ШУКУР ҚИЛИШ БАНДАНИНГ РИЗҚИ

33

Аввало биз “шукур”ни нима эканлигини билиб олишимиз керак бўлади. “Шукур” арабча сўз бўлиб “мақтамоқ”, “миннатдорчилик билдирмоқ” ва “раҳмат айтмоқ” деган маъноларни ўзида жамлайди. Демак, биз Аллоҳдан бўладими ёки унинг махлуқларидан бўладими фарқи йўқ бари бир Аллоҳдан миннатдор бўлиб ва унга мақтовлар ва миннатдорчиликлар билдиришимиз керак бўлади. Чунки ер ва осмондаги барча мулк Аллоҳники, ўша мулкни Худо ўзи берадими ёки бошқа инсонни сабаб қилиб берадими, қандай ҳолда бўлишидан қатъий назар бу мулк Аллоҳникидир.

Одам зурриёди бўлган инсониятнинг барча халқларига Аллоҳ ўзининг неъматларига шукур қилишлик таълимини берган Роббимизга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг неъматларига шукроналик фазилати ила хулқланган ва бу фазилатни бутун умматларига ўргатган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар бўлсин. Яратган мавжудодлар ичида фақатгина инсон тоифасигагина вожиб бўлган амал шукурдир, бу олий неъматдаги амал қалбнинг шукр қилишидир.

Қалбни шукри деганда шуни тушуниш керакки – банда барча неъматларни фақатгина Аллоҳдан эканлигини эътироф этишлигидир. Демак ер ва осмон аҳлларига бериладиган неъматларнинг барчаси Аллоҳдандир. Бу борада Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг Ўзи Наҳл сурасининг 53 – оятида шундай марҳамат қилади:  “Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?”   Мўмин банда – Аллоҳ берган неъматларни қалбида тасаввур қилиб, аъзоларида уни зоҳир қилиб унутмаслиги лозим бўлади. Роббимизнинг гўзал исмларидан бири “аш-Шакур” яъни кўп шукр қилувчи бўлиб, У Зот қилинган битта яхшиликка ўнтадан етти юз баробаргача, ҳаттоки ундан кўпроқ ҳам савоб беради.

Демак, биринчи шукурга ҳақли бўлган зот Роббимиздир. Бақара сурасининг 172 – оятида Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деб буюрмоқда. Сўнгра бундан ташқари бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ва ўзларини хайрли дуолари билан бизларни шу мақомларга эришишимизга ҳаракат қилган ота-оналаримизга шукур қилмоғимиз лозим бўлади ва уларнинг хизматларида камарбаста бўлиб дуоларини олишлигимиз ва уларнинг ҳақларига дуо қилишлигимиз зиммамиздаги вожиб амаллардан ҳисобланади.

Шундай экан, Аллоҳ таоло бу борада Луқмон сурасининг 14-оятида шундай марҳамат қилади: “Биз инсонга ота- онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати)  икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукур қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” -дейди. Демак биз бефарқ ва ғофил бўлмаслигимиз керак.

Кейин атрофимиздаги инсонларга шукур қилишимиздир. Ким инсонларга шукур қилмаса, Аллоҳга шукур қила олмайди. Агар бизларга кимдир яхшилик қилса, унга шукур қилиб уни муқобилида бирор ҳадя, ёки дуо ёки мақтов айтишимиз керак. Чунки бу мақтовлар ёки унинг ҳаққига қилинган дуолар  унинг  учун нафақат шукур балки, унинг учун рағбат ҳисобланиб янада яхшиликни купроқ қилишликга ундайди. Шунингдек, инсонларга яхшиликни раво кўриб, неъмат аҳлларига ҳасад қилмаслигимиз бизда яхшиликни бардавом бўлишига сабаб бўлади.

Ҳар бир нарсанинг шукри бўлганидек берилган неъматларни гапириш тилнинг шукри ҳисобланади. Бу борада Роббимиз Зуҳо сурасининг 11 – оятида шундай  марҳамат қилади.

“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким озга шукур қилмаса, кўпга шукур қила олмайди. Ким инсонларга шукур қилмаса, Аллоҳга шукур қила олмайди. Неъматларни гапириш шукурдир.” Аъзоларимиздаги шукур эса, амал қилишимиздир.

Шунинг учун Расулимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадамлари ёрилиб кетгунча ибодат қилганларида “Эй Росулуллоҳ, барча гуноҳларингиз кечирилган бўлса ҳам шундай қиласизми?” дейилганда “шукр қилувчи банда бўлмайинми?”, деб жавоб бердилар.  Демак, ҳар бир аъзонинг ўзини шукри мавжуд экан. Абу Ҳарун дедилар: “Абу Ҳозим олдиларига кириб у кишига: Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин, икки кўзнинг шукри нима?, дедим. У киши: “У иккиси билан яхшиликни кўрсанг ёдга оласан, агар ёмонликни кўрсанг беркитасан”, дедилар. “Икки қулоқнинг шукри нима?”, дедим. У киши: “У иккиси билан яхшиликни эшитсанг ёдлаб оласан, ёмонликни эшитсанг унутасан” дедилар. “Икки қўлнинг шукри нима?”, дедим. У киши: “Иккисига таъаллуқли бўлмаган нарсани олмайсан  ва уларга таъаллуқли бўлган нарсаларни беришдан ман қилмайсан”, дедилар.”

Хуллас, ҳар бир неъмат бежизга берилмайди ва беҳикмат ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло буни ҳам ҳисобини олиб турибди. Берилган неъматларни шукрини адо қилиб турган бандаларни мукофотлаш ва тақдирлаш ва уни янада зиёдаси билан беришликни ваъда қилиб бизни янада шукур қилишликка буюрган Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар бўлсин.

Берилган неъматларга шукур қилувчиларга ўз неъматини зиёда қилишни Аллоҳ Иброҳим сураси 7 – оятида ваъда бериб айтадики:   “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир.    Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор хурсандчилик иш бўлса ёки хабар беришса, Аллоҳга шукур қилиб сажда қилар эдилар. Ҳикматли зотлардан бири дедилар: “Ким тўрт нарсани қилса, тўрт нарсадан ман қилинмайди: ким шукр қилса, зиёда бўлишдан тўсилмайди, ким тавба қилса, қабул бўлишдан тўсилмайди, ким истихора намозини ўқиса, танлашдан тўсилмайди, ким машварат яъни маслаҳат қилса, савобдан тўсилмайди”. Усмон (розияллоҳу анҳу) бир қавмни жазолаш учун чақирдилар. Усмон (розияллоҳу анҳу) келмасдан олдин улар тарқаб кетдилар. Шунда қўлларида бирорта мусулмонни айбини очиш содир бўлмагани учун Аллоҳга шукур қилиб, бир қулни озод қилдилар. Айтиладики: “Агар қўлинг мукофот беришдан калталик қилса, тилингни шукур айтиш билан узун қил дедилар.”

Ҳаким (роҳматуллоҳи алайҳи) дедилар: “Шукр қилиш босқичлари:    қалбнинг  яшириши, тилни ёйиши ва қўлни  мукофатлаши яъни, қалб билан неъмат эътироф этилади, тил билан неъмат ошкора қилинади. Қўл билан неъматга жавоб қилинади.” Ибн Саммак (роҳматуллоҳи алайҳи) дедилар: “Неъмат Аллоҳдан бандасига берилган номаълум нарса бўлиб, уни йўқотиш билан билинади.”

Эй Аллоҳим, сени ёд олишимизга, неъматларингга шукур қилишимизга ва ибодатларингни гўзал суратда адо этишимизга ёрдам бер. Аллоҳ барчамизни Ўзининг шокир бандаларидан бўлишлигимизни насиб айласин.

 

Бозоров Абдиғани

Хожа Бухорий ислом билим юртининг тафсир фани ўқитувчиси