ИБН МОЛИКНИНГ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

26

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ибн Молик ат-Тоий Андалусий (р.а.), 1204 (600-ҳижрий)-йилда Андалуснинг Жайён шаҳрида дунёга келган, Ибн Молик куняси билан машҳурдир. Ушбу зот Араб тили грамматикаси тарихида ажралиб турадиган улуғ алломалардан. Ибн Молик аввалги илмини Қуръон ёдлашдан бошлаган, сўнгра қироат илмлари, диний илмлар, наҳв ва луғат илмларини ўрганган. Маълумотларда келишича биринчи бўлиб араб тилини 628-ҳижрий йилларда бир қанча муддат ўз шаҳридаги олим Собит ибн Хаёр ал-Килоий ал-Муқридан ўрганган. Ибн Молик яшаб турган вақтларда Андалусда тинчлик барқарор эмас эди. Шу сабабли у зот Машриқга сафар қилган. Еҳтимол риҳлатнинг сабаби ҳам илм олиш ва ҳажни адо қилиш учун бўлган. 630-ҳижрий йиллар атрофида Мисрга сафар қиладилар, у ерда узоқ турмай Ҳаж амалини адо қилиш учун ҳижозга қараб йўл оладилар, сўнг Дамашққа бориб у йерда устозлардан илм таҳсил қилишни бошлайди. Ундан сўнг эса Ҳалабга бориб илм олишни давом эттирган.

Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ илм олишни тамомлаб Дамашққа қайтиб келиб у ерда дарс бериб, бир қанча китобларни ёзишни бошлайди. Натижада у кишининг дарсларига қатнашувчилар кўпайиб жуда ҳам машҳур бўлиб кетади. Хаттоки инсонлар у киши наҳв илмидаги дақиқ жойларини тушунтириб бериши, сарф, қироат ва арабларнинг шерларидаги тушунарсиз жойларини баён қилиб беришига ҳайрон қолишган.

Уламолар у зотнинг илми ва ахлоқи борасида мақтовли фикрлар билдиришган. Имом Заҳабий у киши ҳақида қуйидаги гапларни зикр қилиб ўтган:

Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ қироат илмлари имомидир, луғат илмида эса юқори чўққига эришган, аммо наҳв ва сарф илмида эса ҳеч ким у зотга тенг кела олмайдиган денгиздир.

Машҳур шогирдларидан Имом Нававий ҳам у киши ҳақида қуйидаги гапларни айтади: У зот бу асрлардаги луғат илми ва адаб илми аҳлининг имомидир.

Ҳақиқатда, Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳда қироат ва араб тили илмларини шеърий услубга кўра баён қилишда Аллоҳ таоло томонидан берилган ажойиб хислатлари бор эди. У зотнинг шеърий услубда ёзилган асарлари тушуниш осон ва маънолари равшан услубда ёзилган. Албатта мана шунинг ўзи катта қобилят десак муболаға бўлмайди.

  Азизбек ТУРСУНПУЛАТОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқтувчиси