ПАЙҒАМБАРИМИЗ КЎП ҚИЛГАН ДУО
28

Анасдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп қилар эдилар: “Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин!”
Шўъба айтди: “Мен Убодага айтган эдим, “Анас бу дуони қилар эди. Аммо кўтармаган”, — деди.
Шарҳ: “Кўтармаган” дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ривоятини етказмаган, дегани.
Бу – мусулмонларнинг дуоси. Улар Аллоҳ таолодан икки дунёнинг яхшилигини сўрайдилар. Чунки, Ислом дийни икки дунёнинг ободлигига чақиради.
Мўмин-мусулмонлар динсиз худосизларга ўхшаб, фақат бу дунёнинг ҳойи-ҳавасини сўрамайдилар. Ёки баъзи тоифаларга ўхшаб, фақат охиратни ўйлаб, бу дунёни эсдан чиқармайдилар.
Бу дуода юксак одоб ҳам аниқ-равшан кўриниб турибди. Сўраладиган нарсани тайин қилиб номини айтмасдан, умумий қилиб “яхшилик” деб айтилмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи “яхшилик”нинг нималигини яхши билади.
Имом ибн Касир: “Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаб, ёмонликларни четлатган”, деганлар.
Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “(Байтуллоҳнинг) бурчагидан ҳар ўтганимда, “Омийн!” деб турган фариштани кўрдим. Унинг ёнидан ўтсангиз, “Роббана аатина фиддуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қинаа азаабаннаар”ни ўқинглар”, деганлар.
Бу дуо Набийимиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаломнинг кўп қиладиган дуолари эди.
Ибн Аби Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилган: “Анас ибн Моликнинг ҳузурида эдик. Собит у кишига: “Биродарларингиз дуо қилишингизни сўрашяпти”, — деди. Анас ибн Молик “Роббана атина…”ни ўқиди.
Бир муддат гаплашиб ўтирдилар. Туришмоқчи бўлишганда: “Эй, Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқ-чи, уларни бир дуо қилсангиз”, —деди.
Шунда Анас ибн Молик: “Сизларга ишларни майдалаб беришимни хохдайсизми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дўзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бўлади-ку”, — деди”.
Абдиғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
тафсир фани ўқитувчиси
