Гўзал хулқ
9

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўпараларига келиб:
— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? деб сўради.
— Гўзал хулқ, дедилар.
У киши сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб, яна савол қилди:
— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?
— Гўзал хулқ, деб жавоб бердилар. Кейин сўл томонларига ўтиб, яна:
— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули? деб сўради.
— Гўзал хулқ, дедилар Расули акрам. Сўнг орқаларига ўтиб:
— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? дея қайта сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгрилиб:
— Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?!
дедилар» (Марвазий ривояти).
Албатта инсон барча нарсаларда илдам бўлиши мумкин, лекин, гўзал ахлоқ соҳиби бўлмаса, ҳақиқий зиёндаги инсон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
— Бадбахтлик нима, ё Расулуллоҳ?
— Ёмон хулқ! дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Фузайл ибн Иёз айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломга:
— Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб, намоз ўқийди. Бироқ унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади, дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир, дедилар»
Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Одамларга молларингиз билан эмас, очиқ чеҳра ва гўзал хулқ билан юзланинг” (Баззор ривояти).
Хайрли ишлар учун ҳар доим ҳам мол-дунё бўлиши талаб қилинмас экан. Гўзал хулқ-атвор бўлса бас, жуда кўплаб ажру мукофотларни қўлга киритиш онсон бўлиб қолади.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мирмахаматов
