АМИР ТЕМУР МЕРОСИ ВА УЧИНЧИ РЕНЕССАНС – ТАРИХИЙ ТАЖРИБАНИНГ БУГУНГИ АҲАМИЯТИ

38

Бугунги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса “Учинчи Ренессанс” ғоясининг илгари сурилиши миллий тарих, маънавият ва давлатчилик меросига янгича қарашни талаб қилмоқда. Учинчи Ренессансга элтувчи йўл – бу ўз тарихимизни, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур англаш, уни замон руҳига мос ҳолда ривожлантириш йўлидир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Амир Темур ва унинг мероси, хусусан “Темур тузуклари” асари, нафақат тарихий хотиранинг бир бўлаги, балки миллий тараққиётнинг бугунги босқичида ғоявий-маънавий манба сифатида катта аҳамият касб этади.

Амир Темур Ўрта аср Шарқ сиёсий тафаккурида ўзига хос мактаб яратган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатида танилган. Унинг сиёсий қарашлари, давлатни марказлаштиришга қаратилган ислоҳотлари, ижтимоий адолат ва ҳарбий-интизом тамойилларига асосланган бошқарув тизими “Темур тузуклари” асарида мужассам ифодаланган. Ушбу асарда адолат, илм-фан, диний бағрикенглик, малакали кадрлар тайёрлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш каби ғоялар асосий ўринни эгаллайди. Бу қарашлар нафақат ўз даврида самарали бўлган, балки бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган универсал қадриятлар сирасига киради.

Учинчи Ренессанс ғояси бугунги Ўзбекистон тараққиётининг ғоявий ва стратегик асосидир. Унинг негизида тарихий тажрибани замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш ётади. Темурийлар давридаги Ренессанс – илм-фан, санъат, меъморчилик ва давлат бошқаруви соҳаларида юзага чиққан юксалиш бугунги ислоҳотлар учун кучли тарихий таянч вазифасини ўтамоқда. Амир Темур томонидан яратилган илғор бошқарув тизими, ёшларни тарбиялашдаги ёндашувлар, билим ва малакага эътибор, ижтимоий барқарорлик ва адолатга асосланган сиёсат – буларнинг барчаси замонавий Ўзбекистон сиёсий-иқтисодий моделида ўз аксини топмоқда.

 

МАВЗУГА ОИД АДАБИЁТЛАР ТАҲЛИЛИ

Темурийлар даври фаолияти — айниқса Амир Темур ва унинг авлодларининг сиёсий, илмий ва маданий мероси — тарихшунослар эътиборидан четда қолмаган. Бу мавзудаги тадқиқотлар шартли равишда уч даврга ажратилади: совет давридаги, мустақиллик йилларидаги ва хорижий мамлакатларда олиб борилган изланишлар.

Совет олимлари орасида Т.Грановский, В.В.Бартолд, А.Якубовский, И.Муминов каби тадқиқотчилар Темурийлар давлатининг ҳарбий, сиёсий, илмий ва маданий ҳаётини ўрганишган. Мустақиллик йилларида эса Б.Лунин, Э.Ртвеладзе, Д.Алимова, А.Аҳмедов каби ўзбекистонлик тарихчилар темурийлар меросига объектив ёндашиб, дипломатия, фан ва маънавият соҳаларини чуқур таҳлил қилдилар.

Хорижий олимлардан Г.Гоодрич, М.Россаби, К.Эноки, Н.К.Сингҳ, Й.Исаҳая, И.Ака ва А.Навои сингари тадқиқотчилар Темурийлар даврининг дипломатик алоқалари, илм-фан ривожи ва маданий ҳаётини кенг миқёсда ўрганганлар. Бироқ “Матлаи саъдайн” асарига асосланган ҳолда бу даврнинг дипломатик амалиёти, ободончилик сиёсати ва маънавий муҳитини тизимли таҳлил қилган тадқиқотлар ҳануз кам учрайди.

 

ТАДҚИҚОТ МЕТОДОЛОГИЯСИ

Мақолада тарихий-муқоясавий, тизимли-таҳлилий ва манбашунослик ёндашувлар қўлланилди. “Темур тузуклари” асарининг асосий ғоялари замонавий давлат бошқаруви ва “Учинчи Ренессанс” концепцияси билан уйғунликда таҳлил қилинди. Темурийлар давридаги таълим, маданият ва сиёсий тизимлар бугунги Ўзбекистон билан солиштирилиб, тарихий мероснинг амалий аҳамияти асослаб берилди. Манбалар таҳлили орқали асарнинг тарихий қадри, таржималари ва замонавий талқинлари ўрганилди.

 

ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖАЛАР

Амир Темур меросининг бугунги кундаги аҳамияти, аввало, тарихий хотира ва ғурурни тиклаш, ўзликни англаш, давлат идораларида масъулият ва самимий хизмат тамойилларини тарғиб этиш орқали намоён бўлмоқда. “Темур тузуклари”даги ҳар бир банд – раҳбарлар учун масъулият дарсидир. Бу асар нафақат тарихчилар, балки сиёсатчилар, педагоглар, давлат хизматчилари ва ёшлар тарбиячилари учун ҳам муҳим манбадир. Шу билан бирга, унинг таълим ва тарбия соҳасида, ғоявий-маънавий тарғиботда қўлланилиши Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

Амир Темур томонидан асос солинган буюк салтанат ва ундаги бошқарув тизимининг назарий асосларини баён этувчи энг муҳим манбалардан бири бу — “Темур тузуклари” асаридир. Ушбу асар Темурийлар давридаги сиёсий-ҳуқуқий тафаккур, давлат қурилиши, ҳарбий бошқарув, интизом, ахлоқий қадриятлар ва илм-фанга бўлган муносабатнинг ўзига хос ифодасидир. Асар таркибидаги ҳар бир тамойил, ҳар бир банд замонавий давлатчилик пойдеворига асос бўла оладиган даражада чуқур фикр ва тажрибага таянади.

Аммо асарнинг яратилиш ва тарқалиш тарихи, хусусан унинг форс тилидаги таржимаси билан боғлиқ муаммолар, бугунги кунда ҳам илмий муҳокамалар мавзуси бўлиб қолмоқда. Аксар тадқиқотчилар “Темур тузуклари”нинг Ҳиндистонда Шоҳ Жаҳон фармони билан таржима қилинганини илгари суришади. Бироқ бу фикр тарихий ва манбашунослик жиҳатидан шубҳали саналади. Тадқиқотчи Б. Аҳмедовнинг фикрича, агар асарнинг асл нусхаси Ҳиндистонда мавжуд бўлганида эди, Шоҳ Жаҳон уни ўз тарихчилари орқали таржима қилдирган бўларди. Шунингдек, Шоҳ Жаҳон ўз даврининг йирик олими ва тарих билимдони Шайх ул-Ислом Муҳаммад Афзал Бухорийга таржимани кўриб чиқиш вазифасини берганида, мавжуд нусха билан солиштиришни ҳам буюрган бўларди (Б.Ахмедов, 1996: 4). Бундай топшириқнинг йўқлиги эса, асарнинг Ҳиндистонга аллақачон таржима қилинган ҳолда келганлигини кўрсатади.

“Темур тузуклари”нинг форс тилига таржимаси Мир Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатий номи билан боғлиқ. У ўзининг “Қиссайи Темур” номли қўлёзма асари муқаддимасида бу ҳақда шундай ёзади: “…иккита шарафли зот – Ҳарам соҳиби ва Яман ҳокими Жаъфар Бостонийнинг кутубхонасида бир китобга кўзим тушди. Уни ўқиб чиққач, англадимки, бу тўлиқ ҳолда Сўҳибқирон Амир Темур Кўрагоннинг ўз сўзларидан иборат китоб бўлиб, у унда етти ёшидан то қирқ ёшигача кечирган ҳаётини, қандай қилиб султонлик мақомига етгани, қандай хосиятлар билан етти иқлим мамлакатларига фармонраволик қилгани ҳақида ёзган… Уни форс тилига таржима қилиб, китоб ҳолига келтирдим, токи подшоҳларга қўлланма бўлсин” (№ ТНС 107).

Мазкур сўзлардан шуни англаш мумкинки, Турбатий таржимани Ҳиндистонда эмас, балки Шоҳ Жаҳонга тақдим этишдан аввал бажарган ва уни янги асар сифатида тақдим қилган. Бу ҳолат асарнинг дастлабки нусхаси Марказий Осиёда ёзилганлигини ва кейинчалик форс тилига таржима қилиниб Ҳиндистонга олиб келинганини исботлайди.

Бу тарихий фактлар шуни кўрсатадики, “Темур тузуклари” ўз даврида сиёсий ва маънавий қўлланма сифатида тузилган бўлиб, унинг ёзилишида Амир Темурнинг бевосита иштироки ва ўз ҳаётий тажрибасига таянилган. Асар бугунги кунда нафақат тарихий манба, балки раҳбарлик маданияти, ёшлар тарбияси, давлат бошқаруви ва стратегик фикрлашда фойдаланиладиган ғоявий-маънавий мерос сифатида баҳоланмоқда.

“Темур тузуклари” асарининг кейинги даврларда ўзбек тилига қилинган таржималари ҳақида 1996йилда Тошкентда чоп этилган “Темур тузуклари” китоби муқаддимасида қуйидагича маълумот берилган: “Тузуки Темурий” тўлиқ ҳолда Хоразм (Хива)да Муҳаммад Юсуф ар-Розий томонидан ҳижрий 1273-йилда (милодий 1856–1857) ва Паҳлавоний Ниёз Девон томонидан 1858-йилда эски ўзбек тилига таржима қилинган. Шунингдек, асарнинг эски ўзбек тилига қилинган яна бир нусхаси мавжуд бўлиб, у тўлиқ эмас. Унда фақат Сўҳибқирон ҳазратларининг 39 ёшигача бўлган ҳаёти ва тарихий воқеалари баён этилган, холос. Ушбу таржима Қўқон хони Муҳаммад Алиҳон (1821/22–1858/59)нинг топшириғи билан Хўжанд қозикалаъларидан бири бўлган Набижон Маҳдум томонидан амалга оширилган («Темур тузуклари» ҳақида икки оғиз сўз. Темур тузуклари. Т.. 1996. 5-бет).

Юқорида тилга олинган таржималар “Темур тузуклари” асарининг ўзбек маданий муҳитида кенг тарқалганлигини ва унинг кейинги тарихий босқичларда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлганлигини кўрсатади. Айниқса, ХИХ аср ўрталарида асарнинг бир неча бор эски ўзбек тилига таржима қилиниши унинг халқ онгидаги мавқеини сақлаб қолганидан далолат беради. Сўнгги йилларда эса “Темур тузуклари”нинг замонавий ўзбек тилига ҳам бир неча таржималари чоп этилган бўлиб, бу таржималар асарнинг илмий-тарихий қийматини кенг аудиторияга етказишга хизмат қилмоқда.

“Темур тузуклари”даги ўн икки тоифа – бу Амир Темур томонидан салатанатни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ёндашувнинг ифодасидир. Ҳар бир тоифа давлат ва жамиятнинг муҳим ижтимоий-сиёсий, диний, ҳарбий, илмий ва иқтисодий қатламларини қамраб олади. Улардан ҳар бирига тегишли вазифалар, тартиб ва муносабатлар тизими аниқ белгиланган. Бу тизим:

дин ва ахлоқ асослари (саййидлар, уламо, суфийлар),

сиёсий ва ҳарбий бошқарув (амирлари, вазирлар, маслаҳатчилар, сипоҳийлар),

илм-фан ва техник тараққиёт (табиблар, муҳандислар, муваққитлар, муҳаддислар),

маданият ва тарихий хотира (қиссахонлар, ривоятчилар),

халқ билан бевосита алоқада бўлиш (ҳунармандлар, саёҳатчилар, карвонсарой вакиллари)

орқали жамиятни уйғунлаштириш, давлат бошқарувида ҳар бир қатламнинг ўрнини белгилаш ва бу орқали ички барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Амир Темур ўз давлати тузилмасини астрономик тизимга (ўн икки бурж) ва табиий вақт айланиши (ўн икки ой) билан қиёслагани эса давлатни мувозанатли ва фазовий уйғунликда тасаввур қилишга асосланган чуқур фалсафий ёндашувни ифодалайди.

Бу тизим ҳозирги Ўзбекистонда шаклланаётган Учинчи Ренессанс учун муҳим ғоявий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади:

Илм, дин ва сиёсат уйғунлиги – замонавий Ўзбекистон тараққиётида илму-маърифат, диний бағрикенглик ва давлат бошқаруви уйғунлигини шакллантиришда бевосита намунадир.

Кадрлар сиёсатининг тарихий илдизлари – давлат хизматида масъулият, садоқат ва шижоат асосида танлов қилиш тамойиллари Темурий тажрибага таянган ҳолда мукаммаллашмоқда.

Илмий-фан, ҳунармандлик ва иқтисодий фаолиятга эътибор – инновация, технологик тараққиёт ва халқаро савдо алоқалари Темурийлар давридаги кенг дунёқараш билан уйғунлашмоқда.

Ёшлар тарбияси ва тарихий хотира – “Темур тузуклари”даги ахлоқий мезонлар ва намунавий раҳбарлик тамойиллари бугунги ёшларда миллий ғурур, маъсулият ва ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда фойдали манбадир.

“Темур тузуклари”нинг ушбу қисмида Амир Темур давлат бошқарувида адолат, масъулият, интизом ва ахлоқий поклик тамойилларини қатъий татбиқ этганини кўриш мумкин. У ўғил ва қариндошларининг тахт учун даъвогарлигига қарши, ички урушларнинг олдини олиш мақсадида сиёсий эҳтиёткорликни устувор қўйган. Амирлардан тортиб, сипоҳийлар, молия вазирлари, даруға ва ҳокимларгача бўлган барча табақадаги амалдорларнинг фаолияти қатъий назорат остида бўлган.

Темур шахсий адоват, ҳасад ва туҳмат асосида чиқарилган қарорларнинг давлатга етказадиган зарарини англаб, адолатли текширувсиз жазолашни қоралайди, айниқса маслаҳатчилар ва вазирлар ҳақида ёлғон хабарлар асосида чора кўришни огоҳлантиради. Шунингдек, иқтисодий жавобгарлик, ҳарбий тартиб, суд-ҳуқуқ тизимининг шариат ва урфга асосланган равишда ишлашини таъминлаш каби тамойиллар баён этилади.

Темур ва Темурийлар даврида мадрасалар олий таълим муассасаси вазифасини бажарган бўлиб, улар нафақат диний, балки дунёвий билимлар берувчи юксак илм масканлари сифатида фаолият юритган. Мовароуннаҳр ва Хуросон вилоятларида давлат арбоблари ва бадавлат шахслар ҳомийлигида барпо этилган кўплаб мадрасалар фаолият кўрсатган. Ислом оламида илк мадраса Х асрда Бухорода ташкил этилган бўлиб, бу анъана кейинги асрларда Темурийлар даврида юксак тараққиёт чўққисига чиққан.

Мадрасаларда илоҳиёт фанлари билан бир қаторда фиқҳ, мантиқ, математика, геометрия, фалакиёт, тиббиёт, тарих, жуғрофия, адабиёт, аруз илми, араб тили каби дунёвий фанлар ҳам ўқитилган. Бу муассасаларда ўз даврининг энг етук олим ва мутахассислари дарс берган, уларга белгиланган маош тўланган. 1404-йилда Амир Темурнинг рафиқаси Суюнкҳожа бегим (Сараймулк хоним) Самаркандда ўз отаси – Қозонхон меросига таянган ҳолда ҳашаматли мадраса қурдирди. Бу мадраса илмий салоҳияти ва меъморий гўзаллиги билан алоҳида ажралиб турган.

Темурийлар ҳукмронлигининг иккинчи маркази бўлган Ҳирот шаҳрида ҳам йирик мадраса ва хонақоҳлар мавжуд бўлиб, Хондамирнинг маълумотларига кўра, бу ерда 36 та мадраса фаолият юритган. Ҳиротга турли мамлакатлардан талабалар таҳсил олиш учун келган, айниқса амир Ферузшоҳ мадраса ва хонақоҳи, шунингдек, Инжил канали бўйидаги Дору-ш-шифо шифохонасига қарама-қарши жойлашган Ихлосия мадрасаси ва Халосия хонақоҳи катта шуҳрат қозонган. Бу муассасалар Ҳусайн Бойқаро даврида барпо этилган бўлиб, у ерда машҳур олимлар дарс берган.

Темурийлар давридаги машҳур мударрислар орасида Бурҳониддин Атоуллоҳ Нишопурий, қозикалон Ихтиёриддин Ҳасан Журобий, амир Муржоз ва Фасиҳиддин Муҳаммад Низомийлар бор эди. Мадрасалардаги таҳсил танлов асосида олиб борилган: ҳар ойлик имтиҳонларда суст ўқувчилар ўқишдан четлатилган, фақат иқтидорли талабалар ўқишни давом эттирган.

Улуғбек томонидан Бухоро ва Ғиждувонда биттадан, Самарқандда эса иккита мадраса барпо эттирилган. Бундан ташқари, ўша даврда Самаркандда Ҳоним, Қутбиддин Садр ва Муҳаммад Султон мадрасалари ҳам фаолият кўрсатган.

Мадрасалар, хонақоҳлар ва кутубхоналар илм-маърифатнинг амалий асосига айланган. Талабалар фаннинг турли соҳаларига доир кўплаб асарларни ўрганар эдилар. Темур ва унинг авлодлари саройларида эса қадимги дунё ва ўрта асрга оид ноёб қўлёзмалар сақланадиган бой кутубхоналар мавжуд бўлган. Самаркандда Амир Темур ва Улуғбек, Ҳиротда эса Шоҳрух, Бойсунғур, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий кутубхоналари илм-маърифат марказлари сифатида машҳур бўлган.

Амир Темур томонидан яратилган “Темур тузуклари” асари нафақат сиёсий ва ҳарбий бошқарув мезонларини белгилаб берган, балки илм-фан, таълим ва маърифат соҳаларини ривожлантиришда ҳам мустаҳкам назарий асос бўлиб хизмат қилган. Асарда илмга, донишмандларга, уламоларга ва мутафаккирларга эътибор бериш, уларни ҳимоя қилиш, улардан маслаҳат олиш ва доимо мулоқотда бўлиш зарурлиги қатъий ифодаланган. Темур “ўн икки тармоқ” тамойилига асосланган салатанат тузилмасида саййидлар, уламо, фозиллар, оқил кишилар, мударрислар, табиблар, муҳандислар, мунажжимлар, қиссахонлар, суфия машойихларни давлат барқарорлиги ва тараққиёти учун алоҳида ижтимоий қатлам сифатида ажратиб кўрсатган.

Айнан шу ёндашув Темурийлар даврида мадрасалар, хонақоҳлар ва кутубхоналар фаолиятининг юксак даражада ташкил этилишига замин яратди. Уларнинг асосий вазифаси нафақат диний билим бериш, балки замонавий дунёвий фанларни – математика, мантиқ, тиббиёт, фалакиёт, тарих, жуғрофия, адабиёт каби соҳаларни ўқитиш бўлди. Бу эса “Темур тузуклари”да кўзда тутилган илмий тафаккурни давлат бошқаруви билан узвий боғлаш ғоясининг амалий натижаси эди.

Мадрасаларнинг ривожи, у ерда фақат иқтидорли талабалар таҳсил олиши, ўқитувчиларга маош белгиланиши, имтиҳон тизимининг жорий этилиши – буларнинг барчаси Темурийлар томонидан “Темур тузуклари”да кўрсатилган илм-фанга асосланган бошқарув моделининг давомийлигидир. Айниқса, Темурийлар ҳукмронлиги даврида барпо этилган кутубхоналар, жумладан, Улуғбек, Шоҳрух, Бойсунғур, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий кутубхоналари нафақат илмий марказ, балки давлат сиёсатининг маърифий таянчи сифатида фаолият юритган.

Темур ўз тузукларида донишмандларнинг маслаҳатини эшитишни, тарихий тажрибадан ўрганишни, ишончли кишиларга илмий масъулият юклашни буюрган. Бу тамойиллар Алишер Навоий кутубхонасини Хондамирга, Ҳусайн Бойқаро кутубхонасини Беҳзодга ишониб топширишда ҳам яққол намоён бўлади.

Шунингдек, “Темур тузуклари”да келтирилган давлатни билим ва одоб билан бошқариш ғояси Учинчи Ренессанс ғояси билан бевосита боғлиқ бўлиб, илм-маърифат, тарихий тафаккур, тафсир, фалсафа, тиббиёт ва бошқа фанларни тиклаш ва янгилаш йўлида тарихий асос сифатида хизмат қилмоқда. Темурийлар яратган маданий-маърифий муҳит, айнан “Темур тузуклари”да ифода этилган ғояларнинг реал ҳаётда амалиётга жорий этилган шаклидир.

Юқоридаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, Амир Темур томонидан яратилган “Темур тузуклари” асари фақат ўз даври учун эмас, балки замонавий жамият тараққиёти учун ҳам чуқур ғоявий-маънавий ва бошқарувга оид манба бўлиб хизмат қилади. Унда илгари сурилган ҳар бир ғоя – давлатни билим, адолат, тартиб ва тафаккур асосида бошқариш, ҳар бир қатламнинг ўз ўрнини белгилаш, илм ва маърифатни устувор қадриятга айлантириш – буларнинг барчаси бугунги “Учинчи Ренессанс” пойдеворини барпо этишда тарихий дарс бўла олади.

Бугун Ўзбекистонда шаклланаётган янги уйғониш даврида, айниқса, қуйидаги жиҳатларда “Темур тузуклари”дан ўрнак олиш муҳим:

Давлат бошқарувида илмга асосланиш – Темур бошқарувининг интизоми, амалдорлар фаолиятини синчков баҳолаши, ўзига содиқ ва билимли кадрларни танлаши бугунги кунда ҳам давлат хизматига қабул, масъулият ва ҳалоллик мезонларини шакллантиришда тарихий намуна бўла олади.

Илм-фан ва маърифатнинг устуворлиги – Темурийлар давридаги мадрасалар ва кутубхоналар фаолияти асосида бугунги таълим тизимини янгилаш, айниқса юксак билим ва касбга эга авлодни шакллантириш йўлида “Темур тузуклари”да ифода этилган ёндашувлар қўлланиши зарур.

Миллий ғурур ва тарихий хотира – “Темур тузуклари”да акс этган миллий юксалиш, ўзликни англаш, халқнинг бирлиги ва фаровонлигини таъминлаш ғоялари ёш авлодга тарихий хотира асосида ёндашишни, Ватанга садоқатни шакллантиришда ғоявий восита бўлиши мумкин.

Ҳуқуқ ва адолатни устувор қилиш – Темурнинг сиёсий-ташкилий амалиёти ва жазолашдаги эҳтиёткорлиги, адолатли текширувсизликка қарши қатъий позицияси ҳозирги суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида беқиёс тарихий тажрибадир.

Глобал фикрлаш ва ташқи дунё билан алоқа – Темур ўз салтанатини географик, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кенг фикрлаш асосида бошқарган. Бугунги глобаллашув даврида ҳам халқаро ҳамкорлик, маданий дипломатия ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда бу ёндашув долзарбдир.

Шундай қилиб, “Темур тузуклари” асари бугунги Учинчи Ренессанс ғоясининг илмий, сиёсий ва маънавий негизларидан бири сифатида қаралиши зарур. Бу асардан олинган тарихий сабоқлар замонавий Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлида йўлкўрсаткич бўлиб хизмат қила олади. Ҳар бир мутасадди, ҳар бир раҳбар, ҳар бир ўқитувчи ва ҳар бир ёш бу асарни ўрганиб, ўз фаолиятида ундан илҳом олиши – Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

МУҲОКАМА

Амир Темур меросининг, айниқса “Темур тузуклари” асарининг бугунги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни чуқур илмий-назарий таҳлилни талаб этади. Ушбу асарда илгари сурилган ғоялар — адолатли бошқарув, илм-маърифатга эътибор, кадрлар сиёсатидаги аниқлик, сиёсий масъулият ва ижтимоий интизом — ҳозирги давлат ислоҳотларининг тамал тоши сифатида намоён бўлмоқда.

Тарихий манбаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Амир Темур ўз давлатини кучли интизом, билимдон маслаҳатчилар, садоқатли раҳбарлар ва халқ билан боғлиқ ижтимоий қатламлар ўртасидаги уйғунлик асосида барпо этган. У томонидан яратилган тизим — “ўн икки тоифа” назарияси — давлатни фазовий ва функционал бирликда бошқариш моделининг ёрқин ифодасидир. Бугунги ислоҳотларда айнан мана шу ёндашув — яъни давлатни билим, ахлоқ ва ижтимоий адолат асосида ташкил этиш — асосий мақсадга айланмоқда.

Темурийлар давридаги кутубхоналар, мадрасалар ва илмий мактаблар — ўша даврнинг Уйғониш даври намуналари бўлиб, бугунги таълим тизимини ислоҳ қилишда муҳим тарихий тажриба сифатида хизмат қилмоқда. Учинчи Ренессанс ғояси айнан ана шу тарихий сабоқларни замонавий контекстда қайта талқин қилишга асосланади.

 

ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР

Амир Темур мероси, хусусан “Темур тузуклари” асари, нафақат ўз даврининг сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий тафаккури маҳсули, балки бугунги замонавий Ўзбекистон тараққиётида ҳам ғоявий, стратегик ва ахлоқий пойдевор сифатида муҳим ўрин тутади. Асарда илгари сурилган адолат, тартиб, билим, фидойилик, ҳалоллик, ватанпарварлик, илм-фан ва маърифатни устувор қадрият сифатида эътироф этиш ғоялари “Учинчи Ренессанс” ғоясининг асосий таркибий қисмларига тўла уйғун келади.

Амир Темурнинг давлат бошқаруви, кадрлар танлови, илм-маърифатга эътибори, суд-ҳуқуқ тизимидаги аниқлик ва адолат тамойиллари, шунингдек, илмий ва маданий муҳит яратишга доир саъй-ҳаракатлари — буларнинг барчаси ҳозирги ислоҳотлар йўлида тарихий сабоқ ва тажриба сифатида фойдаланилиши зарур.

Бугун биз “Темур тузуклари”ни нафақат тарихий манба, балки бугунги ва келажак тараққиётимизга йўналтирувчи ғоявий-маънавий дастур сифатида қабул қилишимиз лозим. Айниқса, ёш авлодни тарбиялашда, раҳбарлик маданиятини шакллантиришда, давлат хизматини самарали ташкил этишда бу асар ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишда Амир Темур тажрибасига таянган ҳолда, тарихий хотирани тиклаш, миллий ўзликни англаш ва тараққиётга интилишга йўналтирилган ҳаракатлар стратегик аҳамиятга эгадир.

 

Акбар АСҚАРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси