ИСЛОМ ТАРИХИДАГИ ФИРҚАЛАР

35

Ислом дини тарихий жиҳатдан ягона, ҳақ динга асосланган ва барча мусулмонларни бир жамоат сифатида бирлаштиришни мақсад қилган диндир. Аммо вақт ўтиши билан турли ижтимоий, сиёсий ва ақидавий ихтилофлар сабабли уммат ичида турли фирқалар (оқимлар) пайдо бўлди. Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда огоҳлантириб, шундай деганлар: “Умматим етмиш уч фирқага бўлинади, улардан фақат биттаси нажот топади.” (Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти)

Бу мақолада Ислом тарихида юзага келган асосий фирқалар, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари ва ҳақ жамоа ҳақида маълумот берилади.

Фирқаларнинг пайдо бўлиш сабаблари.

Исломда фирқаларнинг пайдо бўлиши бир неча асосий омиллар билан боғлиқ:

  1. Сиёсий ихтилофлар — хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг халифалик масаласида келишмовчиликлар.
  2. Ақидавий масалаларда ихтилоф — Аллоҳнинг сифатлари, қазо ва қадар, имон-куфр тушунчаси каби масалаларда турлича ечимлар.
  3. Аслига етиб бормаслик ва фалсафий таъсирлар — баъзи тоифалар ўз ақидаларини исломий манбалар эмас, балки ақл ва фалсафага асослаб қурганлар.
  4. Жаҳолат ва бидъатлар — илмсизлик сабабли Пайғамбаримиз суннатига зид амаллар тарқалган.

Энг машҳур фирқалар:

  1. Аҳли суннат вал жамоат (Ҳақ жамоа)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлига эргашувчи йўналиш.

Ақидада Ашъарий ва Мотуридий мактабларига суянган.

Фиқҳда тўрт мазҳабга амал қилувчилар (Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий).

Бу фирқа ҳақ йўлда экани Пайғамбаримиз ҳадислари билан қувватланган.

  1. Хаворижлар

Аллий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган.

Ким гуноҳ қилса, кофир бўлади, деб эътиқод қиладилар.

Сиёсий жиҳатдан жуда кескин ва зўравон гуруҳ.

  1. Шиалар

Али розияллоҳу анҳуни ва унинг авлодларини халифаликка энг муносиб деб биладилар.

Ақидавий йўналишлари ичида Имомийя, Зайдия ва Исмоилия каби турли бўлимлар бор.

Кўпчилик шиалар саҳобаларни ҳақорат қиладилар, бу эса сунний уламолар томонидан бидъат ва хато деб ҳисобланади.

  1. Муътазила

Ақлни олий қўйиб, ақийдада фалсафага асосланган гуруҳ.

Аллоҳнинг сифатларини инкор қиладилар, фаол инсон ихтиёрини жуда кучли деб баҳолайдилар.

Қазо ва қадр, қиёмат, имон каби масалаларда суннатдан фарқли қарашларга эга.

  1. Жаҳмия

Жаҳм ибн Сафвон номи билан боғлиқ. Аллоҳнинг сифатларини бутунлай инкор қилганлар.

Уларга кўра, Аллоҳ на гапиради, на эшитади, на кўради. Бу қарашлар Қуръон ва суннатга зиддир.

Фирқалар орасидаги фарқнинг оқибатлари. Ислом умматининг парокандалиги: жамоалар ўртасида тафриқа ва зиддият.

Сиёсий низолар ва урушлар: халифалик даврларида пайдо бўлган жанглар ва қон тўкилишлар.

Бидъат ва хато эътиқодлар тарқалиши: баъзи фирқалар ақийда ва ибодатни ўз хоҳишига мослаштирди.

“Ҳақ жамоа — нажот топувчи тоифа” Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилган:

“Нажот топувчи тоифа ким?” — деб сўралганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен ва саҳобаларим қандай бўлсак, шундай бўлганлар.”

Аҳли суннат вал жамоат шу тоифадир. Улар Қуръон, Суннат ва саҳобалар йўлига амал қилувчилардир.

Ислом тарихида фирқаларнинг пайдо бўлиши инсон табиатидаги ихтилоф ва тафовутларнинг ижтимоий ва ақлий аксидир. Аммо ҳар бир мусулмонга лозимки, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлига эргашсин, илм олиб, фитнадан четда турсин ва ҳақ йўлда собит бўлсин. Ҳақ жамоа билан бўлиш — нажотга сабабдир.

 

Махтумқули ТОШҚУЛОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси