ДУО ҚИЛИШЛИК АЛЛОҲНИНГ ОЛТИ СИФАТИГА ТЕГИШЛИ ЭКАНЛИГИ
12

Дуонинг ҳам ўзига яраша шартлари ва одоблари бўлганидек унинг мантиққа тегишли бўлишлиги ҳам керак. Масалан йўқ зотга дуо қилинмайди бор бўлган, қодир бўлган, яратувчи зотга дуо қилинади. Шу Дуо қилишлик ҳам Аллоҳнинг ўзига бўлганлиги учун айнан Аллоҳнинг олтита сифатига тегишли тарафлари бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ дуо қилишликга амр қилмоқда.
Дуо Аллоҳнинг олтита сифатига тегишли бўла олади.
- Вужуд (борлиги): Чунки йўққа дуо қилинмайди. Йўқдан бирор нарса сўралмайди.
- Ғанийлиги (бойлиги): Чунки фақирга дуо қилинмайди. Фақирдан бирор нарса сўралмайди.
- Эшитувчилиги: Чунки карга дуо қилинмайди. Кардан бирор нарса сўралмайди.
- Карам (сахийлик): Чунки бахилга дуо қилинмайди. Бахилдан бирор нарса сўралмайди.
- Раҳмат: Чунки раҳимсизга дуо қилинмайди. Раҳимсиздан бирор нарса сўралмайди.
- Қудрат: Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ожиздан бирор нарса сўралмайди. Зикр қилинган сифатларга қарайдиган бўлсаак, кимки дуони инкор қилса ушбу олти сифатни инкор қилувчидир. Ундан ғофил бўлган, олти сифатдан ғофилдир. Бундан ташқари Аллоҳ таоло ўзининг бандаларига қандай қилиб дуо қилишликни, қандай дуо қилса ушбу дуони қабул қилишлигини ҳам ўргатди.Бу Аллоҳнинг бандаларига бўлган чексиз раҳм- шафқатини, мерибонлигини энг муҳими буюк зот эканлигини намаён қилишликдур. Бандам сен мендан сўрагин бераман ва сўрасанг мана бунақа сўрагин деб буюрмоқда.
Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг, 55-оятида марҳамат қилиб: “Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан у ҳаддан ошувчиларни севмас”, — деган.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда.
Ҳудди шу маъно пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади:
“Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар. Расулулллоҳ (с.а.в): “Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинглар. Сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин зотдир”, дедилар”.
Оятлардан ва ҳадислардан маълум бўлиб турубдики сиз кимга дуо қилаётганлигингизни ва нима деб дуо қилаётганлигингизни унутмаслигингиз лозим. Чунки дуо ҳам ибодатлар қаторидаги ибодатдур. Аллоҳ барчамизни ўзидан сўрашликга муваффақ айласин.
Абдиғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
тафсир фани ўқитувчиси
