаган муҳити унинг қалбига таъсир қилади.

Кўплаб инсонлар борки, улар нотўғри муҳит таъсирида динидан қайтган, дунё манфаати учун иймонини сотган. Шунингдек, мусулмонлар ўртасидаги жанжал ва фитналарга аралашиш ҳам инсонга зарар келтиради. Чунки фитналарга аралашган инсоннинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди.

  1. Фарз ибодатларни адо этиш, гуноҳлардан сақланиш иймонни мустаҳкамлайди. Айниқса, намоз инсонни фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирганлар: «Фитналар қоронғу тун каби келади. Инсон бир кунда иймонли бўлиб, кейин куфрга кетиши мумкин. Сабаби у динини дунё манфаатига алмаштиради.»

Дунё фақат вақтинчалик лаззатдир. Мол, мансаб ва шаҳват буларнинг барчаси ўткинчидир.

  1. Дуо қилиш. Аллоҳдан ҳидоят ва собитлик сўраш энг катта ҳимоядир. Ҳар намозда ўқиладиган: «Бизга тўғри йўлни кўрсат» деган дуо, мўминнинг доимий илтижосидир.
  2. Ёмон дўстлардан узоқлашиш. пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон ўз дўстининг динидадир. Ким билан дўстлашаётганига қарасин», дедилар. Ёмон дўст инсонни секин-аста бузуқликка етаклайди. Шунинг учун инсон дини ва ахлоқи яхши бўлганлар билан дўстлашиши лозим.

Шаръий илм олиш. Илм-фитналарга қарши қалқондир. Жаҳолат инсонни адаштиради. Илмли инсон ҳақни танийди ва унга амал қилади. Агар инсон фитнага тушиб қолса, дарҳол тавба қилиб, ундан чиқсин ва муҳитини ўзгартирсин. Аллоҳдан ихлос билан ёрдам сўрасин. Яхши амалларни кўпайтирсин. Аллоҳ таоло айтган: «Албатта, яхши амаллар ёмонликларни ўчиради» Ҳуд сураси, 114-оят

Инсон боғбонга ўхшайди. Боғда фақат яхши ўсимликларни суғориш етарли эмас, агар бегона ўтларни ўз вақтида юлиб ташламаса, улар бутун боғни эгаллаб олади. Нафсдаги заифликлар ҳам худди шу бегона ўтлар каби,  уларни таниб, вақтида чора кўрилмаса, бутун қалбни эгаллаб олиши мумкин.

Шунинг учун асосий масала ўзингни тўғри таниш ва заиф нуқтангга мос даво топишдир.

Хулоса шуки, мўминнинг энг катта бойлиги унинг динидир. Уни асраш ҳаётнинг энг муҳим вазифасидир. Фитналардан қочган, иймонини мустаҳкамлаган ва Аллоҳга суянган инсон ҳақиқий нажот топгувчидир.

Ўткир Маҳмудов

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси