ЎЗБЕКИСТОНДАТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМГА ЭРИШИШ: МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШНИНГ ЗАМИН АСОСЛАРИ

26

Бердиева Нилуфар Ахатовна

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи, магистр

Тел: +998(97)950-61-14

Аннотация.

Мазкур илмий мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабридаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар асосида таълим тизимини модернизация қилиш ва сифатли таълимга эришиш масалалари чуқур таҳлил қилинган. Мақолада Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантиришда таълимнинг ўрни, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ҳал қилиш йўллари батафсил ёритилган.

Калит сўзлар: таълим сифати, педагогик кадрлар, мактабгача таълим, олий таълим, рақамлаштириш, PISA, TIMSS, инновацион таълим, муҳандислик мактаблари, Абдулла Авлоний стипендияси.

КИРИШ

XXI аср – билим асрида мамлакатларнинг глобал рақобатдошлиги, биринчи навбатда, таълим тизимининг самарадорлиги ва сифати билан белгиланади. Барқарор тараққиётнинг замини – малакали кадрлар, уларнинг эса шаклланишида таълим етакчи ўринни эгаллайди. Айнан шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таълим тизимини ривожлантириш ва модернизация қилишга алоҳида урғу берди.

Президентнинг Мурожаатномасида қайд этилишича, 2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинди. Бу борада таълим тизимининг барча бўғинларини – мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача – замонавий талабларга мос равишда янада такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Сўнгги тўққиз йил мобайнида Ўзбекистон таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Янги мактаблар, боғчалар қурилди, таълим дастурлари замонавийлаштирилди, педагог кадрлар малакасини ошириш тизими тубдан қайта қурилди. Бироқ, жаҳон таълим тизимларининг тез ривожланиши, технологик трансформация жараёнлари, ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлик талаби Ўзбекистон таълим тизимини янада юқори сифат даражасига кўтаришни тақозо этмоқда.

         Таълим тизимини ривожлантиришнинг назарий-методологик асослари. Замонавий таълим назариясида таълимга иккита асосий ёндашув мавжуд: анъанавий (билим бериш йўналган) ва компетенцияга асосланган (кўникма ва малака шакллантиришга йўналган) ёндашувлар. Ҳозирги кунда жаҳон таълим тизимлари компетенцияга асосланган ёндашувга ўтиб бормоқда.

Компетенцияга асосланган таълим модели қуйидаги тамойилларга асосланади: ўқувчи фаолияти марказида турувчи таълим, амалий кўникмаларни шакллантиришга устуворлик бериш, танқидий фикрлаш ва муаммоли вазиятларни ҳал этиш қобилиятини ривожлантириш, ҳаётий вазиятларда билимларни қўллаш малакасини шакллантириш, рақамли саводхонлик ва технологик компетенцияларни ривожлантириш.

Халқаро тажрибалар шуни кўрсатадики, муваффаққиятли таълим тизимлари қуйидаги хусусиятларга эга: педагог кадрларнинг юқори малакаси ва ижтимоий мақоми, замонавий ўқув дастурлари ва баҳолаш тизими, таълим муассасаларининг мустақиллиги ва жавобгарлиги, ота-оналарнинг таълим жараёнига фаол иштироки, инновацион технологияларнинг кенг қўлланилиши.

Таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартлари. Таълим сифатини халқаро миқёсда баҳолашда бир нечта дастурлар қўлланилади:

PISA (Programme for International Student Assessment) – 15 ёшли ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлигини баҳолайдиган, ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган халқаро дастур. PISA ўқувчиларнинг реал ҳаётда билимларни қўллай олиш қобилиятини баҳолайди.

TIMSS (Trends in International Mathematics and Science Study) – 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлардан билимини баҳолайдиган халқаро тадқиқот. TIMSS академик билимларни ўлчайди.

PIRLS (Progress in International Reading Literacy Study) – 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиб тушуниш даражасини баҳолайдиган дастур.

TALIS (Teaching and Learning International Survey) – ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларининг ишлаш шароитлари, таълим бериш амалиёти ва малака ошириш имкониятларини ўрганувчи тадқиқот.

Ўзбекистон таълим тизимининг ҳозирги ҳолати: ютуқлар ва муаммолар. Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, 2017 йилдан буён Ўзбекистон таълим тизимида қуйидаги муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Мактабгача таълим соҳасида: 2025 йилга келиб мактабгача таълим муассасалари сони сезиларли даражада ортди, «Янги авлод» боғчалар тармоғини ташкил этиш бошланди, янги кўп қаватли уйлар қурилишида аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти бўлиши талаб қилинди, мактабгача таълим қамрови 80% дан паст бўлган ҳудудларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланди, боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилди.

Умумий ўрта таълим соҳасида: мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 баробар ошди, 2025 йилда 310 минг нафар ёшлар талаба бўлди, уларнинг қарийб ярми қизлардир, 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Муҳандислик мактабларига болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинмоқда. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади.

Олий таълим соҳасида: педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилди. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади ва миқдори 1,4 млн сўмни ташкил этади. Стипендия ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундашга қаратилган. Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиш ва Ўзбекистон Миллий педагогика университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда. «Келажак ўқитувчилари» лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Олий таълим муассасаларида тутор[1] тизими жорий этилмоқда. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали иқтидорли талабаларнинг хорижда таҳсил олиши қўллаб-қувватланмоқда.

Таълимни рақамлаштириш жараёни. Президентнинг 2025 йил 1 июлдаги йиғилишида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар муҳокама қилинди. IT-парк резидентлари сони 2800 дан ошди, хорижий компаниялар 752 тага етди, IT соҳада 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топяпти. Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди. Барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилди. 2025 йилда IT-соҳа экспорти 20% ўсди, тушумлар 1,4 баробар кўпайди.

Таълим соҳасида рақамлаштириш қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади: таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳаларда «Рақамли ҳукумат» босқичига ўтиш, давлат хизматларини рақамлаштириш 70 фоизга етказиш, сунъий интеллект технологияларини таълим жараёнига жорий этиш, «Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасини амалга ошириш, 2026 йилда 4 та дата-марказ, 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш.

Халқаро баҳолаш дастурларида иштироки. Таълим сифатини баҳолашнинг халқаро усуллари жорий этилмоқда. 2025 йилда PISA халқаро дастури доирасида 233 та мактабнинг 9 минг нафар 15 ёшли ўқувчисининг билими синовдан ўтказилди. Ўзбекистон PIRLS тадқиқотида ҳам илк маротаба иштирок етди. «Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да PISA ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг биринчи 30 та илғор мамлакатлар қаторига кириши кўзда тутилган.

Мавжуд муаммолар ва чегараловчи омиллар. Эришилган ютуқларга қарамасдан, таълим тизимида бир қатор муаммолар мавжуд. Биринчидан, педагогик кадрларга оид муаммолар: педагогик йўналишга эга 15 та давлат ва 61 та нодавлат олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти атиги 40% ни ташкил этади, кадрлар тайёрлаш йўналишларининг аксарияти ижтимоий йўналишларга тўғри келади, аниқ ва табиий фанлар бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш паст даражада, талабаларнинг 40% и сиртқи шаклда ўқийди, ўқитувчилик касбининг ижтимоий мақоми ва молиявий жозибадорлиги ошириш зарур.

Иккинчидан, инфратузилма муаммолари: мамлакатда 2 минг мактаб юқори юкламада ишламоқда, аҳоли ўсиши ҳисобига мактабларга эҳтиёж ортиб бормоқда, барча мактаблар замонавий жиҳозлар ва лабораториялар билан таъминланмаган, инклюзив таълим учун махсус шароитлар етарли эмас.

Учинчидан, таълим мазмуни ва дастурларига оид муаммолар: ўқув дастурларининг меҳнат бозори талаблари билан мос келмаслиги, назарий билимларга устуворлик, амалий кўникмалар етишмовчилиги, креатив фикрлаш ва танқидий тафаккурни ривожлантиришга етарли эътибор берилмаслиги, баҳолаш тизимининг замонавий талабларга тўлиқ мос келмаслиги.

Тўртинчидан, маънавий-тарбиявий ишлар тизимидаги камчиликлар: маънавий-тарбиявий ишлар таълимнинг бир қисми бўлса-да, таълим муассасаларида бундай тадбирларга турлича ёндашилади, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришда яхлит тизим йўқ, болаларга хавфсиз ахборот муҳитини яратиш ва миллий контентларни кўпайтириш борасида қилинадиган ишлар етарли эмас.

Таълим тизимини модернизация қилишнинг устувор йўналишлари. Президент Мурожаатномасида мактабгача таълимни янада ривожлантириш бўйича қуйидаги вазифалар белгиланди. «Янги авлод» боғчалар тармоғини кенгайтириш: замонавий меъёрларга мос боғчалар қуриш, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида янги боғчалар қуриш.

Кадрлар малакасини ошириш: боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим тизимини жорий этиш, замонавий педагогик технологияларни ўргатиш, мутахассисларнинг узлуксиз малака ошириш тизимини йўлга қўйиш.

Мактабгача таълим қамровини ошириш: қамров 80% дан паст бўлган ҳудудларда махсус дастурлар амалга ошириш, хусусий секторни рағбатлантириш, қишлоқ жойларида мактабгача таълим шароитларини яхшилаш.

Умумий ўрта таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш. Умумий ўрта таълим соҳасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Муҳандислик-техник йўналишни ривожлантириш: 14 та ҳудудда муҳандислик мактабларини фаолиятга киритиш, STEM таълим моделини кенгайтириш, замонавий лабораториялар ва ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танловини ташкил этиш.

Педагогик таълим кластерларини яратиш: мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш, Андижон ва Бухоро шаҳарларида тажриба-синов тариқасида кластерлар барпо этиш, таълимнинг барча босқичлари ўртасида узвий боғланишни таъминлаш.

Президент мактаблари тажрибасини оммалаштириш: яна 1000 та умумтаълим муассасасида Президент мактаблари баҳолаш тизимини жорий этиш, мазкур мактабларни таъмирлаш ва зарур даражада жиҳозлаш, илғор педагогик технологияларни тарқатиш.

Таълим инфратузилмасини кенгайтириш: 2025 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 112 минг янги ўқувчи ўрнини ташкил этиш, Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилиб, 58 та замонавий мактаб қуриш, 2431 та янги ўқув хоналарини яратиш, инклюзив муҳит, лаборатория жиҳозлари, мебель ва рақамли инфратузилма билан таъминлаш.

Маънавий-маърифий тизимни такомиллаштириш: болалар боғчасидан олий таълимгача қамраб олган ягона миллий ғоя концепциясини жорий этиш, маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий режасини ишлаб чиқиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш тизимини яратиш, миллий контентларни кўпайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш.

Олий таълимни ислоҳ қилиш ва педагог кадрлар тайёрлаш. Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар. Педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан қайта қуриш: Тошкент давлат педагогика университетини Ўзбекистон Миллий педагогика университетига трансформация қилиш, педагогика олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини 40% дан 70% га кўтариш, аниқ ва табиий фанлар бўйича ўқитувчилар тайёрлашни кучайтириш, сиртқи таълим шаклини босқичма-босқич масофавий ва узайтирилган таълим шакли билан алмаштириш.

Педагогларни рағбатлантириш тизимини яратиш: Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, педагог кадрларнинг иш ҳақини доимий равишда ошириб бориш, она тили ва адабиёт, тарих фанларидан тегишли сертификатга эга ўқитувчиларга тариф ставкасига нисбатан 50% қўшимча устама тўлаш, ўқитувчиларнинг ижтимоий мақомини ошириш.

«Келажак ўқитувчилари» лойиҳасини амалга ошириш: иқтидорли ёшларни педагогик касбга жалб қилиш, ҳар йили 500 нафар педагог мутахассисни хорижий олийгоҳларда ўқитиш, замонавий педагогик технологияларни ўргатиш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш.

Олий таълимда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш: «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали иқтидорли талабаларнинг хорижда таҳсил олишини қўллаб-қувватлаш, топ-100 олийгоҳларга қабул қилинган номзодларга грант асосида таҳсил имкониятини яратиш, топ-300 олийгоҳларга қабул қилинган номзодларга транспорт ва турар жой харажатларини қоплаш, хорижда таҳсил олган мутахассисларнинг Ўзбекистонга қайтишини рағбатлантириш.

Таълимни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар. Рақамли инфратузилмани ривожлантириш: 2026 йилда 4 та дата-марказ ва 2 та супер-компьютер фаолиятини йўлга қўйиш, 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш, таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернетга улаш, рақамли дарсликлар ва ўқув материалларини яратиш.

«Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасини амалга ошириш: кенг аҳоли қатламларини сунъий интеллект технологиялари билан таништириш, мутахассислар тайёрлаш, сунъий интеллект саводхонлигини ошириш дастурларини амалга ошириш, педагогларнинг рақамли компетенцияларини ривожлантириш.

Электрон таълим платформаларини ривожлантириш: масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш, интерактив ўқув курсларини яратиш, онлайн баҳолаш тизимларини жорий этиш, виртуал лабораториялар ва симуляторлардан фойдаланиш.

Таълим сифатини ошириш механизмлари ва самарадорликни баҳолаш. Ўқув дастурларини замонавий талабларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар. Компетенцияга асосланган ёндашувга ўтиш: янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, амалий кўникмаларга устуворлик бериш, лойиҳавий таълим усулларини кенгайтириш, барқарор компетенцияга асосланган таълим тизимини яратиш.

Меҳнат бозори талабларини ҳисобга олиш: иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талабини ўрганиш, корхоналар билан ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, дуал таълим тизимини кенгайтириш, талабаларнинг амалий тажриба ўташ имкониятларини кўпайтириш.

STEM таълимини ривожлантириш: фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларида таълимни кучайтириш, муҳандислик мактабларида STEM моделини жорий этиш, фан олимпиадаларига тайёрлаш марказини ташкил этиш, халқаро фан олимпиадалари сонини 18 тадан 22 тага етказиш.

Баҳолаш тизимини такомиллаштириш. Таълим сифатини баҳолаш тизимидаги янгиликлар. Мактаблар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш: PISA, TIMSS ва PIRLS талаблари доирасида баҳолаш, 11-синф битирувчиларининг таълим тайёргарлик даражасини баҳолаш, 9-синф ўқувчиларининг билим даражасини ўлчаш, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушини ҳисобга олиш, ўқувчилар ва педагоглар билан ижтимоий сўров ўтказиш.

Халқаро тадқиқотларда фаол иштирок: 2025 йилда PISA дастурида 233 та мактаб, 9000 нафар ўқувчи иштирок этди, PIRLS тадқиқотида биринчи марта қатнашиш, TIMSS тадқиқотига тайёргарлик кўриш, TALIS дастурида педагогларнинг иштироки.

Миллий баҳолаш тизимини ривожлантириш: билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятини кучайтириш, миллий баҳолаш тизими орқали педагогларга сертификатлар бериш, давлат хизматлари платформасида талабаларнинг натижаларини мониторинг қилиш.

Инклюзив таълимни ривожлантириш. Ислом тараққиёт банки SmartED дастури доирасида GPE компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун 160,25 миллион доллар ажратилди. Лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади: инклюзив муҳит, лаборатория жиҳозлари, мебель ва рақамли инфратузилмага эга 58 та замонавий мактаб қуриш, барча талабалар учун тенг имкониятларни таъминлайдиган инклюзив таълим моделларини амалга ошириш, махсус эҳтиёжли болалар учун мослаштирилган ўқув дастурлари яратиш, инклюзив таълим бўйича педагогларни тайёрлаш.

Таълим ислоҳотларининг кутилаётган натижалари ва ижтимоий-иқтисодий таъсири. 2030 йилга қадар эришилиши режалаштирилган асосий натижалар. Мактабгача таълим: мактабгача таълим қамровини 90% га етказиш, барча ҳудудларда замонавий «Янги авлод» боғчаларини очиш, мактабгача таълим сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш.

Умумий ўрта таълим: PISA рейтингида дунёнинг биринчи 30 та илғор мамлакатлари қаторига кириш, TIMSS ва PIRLS тадқиқотларида юқори натижаларга эришиш, барча мактабларни замонавий лаборатория ва жиҳозлар билан таъминлаш, муҳандислик мактаблари тармоғини кенгайтириш.

Олий таълим: педагог кадрларнинг илмий салоҳиятини 70% га кўтариш, халқаро рейтингларда Ўзбекистон олийгоҳларининг мавқеини мустаҳкамлаш, ҳар йили 1000 нафар талабани хорижда таҳсил олишини таъминлаш, олий таълим муассасалари ва корхоналар ўртасида кластерлар яратиш.

Иқтисодий самарадорлик. Таълим тизимини ривожлантириш иқтисодиётга қуйидаги таъсир кўрсатади. Инсон капиталини ошириш: малакали кадрлар сони ортади, меҳнат унумдорлиги юқори бўлган мутахассислар тайёрланади, инновацион иқтисодиёт учун зарур кадрлар базаси яратилади.

Меҳнат бозорига мос кадрлар: талабгорлар ва таклифлар ўртасидаги номувофиқлик камаяди, ёшлар бандлиги ошади, юқори малакали иш ўринлари сони кўпаяди.

Илмий-тадқиқот фаолиятининг ривожланиши: илмий тадқиқотлар сони ва сифати ошади, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, технология трансфери жадаллашади.

Ижтимоий таъсир. Таълим ислоҳотларининг ижтимоий натижалари. Ижтимоий лифтларнинг фаоллашуви: қишлоқ жойларидан иқтидорли болаларнинг юқори сифатли таълим олиш имкониятлари ортади, кам таъминланган оилалар фарзандларига стипендиялар тизими орқали қўллаб-қувватлаш кучаяди, инклюзив таълим барча болаларга тенг имкониятлар яратади.

Халқ маънавиятини юксалтириш: ягона миллий ғоя концепцияси орқали ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларга садоқат шакллантириш, глобаллашув шароитида миллий ўзликни сақлаш.

Жамиятни демократлаштириш: сифатли таълим фуқароларнинг онгини ошириш воситаси, танқидий фикрлаш қобилиятига эга фуқаролар шаклланади, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг юксалиши.

Таълим тизимини такомиллаштиришда душ келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари. Таълим соҳасига ажратиладиган маблағлар ортиб бораётган бўлса-да, барча эҳтиёжларни қондириш учун етарли эмас. Шунга кўра, давлат бюджетидан таълимга ажратиладиган улушни доимий ошириб бориш, хорижий грантлар ва кредитларни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, хусусий секторнинг таълимга инвестицияларини рағбатлантириш, таълим муассасаларининг қўшимча даромад олиш манбаларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

Педагог кадрларнинг малакаси ва етишмовчилиги. Педагог кадрларнинг малакаси ва моддий-маънавий рағбатлантириш тизими янада такомиллаштиришни талаб қилади. Абдулла Авлоний стипендияси каби рағбатлантириш чораларини кенгайтириш, педагогларнинг иш ҳақини изчил ошириб бориш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш, хорижда малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, педагогик касбнинг ижтимоий мақомини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш, «Келажак ўқитувчилари» лойиҳаси орқали иқтидорли ёшларни жалб қилмоқда.

Таълим мазмуни ва усулларини янгилаш.  Ўқув дастурлари ва таълим усуллари замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Шунга кўра, компетенцияга асосланган ёндашувга тўлиқ ўтиш, ўқув дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида янгилаш, лойиҳавий ва муаммоли таълим усулларини кенгайтириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, STEM таълимини ривожлантириш, креатив фикрлаш ва танқидий тафаккурни шакллантиришга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.

2000 та мактаб юқори юкламада ишламоқда, аҳоли ўсиши ҳисобига эҳтиёж ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга таяниб, 2025 йилда 112000 янги ўқувчи ўрнини ташкил этиш, 58 та замонавий мактаб қуриш, 2431 та янги ўқув хонасини яратиш, мавжуд биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, барча мактабларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш орқали таълимда рақамли инфратузилмани ривожлантириш мумкин.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этишда педагоглар ва ўқувчиларнинг рақамли саводхонлиги етарли даражада эмас. Шу мақсадда, «Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасини амалга ошириш, 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияларини очиш, педагогларга рақамли компетенцияларни ўргатиш, барча таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернетга улаш, рақамли дарсликлар ва ўқув материалларини яратиш, электрон таълим платформаларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

ХУЛОСА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабридаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таълим тизимини модернизация қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу – Янги Ўзбекистон қиёфасини яратишда, мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда таълимнинг ҳал қилувчи ўрнини тан олишнинг яққол кўриниши ҳисобланади.

Сўнгги тўққиз йил ичида таълим соҳасида эришилган ютуқлар шубҳасиздир: мингларча янги мактаблар ва боғчалар қурилди, таълим дастурлари замонавийлаштирилди, педагог кадрларга эътибор кучайтирилди, рақамлаштириш жараёнлари жадаллашди. Жумладан, олий таълимга қамров 4 баробар ошди, IT-соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди, Ўзбекистон GovTech бўйича дунёнинг энг юқори гуруҳига чиқди.

Бироқ, глобал таълим тизимларининг тез ривожланиши, технологик революция ва халқаро рақобатнинг кучайиши Ўзбекистон таълим тизимини янада юқори сифат даражасига кўтаришни талаб қилмоқда. 2030 йилга қадар PISA рейтингида дунёнинг биринчи 30 та мамлакати қаторига кириш мақсадига эришиш учун тизимли ва узлуксиз ишлар олиб бориш зарур.

Бунинг учун қуйидаги асосий йўналишларда фаолият олиб бориш лозим.

Биринчидан, мактабгача таълимни янада ривожлантириш, «Янги авлод» боғчалар тармоғини кенгайтириш, қамровни 90% га етказиш;

Иккинчидан, умумий ўрта таълимда сифат инқилобини амалга ошириш: муҳандислик мактабларини ривожлантириш, STEM таълимини жорий этиш, мактаблар инфратузилмасини кучайтириш, инклюзив таълимни ташкил этиш;

Учинчидан, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг малакаси ва ижтимоий мақомини ошириш, Абдулла Авлоний стипендияси каби рағбатлантириш чораларини жорий этиш;

Тўртинчидан, таълимни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, «Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасини амалга ошириш;

Бешинчидан, таълим мазмунини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, компетенцияга асосланган ёндашувга ўтиш, дуал таълимни ривожлантириш;

Олтинчидан, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, иқтидорли талабаларнинг хорижда таҳсил олишини қўллаб-қувватлаш, «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини кучайтириш;

Еттинчидан, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, PISA, TIMSS, PIRLS тадқиқотларида фаол иштирок этиш.

Барча бу чора-тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш учун қуйидаги шартлар зарур: давлатнинг қатъий иродаси ва таълимни ҳақиқатан ҳам бош устувор йўналиш сифатида қўллаб-қувватлаши, молиявий ресурсларни доимий ошириб бориш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, педагог кадрларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, жамоатчилик, ота-оналар, хусусий секторнинг фаол иштироки, халқаро ҳамкорлик ва илғор тажрибалардан фойдаланиш, инновацион ёндашувлар ва рақамли технологияларни жорий этиш, таълим жараёнининг барча иштирокчилари томонидан масъулиятнинг ошиши.

Таълим тизимини модернизация қилиш – бу узоқ муддатли, мураккаб, бироқ мутлақо зарур жараён. Унинг натижаси фақат статистик кўрсаткичлар билан ўлчанмайди, балки келажак авлод билими, маънавияти, ватанпарварлиги ва инсонийлик фазилатлари билан белгиланади. 36 миллиондан ортиқ аҳолиси, жумладан, ҳар йили қарийб 900 минг янги авлод билан бойиб бораётган Ўзбекистон учун таълим соҳасидаги ислоҳотлар – миллий юксалишнинг замин асослари ҳисобланади. Биз бу йўлда қанча кўп меҳнат қилсак, сармоя киритсак, келажак авлодимиз шунча баркамол, билимли ва рақобатбардош бўлади.

Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган мақсадларга эришиш, 2030 йилга қадар Ўзбекистонни PISA рейтингида дунёнинг биринчи 30 та мамлакати қаторига киритиш – биз ҳаммамизнинг умумий вазифамиздир. Бу вазифани амалга ошириш учун давлат, жамият, педагоглар, ота-оналар ва ўқувчиларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари зарур. Биз бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, бу буюк мақсадга албатта эришамиз ва Янги Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаймиз.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Мирзиёев Ш.М. Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома. 26 декабрь 2025 йил.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида»ги 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-358-сон қарори.
  4. «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони.
  5. Муҳандислик мактаблари, Авлоний стипендияси ва «Янги авлод» боғча тармоғи — таълим ислоҳоти режалари. Gazeta.uz, 8 сентябрь 2025.
  6. Педагогика талабалари учун Абдулла Авлоний стипендияси таъсис этилди. Gazeta.uz, 11 сентябрь 2025.
  7. Президентга мактаб таълими сифатини яхшилаш чоралари ҳақида маълумот берилди. Gazeta.uz, 21 апрель 2025.
  8. “Сунъий интеллектдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди”. Президент бошқарувнинг янги рақамли моделига ўтилишини эълон қилди. Gazeta.uz, 26 декабрь 2025.
  9. Ўзбекистонда “Эл-юрт умиди” стипендияси жорий этилади. Gazeta.uz, 13 май 2025.
  10. «Рақамли ҳукумат» тизими таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳаларидан бошланади. Daryo.uz, 1 июль 2025.
  11. Ўзбекистон Республикасининг «Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» тўғрисида.
  12. Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси.
  13. Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси. Рейтинг ҳақида.
  14. Таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро тадқиқотлар. UzA, 13 ноябрь 2020.
  15. Таълим тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди. President.uz, 8 сентябрь 2025.
  16. OECD PISA Programme for International Student Assessment. Official methodology and framework documents, 2022-2025.
  17. IEA TIMSS & PIRLS International Study Center. Assessment frameworks and technical reports, 2023-2025.
  18. UNESCO. Education 2030: Incheon Declaration and Framework for Action for the implementation of Sustainable Development Goal 4. Paris: UNESCO, 2016.
  19. Шумпетер Й. Иқтисодий тараққиёт назарияси (таржима). – Т.: Иқтисодиёт, 2018.
  20. Халқаро тажриба: Сингапур, Финляндия, Жанубий Корея таълим тизимлари (таҳлилий материаллар). – Т.: Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси, 2024.

[1] «Тутор тизими» — бу узлуксиз тиббий таълим порталида жорий этилган ахборот тизими бўлиб, у тингловчиларнинг ўқиш жараёнини ва натижаларини мониторинг қилишга хизмат қилади.