МАЗҲАБЛАР – ИСЛОМ МИЛЛАТИНИНГ ФАХРИДИР

19

Мазҳабларнинг ислом миллати бирлигини таъминлашдаги хизмати буюкдир. Мазҳаблар ислом миллатининг фахри ҳисобланади. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган. Бугунги бўладиган турли ихтилофлар, ички низолар ва бошқа иллатларни эътиборга олган ҳолда бизнинг диёрдаги мўмин-мусулмонлар ҳанафий мазҳабини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш, хусусан аҳли илмлар эса илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозим ҳамда келажак авлодларга мазҳабларни Қуръон ва суннатга мос эканлигини илмий ва тўғри равишда етиб боришида ҳаракат қилмоқликлари керак. Шундагина мазҳаблар ҳақидаги бугунги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади.

Бугунги глобаллашув жараёнлари диний масалаларни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бундай ҳолларда бир масала борасида илмий томондан ушбу масалани атрофлича ўрганиш ва ўзаро маслаҳат қилиш, бир фикрга келганларидан кейингина халққа эълон қилишлари лозим. Бугун барча  мусулмонлар бир тан, бир жон бўлиб, мазҳабсизликка қарши курашмоғимиз зарур. Ихтилофга олиб борадиган ҳар қандай йўлни яхшилаб тўсмоғимиз лозим.

Ҳар бир мусулмон банда Аллоҳ таолонинг:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Албатта, мўъминлар биродардирлар. Бас икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз», деган оятига доимий равишда оғишмай амал қилмоғи керак.

Диний масалалар борасидаги ҳар қандай ихтилофларимиз барча мувафақиятсизликларимиз манбаи эканини тушуниб етмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» деганини асло унутмаслигимиз керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиз билан биз умматларига хитоб қилиб: «Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Ҳар бир мусулмон киши ушбу оят ва ҳадислардан тўғри хулоса чиқариб, дунё ва охират саодатига эришмоқ учун ҳаракат қилмоқ зарур. Ҳидоят, тўғрилик ва барака жамоат билан ва кўпчилик томонида эканлигини асло унутмаслик керак.

 

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси