“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ”НИНГ МУАЛЛИФЛИК МАСАЛАЛАРИ, ТИЛИ ВА ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА АКС ЭТТИРИЛИШИ

30

Марказий Осиё тарихида алоҳида ўрин эгаллаган Амир Темур нафақат йирик саркарда ва давлат арбоби, балки юксак сиёсий тафаккур эгаси сифатида ҳам тан олинган шахсдир. Унинг давлат бошқаруви тажрибаси, қонун-қоидалар тизимини шакллантиришга доир фаолияти ва бу борадаги қарашлари “Темур тузуклари” номи билан машҳур бўлган тарихий-ҳуқуқий асарда мужассам топган. Ушбу асар турли тарихий даврларда, айниқса, мустамлака ва совет мафкураси таъсирида турлича талқин қилинган бўлса-да, ҳозирги замон тарихшунослиги ушбу манбанинг асл моҳиятини, муаллифлик масаласини ва тил хусусиятларини холисона ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

“Тузуклар” асарининг илк нусхаси Амир Темур даврида, унинг девонида тузилганлиги, асарнинг туркий (чиғатой) тилида ёзилганлиги ва кейинчалик форс тилига таржима қилинганлиги ҳақида бир қатор тарихий манбаларда аниқ гувоҳликлар мавжуд. Асарнинг ёзилиш тили ва услубига доир тилшунослик далиллари, шунингдек, Темурнинг бевосита сиёсий фаолиятини ёритувчи “Қиссаи Темур”, “Малфузоти Темурий” ва бошқа қўлёзмалардаги маълумотлар ушбу масаланинг чуқур таҳлилини талаб этади.

Ушбу мақолада “Темур тузуклари”нинг муаллифлик масаласи, тил хусусиятлари ва тарихий манбалардаги акс эттирилиши масалалари манбашунослик асосида ёритилади. Шунингдек, асарга нисбатан Ғарб ва рус тарихшунослигидаги баҳсли ёндашувлар, жумладан, Бартолд, Иванин ва бошқа олимларнинг қарашлари танқидий таҳлил қилинади. Мақола бугунги тарихшуносликда “Тузуклар”нинг ҳаққоний манба сифатида қайта баҳоланаётганлигини кўрсатиш мақсадини кўзлайди.

Асосий қисм. “Темур тузуклари”нинг муаллифлик масаласига қарайдиган боʻлсак, бир қатор қарашлар мавжудлигига гувоҳ боʻламиз. “Темур тузуклари” асарининг муаллифлиги тарихшуносликда кўп йиллар давомида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Асосан уч хил ёндашув мавжуд: биринчи гуруҳ олимлар асарнинг тўлиқ муаллифи Амир Темурнинг ўзи эканини таъкидласа, иккинчи гуруҳ у Темурнинг котиблари томонидан тузилганини тахмин қилади, учинчи гуруҳ эса бу асарни кейинчалик — ХВИИ асрда ёзилган компилатив матн деб ҳисоблайди. Бироқ замонавий манбашунослик мезонлари, тарихий далиллар ва Темур фаолияти билан боғлиқ воқеаларнинг тўғридан-тўғри акс этиши биринчи қарашнинг илмий асосланганлигини кўрсатади.

Академик И. Мўминовнинг фикрича, Темур асарни бир неча бор кўриб чиққан, таҳрир қилган, тарихий аниқликни текширтирган ва уни девонида расмийлаштирган. Шунингдек, Темурнинг ўзи “амр этдимки, бу воқеаларни дафтаримга сабт этсинлар” деган сўзлари унинг ёзма фаолиятга бевосита раҳбарлик қилганини тасдиқлайди.

Асарнинг асл нусхаси қайси тилда битилганлиги боʻйича турли ҳил фикрлар борлигини кузатиш мумкин. Асарнинг аслида туркий (чиғатой) тилида ёзилганлиги бир нечта тарихий, тилшунослик ва услубий далиллар билан исботланган. Шарафуддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Темур ҳаёти ва фаолияти туркий ва форсий тилда алоҳида ёзилган. Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳам Темур саройида девон ишлари уйғур ёзуви асосидаги туркий тилида олиб борилганини қайд этган. Асарда арабча ва форсча иборалар, муболағалар, байтлар деярли учрамайди; унинг тили қисқа, аниқ ва амалий бўлиб, бу услуб туркий ҳужжатшунослик анъаналарига мос келади.

“Тузук” атамасининг ўзи ҳам туркий илдизга эга бўлиб, “низом”, “қонун-қоида”, “ҳукм” маъноларини билдиради. Кейинчалик асарнинг форс тилидаги таржималарида ҳам туркий излар, айниқса лексик бирликлар кўплаб учрайди. Бу эса матн аслида туркий тил муҳитида шаклланганини кўрсатади.

“Темур тузуклари”нинг қўлёзма нусхалари бир қатор фондларда сақланиб қолган. Асарнинг энг қадимий нусхаси ХВИИ асрда Абу Толиб ал-Ҳусайний томонидан Яман ҳудудидаги кутубхонадан топилган ва кейинчалик форс тилига таржима қилинган. У бу таржимани Ҳиндистондаги Бобурий ҳукмдори Нуриддин Жаҳонгирга тақдим этган. Сўнгги тарихий манбаларда бу нусха “Тузуки Темурий” номи билан машҳур бўлиб, инглиз ва француз тилларига таржима қилинган. Маёр Чарлз Стюарт ва профессор Жоҳн Wҳите бу таржималарни илмий муомалага киритган. Бироқ бу таржималар матннинг асл манбага содиқлигини тўла англатмайди.

Тарихий фактларга кўра, “Темур тузуклари”даги баъзи воқеалар, масалан, Муҳаммад Жаҳонгирнинг валиаҳд этиб тайинланиши, унинг вафотига қадар бўлган даврга тўғри келади (1376-йил). Бу ҳолат асарнинг Темур ҳаёти давомида ёзилганини кўрсатади. Агар асар ХВИИ–ХВИИИ асрларда яратилган бўлса, бу тарихий тафсилотлар албатта янгиланиши ёки ўзгартирилиши керак эди.

Ғарб тарихшунослигида “Темур тузуклари”га нисбатан ижобий муносабат анча олдин пайдо бўлган. Жумладан, француз олими Л. Лангле ушбу асарни “давлатни бошқариш санъати ҳақидаги рисола” деб таърифлаган. Немис тарихчиси Ф. Шлоссер эса Темурнинг қонун-қоидалари орқали мўғул-татар зўравонликларига қарши адолатли бошқарув тизимини яратганини таъкидлайди.

Аксинча, Россия империяси ва Совет даври тарихшунослигида Темур фаолияти ва “Тузуклар” асари кўпинча салбий талқин қилинган. Т.Н. Грановский, В.В. Бартолд, А.Ю. Якубовский, М. Иванин каби олимлар асарнинг муаллифлигини инкор этишга ҳаракат қилган. Бартолд эса уни Ҳиндистонда яратилган “сохта” асар деб ҳисоблаган, бироқ бу даъволар тарихий ҳужжатлар билан исботланмаган.

Шу билан бирга, кейинги йилларда бу нотўғри стереотиплар танқид қилиниб, Д.Н. Логофет, С.Г. Кляшторний каби олимлар томонидан холис илмий ёндашувлар пайдо бўлди.

Хулоса. “Темур тузуклари” асари — Амир Темур сиёсий тафаккурининг маҳсули бўлиб, унинг бевосита раҳбарлигида тузилган тарихий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Мазкур асарнинг муаллифлик масаласи, тили ва илк нусхалари ҳақида мавжуд илмий баҳслар орасида энг асосли ва тарихий далиллар билан мустаҳкамланган ёндашув — бу асарнинг Темур девонида, туркий (чиғатой) тилида ёзилганлиги ҳақидаги қарашдир. Шарафуддин Али Яздий, Клавихо, Абу Толиб ал-Ҳусайний ва бошқа тарихий шахсларнинг гувоҳликлари, шунингдек асарда мавжуд услубий хусусиятлар — туркий тилдаги қисқалиги, аниқлиги ва муболағалардан ҳолилиги — бу фикрни тасдиқлайди.

Ғарб ва совет тарихшунослигида “Темур тузуклари”га берилган баҳоларнинг фарқли бўлиши кўпинча мафкуравий ва сиёсий омиллар билан боғлиқ бўлиб, илмий асосдан кўра геосиёсий манфаатларга таянади. Шунга қарамай, бугунги тарихшуносликда ушбу асарни холис, манбашунослик асосида ўрганишга интилиш кучаймоқда.

“Тузуклар”нинг муаллифлик ва тилига доир масалаларни аниқлаштириш — нафақат Амир Темурнинг шахсини чуқур англаш, балки Марказий Осиё тарихий-ҳуқуқий тафаккурининг илдизларини илмий асосда ёритиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, “Темур тузуклари”ни тарихий манба сифатида чуқур ўрганиш ва уни халқаро илмий муомалага тўлиқ жалб этиш — замонавий тарихшуносликнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Акбар АСҚАРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси