ДУО ҲАМ ИБОДАТДУР
14

Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари ва ибодатлари фақатгина бандани манфаъати учунгина берилган. Шариъатда зикр қилинган ибодатлар ва наҳийларнинг ҳаммасидан кўзланган мақсад бандани гуноҳ қилдирмасдан пок қилиб тарбиялашлик ва пок нарсаларни едиришлик ҳамда ибодат билан яшашлигини таъминлаб натижада уни энг буюк неъмати бўлган жаннат неъматлари билан тақдирлаш халос. Демак, Аллоҳнинг бу жаннатига етишиш учун фақат ибодат ёки гуноҳлардан тийилишлик эмас, балки дуо ҳам ўз ўрнида керак бўлар экан. Бу борада Аллоҳ ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримнинг “Ғофур сурасининг 60 – оятида” шундай марҳамат қилади: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди. Демак, дуо ибодат ва уни қилмаганлар эса жаҳаннамга хору зор ҳолатида киришликлари оятда зикр қилиниб турубди. Аллоҳ ҳеч бир ибодатни беҳикмат яратмаган дуони ҳам ўзига яраша ҳикматлари мавжуд бўлиб, бу ҳикматни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзининг ҳадисларида шундай деганлар: “Дуо ибодатнинг мағзидур” демак барча ибодатларни мағзи дуо эканлигини ҳадиси шарифдан билиб олдик. Бизни қилган ибодатларимизни қабулини дуо қилиб сўрашлигимизга бўлган амр бежиз эмас, чунки ибодатни қилиб сўнгра қабулини яна сўрашлик жуда чиройли амал ҳисобланади. Бу ҳолатда икки нарса амалга оширилган бўлади, биринчиси ибодатни қабулини сўрашлик бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг менга дуо қилинглар деган буйруғини бажаришлик бўлади.
Биз аввало дуо нима эканлигини луғавий ва истилоҳий маъноларини билиб олишимиз керак бўлади.
Дуо – араб тилида “чақириш”, “сўраш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса банда ожизлигини тан олиб, хокисор ҳолда Аллоҳдан ёрдам сўрашликдир. Бу маънодан билиниб турубдики, бу дуони деярли ҳамма ҳар куни амалга оширади. Чунки дуо – ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилади.
Ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган. Яна биз билиб олишимиз талаб қилинадиган нарса шуки, дуо билан талабни фарқига боришимиз керак. Чунки биз “дуо” билан “бир нарсани талаб қилиш” маъноларини аралаштириб юборамиз. Шунинг учун, талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олишимиз керак.
“Талаб” сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. Масалан: мен ёнимда ўтирган одамга “сув бериб юборинг” десам киши олиб беради, мана шу талаб бўлади. Талабнинг дуодан фарқи бор. Талаб – кимдандир бирон нарсани сўрашдир.
Дуо эса, инсоннинг ўзидаги нафсоний бир холатдир. Дуо бутун вужуд билан берилиб ҳамма нарсани унитиб, Аллоҳ таолога қурбат хосил қилиб туриб, Роббил оламийннинг Ўзига ёлворишдир.
Қўлларини очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб тилга талаб сўзларни такрорланаётган бўлади. Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, ҳаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта бу ҳолатни дуо деб бўлмайди. Абу Ҳурайродан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Аллоҳга дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ дедилар”.
Роббил оламийннинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади.
Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Аллоҳ барчамизни фақатгина ўзидан сўраб ва ўзига ибодат қилишликга муяссар қилсин.
Абдиғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
тафсир фани ўқитувчиси
