ЕТИМЛАРГА РАҲМ ҚИЛИШ

38

 قَالَ اللهُ تَعَالَى: فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ* وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ* وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ

Аллоҳ таоло:

«Аммо етимга қаҳр қилма. Ва аммо «соил»га зажр қилма. Ва аммо Роббинг берган неъмати ҳақида сўзла», деган (Зуҳо, 9-11).

Аллоҳ таоло Зуҳо сурасидаги ушбу оятларда етимларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:

«Аммо етимга қаҳр қилмагин».

Яъни, уни хорлама, камситма, ҳаққини ема ва ҳоказо.

Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувисидир.

 

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ  عَنِ النَّبِىِّ  قَالَ: أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ هَكَذَا وَقَالَ بِإِصْبَعَيْهِ السَّبَّابَةِ وَالْوُسْطَى. رَوَاهُ الأَرْبَعَةُ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда етимни ўз кафолатига олган кишига жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишлик ваъда қилинмоқда. Бу эса, етимга кафиллик қилиш улуғ иш эканлигига далилдир.

Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга, жаннатда худди кўрсаткич ва ўрта бармоқлар сингари яқин туриш ҳар бир банда учун чексиз бахт. Бундай бахтга сазовор бўлиш учун етимни ўз кафолатига олиш лозим бўлади.

عَنْ صَفْوَانَ بْنِ سُلَيْمٍ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: السَّاعِي عَلَى الأَرْمَلَةِ وَالْمِسْكِينِ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللهِ أَوْ كَالَّذِي يَصُومُ النَّهَارَ وَيَقُومُ اللَّيْلَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи Аллоҳнинг йўлида жидди-жаҳд қилувчи кабидир. Ёки наҳорни рўза тутиб, тунни бедор ўтказувчи кабидир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлида савобли иш қилувчи банданинг қанчалар улуғ иш қилишини ва унга бериладиган савоблар-у мартабалардан яхши хабардормиз.

Шунингдек наҳорни рўза тутиб, тунни бедор ўтказувчи киши қанчалар улуғ иш қилишини ва уларга бериладиган савоблар-у мартабалардан ҳам яхши хабардормиз.

Энди эса, бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи ҳам улар билан баробар эканлигини билиб олдик.

Аллоҳ таолонинг неъматлари жуда кўп, санаб охирига етказиб бўлмайди. Лекин доим шукрини келтириб юриш зарур. Шукр эса, неъматни берувчига мақтов айтиш ва неъматни Аллоҳ кўрсатган йўлда сарфлаш билан бўлади.

 

Аҳрор АБДУШУКУРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси