ДУОГА БЎЛГАН АМРНИНГ САБАБИ

17

Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан,уларни ўзларини яратишлик билан бирга  уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам ўзи яратган ва у эҳтиёжларини ҳам ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим унинг ўзигагина сиғиниш ва ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган.Нима учун буюрганлигини иккинчи сабаби у инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, унга илтижо қилганнинг дуосини эшитгувчи зотдир. Бу ҳақда қуръони каримда шундай баён қилинган: “Сиздан (Эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватимни) ижобат (этиб), Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси, 186-оят). Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Дарҳақиқат, дуо — банданинг Яратган парвардигорига қарата йўллаган дил изҳоридир. Баъзи кишилар кенгчилик даврда, омади келиб турган вақтда дуо-ю истиғфорни унутиб қўяди, бошига ташвиш тушиб, мусибат етганда эса, суянчиғи ва мурожаъат қиладиган жойи дуо бўлиб қолади. Ҳолбуки, банда хотиржам, дасти узун, соғ-саломат юрган кунларда Аллоҳни эсласа, у ҳам оғир кунларида унутмаслиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган.Ваҳоланки банда фақат бошига иш ва ташвиш тушганда эмас балки ҳар доим дуо қилишликга амр қилингандур.

Дуо Аллоҳ ҳузурида мукаррам, даражаси юқори қадри улуғ нарса ҳисобланади. Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир.

Ибодатнинг мана шу жиҳатларини “дуо” дейиш мумкин.Бундан ташқари дуо маъносида келгувчи ибодатлар ҳам бор масалан: Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бўлган намоз араб тилида “солат” дейилади ва “дуо” маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбий бўлади. Яъни, сўров тилга олинмаса ҳам, қалбида туради.

Шу эътибордан, дуо икки қисмдан иборатдир, дия оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш, дилдагининг таржимасидир. Ҳудди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ таоло учун энг мукаррам нарсадир.

Шунинг учун Анас (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий (с.а.в): Дуо ибодатнинг мағзидир” – дедилар. Бундан “дуо ибодатдир” деган хулосани чиқариш мумкун бўлади.“Шарҳи Ақидатут Таҳовия” китобида: “Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва хожатларни раво қилади” – дейилади.

Шарх: Жумҳур мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари “дуо” манфаъатни жалб қилиш ва зарарни даф этиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин ёки кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам бериши оят ва ҳадислардан маълум ва машҳурдур. Имом Бухорий (р.ҳ.): “Ал-Адабул Муфрад” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, — дедилар.

Шарҳ: Ибн Масъуд (р.а)дан қилинган ривоятда: “Аллоҳдан у зотнинг фазлини сўранг, чунки, Аллоҳ сўралишни хуш кўради”, — дейилган.

Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилишини, шунинг учун барча хожатларимизни Роббил оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш, биз учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб олдик. Дуодан кўзланган мақсад ҳам Аллоҳдан ёрдам сўрашлик экан, энди ёрдам сўрашликнинг яна бир жиҳати ҳам бор масалан: Бақара сурасининг 45 – оятида шундай марҳамат қилинади: Аллоҳдан сабр билан ва намоз ўқишлик билан ёрдам сўранглар, деган оятини мисол қилиб келтиришлигимиз айнан дуога бориб тарқалишлигини билиб оламиз. Аллоҳ барчамизни ўзига ибодат қилишликга ва ўзидан ёрдам сўрашликга доимо муваффақ қилсин.

 

Абдиғани БОЗОРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси

тафсир фани ўқитувчиси