Мусулмонни кофир дейишнинг хатари

21

Ислом дини мусулмонларни меҳр оқибат ва биродарлик асосида ҳамжиҳатликда яшашга ундайди. Зеро Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифларда мусулмонларни бир -бирига нисбатан яхши муомала қилиш ва ғийбат, ёмон гумон қилиш, бўҳтон ва ёмон сўзлар билан бир-бирини ҳақорат қилиш каби ёмон иллатлардан сақланишга даъват этилади. Тарихдан маълумки аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан хавориж ва мўтазила каби баъзи тоифалар гуноҳи кабира қилган киши кофир бўлади иймондан ажрайди деб мусулмонларни кофирга чиқарган. Ўша пайтни ўзида аҳли сунна уламолари уларнинг ботил даъволарига ўринли раддиялар берганлар. Шунга қарамасдан бугунги кунда ҳам баъзи кишила хаворижларни даъволари асосида мусулмонларни кофирга чиқариб,уларни жонига, молига обрўсига тажовуз қилмоқдалар. Албатта кофирга чиқараётган кимсалар ўзлари билиб ёки билмасдан шу амаллари билан бир қанча фасод ишларни келтириб чиқаряптилар:

Биринчидан: Ислом уммати орасида улкан тафриқа келтириб чиқармоқдалар,

Иккинчидан: Ислом душманларининг тегирмонига сув қуйиб билиб-билмай уларга хизмат қилмоқдалар.

Учунчидан: Мусулмонлар яшайдиган юртларнинг раҳбарлари ва уламоларини кофирга чиқариб, мусулмонларни ҳукуматга қарши бош кўтаришга уламоларга эргашмасликка чақириб мусулмон юртларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлмоқдалар.

Тўртинчидан: Инсонларни исломдан бездириб,исломни ёмон кўрсатмоқдалар.

Бешинчидан: Ўзларига оғир гуноҳни юклаяптилар,зеро улар кофир деб айтаётган кишилар улар айтгандай бўлмаса куфр ўзларига қайтиши баён этилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:” Ким биродарига эй кофир деса, у иккисидан бирига албатта қайтади.” (Имом Муслим ривояти)

Шунинг учун ҳам Ислом уламолари мусулмонни кофир дейишга ўта эҳтиёткор бўлишга ва агар бир инсонда 99та куфр аломатини кўриб битта иймон аломатини кўрса уни мусулмон дейишга,кофир дейишга шошмасликка чақирадилар.

Шундай экан азиз биродарим мусулмон киши тилига эҳтиёт бўлмоғи ва бугунги кунда ижтимоий тармоқларда чиқиб диндан гапираётган кимлиги номалум диний фаолиятида аҳли суннага хилоф бўлган кишиларни эшитишдан тийилмогЪИ лозим.Зеро юртимизда аҳли сунна вал жамоани йўлини маҳкам тутган ҳаётини Қуръон ва суннатга мувофиқ яшаб келаётган аҳли илмлар устозлар жудаям кўп.

Аллоҳ таолодан аҳли сунна вал жамоа йўлидан ажралмай Ўзини йўлида сиротул мустақимда собитқадам қилишини сўраб қоламиз!

 

 Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудир ўринбосари