Кўплик категориясининг морфологик, лексик ва семантик ифодаланиши

10

Кўплик категорияси тилларда миқдор маъносини ифодалаш учун хизмат қилувчи муҳим грамматик ҳодисалардан бири бўлиб, унинг ифодаланиши турли тилларда ўзига хос хусусиятларга эга.

Кўплик грамматик категория сифатида предмет ёки ҳодисаларнинг миқдорий жиҳатдан кўп эканлигини ифодалайди. Бу категория сўзнинг грамматик шаклини ўзгартирувчи қўшимчалар ёки лексик воситалар ёрдамида юзага келади. Ўзбек тилшунослигида кўплик тушунчаси тилнинг морфологик, синтактик, семантик ва стилистик даражаларида ҳар томонлама тадқиқ қилинган.

Ўзбек тилшуноси Ғ.Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, кўплик “сўзнинг миқдорий кўпайишини грамматик шакл орқали ифодаловчи ҳодиса бўлиб, асосан “-лар” қўшимчаси ёрдамида ҳосил қилинади”.

Шунингдек, Н. Маҳмудов кўпликни ўзбек тилида лексик ва стилистик жиҳатдан ҳам кенг ўрганиб, “кўпликни ифодалаш фақат грамматик шакллар билан эмас, балки жуфт сўзлар, умумлашма бирликлар ва контекстуал воситалар орқали ҳам амалга ошади” деб таъкидлайди.

Араб тилида кўплик الجمع [ал-жамъ] бирликдан ортиқ бўлган нарсалар ёки шахсларни ифодаловчи грамматик категория бўлиб, бу тилнинг ўзига хос мураккаблиги билан ажралиб туради. Араб тили грамматикасида кўпликнинг икки асосий тури мавжуд: جمع سالم [жамъу салим] ва جمع تكسير [жамъу таксир]. Жамъу салим оддий кўплик бўлиб, сўзнинг асл тузилиши ўзгармайди, фақатгина охирига махсус қўшимчалар қўшилади. Жамъу таксир эса бузилган кўплик бўлиб, сўзнинг ички тузилиши ўзгариб, янги шакл ҳосил қилинади.

Араб тилшуноси Ибн Ҳишом кўпликни шундай таърифлайди:

الجمع هو التغيير الذي يلحق الكلمة للدلالة على أكثر من اثنين، ويكون هذا التغيير على نوعين: إما بزيادة أحرف وإما بتغيير في بنية الكلمة نفسها

(Таржимаси: “Кўплик – сўзда икки ёки ундан ортиқ нарсани ифодалаш учун юзага келадиган ўзгариш бўлиб, бу ўзгариш икки шаклда намоён бўлади: ҳарфларнинг қўшилиши ёки сўзнинг тузилишини ўзгартириш орқали”).

Шунингдек, Ибн Молик ўзининг машҳур “Алфийя” асарида шундай ёзади:

جمع التكسير من أوسع أبواب العربية، إذ يعكس غنى اللغة في التعبير ويظهر مرونتها في استخدام المفردات

(Таржимаси: “Жамъу таксир араб тилининг энг бой кўплик турларидан бири бўлиб, у тилнинг ифода имкониятлари кенглигини ва сўзлардан фойдаланишдаги мослашувчанлигини кўрсатади”).

Мисоллар: الكتاب ← الكتب [al-kitāb →al-kutub]: kitob →kitoblar.

Bu misolda jam’u taksir ishlatilgan bo‘lib, unda so‘zning ichki tuzilishi o‘zgargan.

الرجل←الرجال [ar-rajul →ar-rijāl]: эркак → эркаклар.

Бу ҳам жамъу таксирнинг типик кўриниши бўлиб, структуравий ўзгариш орқали кўплик ҳосил бўлган.

المعلم ← المعلمون [ал-муъаллим →ал-муъаллимūн]: ўқитувчи →ўқитувчилар.

Бу эса жамъу салим бўлиб, фақат қўшимча қўшиш орқали кўплик ҳосил қилинган.

Араб тили грамматикасида кўплик шакллари сўзларнинг турли маъноларни кенгроқ ифодалаш имкониятларини очиб беради. Жамъу таксир сўзга муболағали ёки махсус маъно юкини қўшиши билан ажралиб туради. Масалан, кутуб (китоблар) сўзи фақат китобларнинг кўплигини эмас, балки маълум бир аҳамиятга эга китобларни ҳам англатиши мумкин. Жамъу салим эса содда шаклда маъноларни ифодалаш учун қулай воситадир.

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқтувчиси   Азизбек Турсунпулатов