КИМНИ АЛЛОҲ ВА ОХИРАТ КУНИГА ИЙМОНИ БЎЛСА…

23

عن أبي هريرة رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((من كان يؤمن بالله واليوم الآخر، فليقل خيرًا أو ليصمت، ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم جاره، ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه))؛ رواه البخاري ومسلم.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Албатта Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин ва кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин ва кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти

Мазкур ҳадис борасида уламоларнинг фикрлари:

Уламоларнинг баъзилари, барча яхшиликлар машу ҳадисдан тарқайди, деб эътироф қилган бўлсалар, яна баъзилари мазкур ҳадис исломнинг ярмидур, чунки ҳукумлар Ҳақ таолога ёки махлуқотларга тегишли бўлади. Ушбу ҳадис эса, иккинчисини яъни, махлуқотларга тегишли бўлган  ҳукмларни ёритиб берган (1).

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи: “Бу ҳадис жамловчи калималардандир. Чунки сўзларнинг барчаси яхши бўлади ёки ёмон. Яхши сўзларга гапириш лозим бўлган ёки мустаҳаб бўлганлари кирса, бундан бошқа ўринларда гапириш ёмон саналари ёки ёмонликка етакловчи сўз бўлади”, деганлар. (2)

Ибн Ҳажар Ҳайтамий: “Мазкур ҳадис буюк қоидаларни ўз ичига қамраб олган. Чунки, мазкур ҳадисда инсоннинг бошқа аъзоларига қараганда жуда кўп ҳаракат қиладиган тилга тегишли ҳукумлар баён қилинган. Шунинг учун бу ҳадисни исломнинг учдан бири десак тўғри бўлади”, деганлар. (3)

Мазкур ҳадиснинг айтилишининг сабаби:  Жомеул кабир китобида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Менга қўшним озор бераяпди” дедим. Шунда,  Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам “Сабр қил” дедилар. Сўнгра иккинчи марта келганимда ҳам “Сабр қил” дедилар. Учинчи бор келганимда: “Кўч-кўронингни йиғиштирда йўлга олиб чиқ, ким сенга йўлиқса, “Қўшним менга озор бермоқда” деб айтгин, дедилар. Шу сабаб ўша қўшнинг инсонларнинг маломатига ҳақли бўлади” деб, сўнгра “Кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин ва кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин” дедилар”. (4)

Ҳадиснинг шарҳи:      

“Кимни Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса”, деган жумладаги «иймон»дан мақсад,  “мукаммал иймон” назарда тутилган. Аллоҳ ва охират кунига хосланганининг ҳикмати шуки, ўзини яратган Зотга ва эрта қиёматда амалига яраша жазо берилишига иймон келтирган киши қўйидаги ишларни қилсин:  “Яхши гап гапирсин ёки жим турсин”. Имом нававий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар-ки: “Агар бир киши гапиришни хоҳласа бас гапирадиган гапи ҳақиқатда яхши гап бўлса ва савобга лойиқ бўлса гапирсин. Агар гапирмоқчи бўлган гапи ҳаромга ёки макруҳга элтадиган бўлса, тийилсин”. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирор сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деган.  (5)

Улуғ имом Абу Муҳаммад ибн абу Зайд моликий раҳматуллоҳи алайҳи айтадиларки: “Барча яхши одоблар тўртта ҳадисдан тармоқланади.

  1. “Кимни Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим бўлсин”. (6)
  2. “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши исломининг гўзаллигидандир”. (7)
  3. “Ғазабланма”. (8)
  4. “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунигача мўмин бўла олмайди”. (9)

Луқмони ҳаким ўз ўғлига шундай васият қилган: “Агар гапириш кумуш бўлса, сукут тиллодир”. Бу гапнинг маъноси шуки, Ибн Муборак айтадилар: “Агар гап Аллоҳ таолонинг тоати борасида бўлса, кумушдир, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сукут қилмоқ эса тиллодир”.

Зун Нун ал-Мисрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Инсонларнинг энг яхшиси, ўз тилига эгалик қила олганидир”.

Ҳадиснинг давомида: “Кимни Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, дейилган.  Қўшнига яхшилик қилиш, унга озор беришдан тийилиш, мумин киши исломининг тўғрилиги ва иймонининг комиллигидан ҳисобланади.  Бу борада Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай деган: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас.” (10)

Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳга қасамки мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўла олмайди”, шунда Расулуллоҳдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули ким у?”, У Зот марҳамат қилдилар: “Қўшниси унинг озорларидан, ёмонликларидан ва азиятларидан омонда бўлмаган кишидир”.

Ҳадиснинг давомида: “Кимни Аллоҳ ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, дейилган.  Чунки, бу хислат пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг хулқлари, одатларидан ва исломнинг гўзал одобларидандир. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмондўстларнинг отаси” деб, куняланган. Чунки, бу киши бир ёки икки мил (1848 м (ўртача 4000 қадам, пиёда ўртача 30 дақиқали йўл) меҳмон талабида юрар эдилар.

Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ҳақиқатда мусулмонлар меҳмондорчилик борасида бу иш исломда таъкидланган амаллардан эканлигига ижмо қилганлар”. Имом Шофеий, имом Молик ва имом Абу Ҳанифалар ва жумҳур уламолар – меҳмондўстлик  суннатдир деган бўлсалар, имом Лайс ва имом Аҳмадлар бир кеча ва кундуз меҳмондўстлик вожибдур, деганлар. (11)

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Қўшнини икром қилиш, азият беришдан тийилиш ва яхшиликларни сарф қилиш вожиб амаллардан эканлиги;
  2. Меҳмонни ҳурмат қилиш ҳам улуғ ишлардан эканлиги;
  3. Қўшни ва меҳмонни риоясини қилиш, исломга амал қилиш бўлиб, бу эса ислом динининг буюк дин эканлигига далолат қилиши;
  4. Тил офатларидан сақланиш лозимлиги;
  5. Ҳадиси шарифда улуғ хулқлар билан хулқланишга қизиқтириш борлиги;
  6. Ҳадиси шарифда баён қилинган хислатлар – иймоннинг бўлакларидан эканлиги.

Фойдаланилган адабиётлар:

  Ал Жавоҳир луълуя шарҳ арбаин ан Нававий. (149)

  • Фатҳул Борий. (10/461 ҳ 6019)
  • Фатҳул Мубийн. (137)
  • Ал баён ва таъриф. (3/ 235)
  • Қоф сураси, 18-оят.
  • Шарҳ Муслим линнававий. (2/17 ҳ 47)
  • Имом Бухорий. (4/94 ҳ 6018)
  • Имом Термизий. (2318)
  • Имом Бухорий. (4/112 ҳ 6116)

(10) Нисо сураси, 36-оят.

(11) Шарҳ Муслим линнававий. (12/27 ҳ 1726)

 

Ўткир МАҲМУДОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси