БИР ҲАДИС ШАРҲИ (Беморлик мўмин учун дўзаҳдан нажотдир)

10

عَنْ أَبِي هُرِيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:

إِنَّ رَسُولَ اللهِ ﷺ  عَادَ مَرِيضًا فَقَالَ:

«أَبْشِرْ ، فَإِنَّ اللهَ تَعَالَى يَقُولُ: هِيَ نَارِي ، أُسَلِّطُهَا عَلَى عَبْدِي الْمُؤْمِنِ فِي الدُّنْيَا لِتَكُونَ حَظَّهُ مِنَ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир беморни зиёрат қилдилар ва “Хурсанд бўл. Чунки Аллоҳ таоло: “Бу (беморлик) менинг оловимдир. Мен уни қиёмат кунида дўзаҳдан насибаси бўлиши учун дунё ҳаётида мўмин бандам устидан ҳумкрон қилиб қўяман”, дейди” дедилар” (Аҳмад, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти)

“أَبْشِرْ” – Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бемор кишига “хурсанд бўл!” деган сўзи “Агарда сен Аллоҳ таолонинг снега берган синовига рози бўлсанг, ажр-савоб ва Аллоҳ таоло жаннатда сен  учун ҳозирлаб қўйган улкан неъмат ва юксак манзиллар ила хурсанд бўл ва шодлан” маъносидадир.

“هِيَ نَارِي” – Аллоҳ таоло беморликни “у менинг оловимдир” дейишига сабаб иситма ва шу каби касалликлар сабабли бемор кишига етадиган тана ҳароратининг кўтарилишидир. Баъзилар уни бемор кишига етадиган оғриқнинг кучлилиги дея шарҳлашган.

“أُسَلِّطُهَا عَلَى عَبْدِي الْمُؤْمِنِ فِي الدُّنْيَا”  – Аллоҳ таоло “Уни (оловни) дунёда мўмин бандам устидан ҳукмрон қилиб қўяман” деб айтишига сабаб эса, касаллик учун мўмин банда устида уни бўйсундириб қўя оладиган даражада имконият мавжуд эканлигидир.

Касалликлар Аллоҳ таолонинг лашкарларидан бир лашкар бўлиб, Аллоҳ таоло уни ўзи хоҳлаган бандалари устидан ҳукмрон қилиб қўяди ва касалликлар сабабли бандалари ҳеч бир нарсага ўзларича қодир бола олмасликларини исботлаб беради. Агарда касаллик мўмин кишига етса, бу учун раҳмат бўлади. Бунга сабаб мўмин киши ўша касалликка сабр қилганлиги ва касаллик туфайли Аллоҳ таолога таслим бўлиши ортидан етадиган ажр-савоб ва гуноҳларнинг кечирилишидир. Зеро Аллоҳ ва Росули сабрли бандаларга қуйидагиларни ваъда қилади.

Alloh taolo:

﴿إَنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حَسَابٍ﴾

“Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур” (Зумар сураси 10-оят) дея марҳамат қилади.

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيْبُهُ أَذًى شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلَّا حَطَّ اللهُ تَعَالَى بِهِ سَيِّئَاتِهِ كَمَا تَحُطُّ الشَّجَرَةُ وَرَقَهَا

“Бирор мусулмонга тикон ёки ундан каттароқ бирор азият етса, худди дарахт баргини тўккани сингари Аллоҳ таоло ўша (азият) сабабли унинг ёмонликларини ўчиради” дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти)

“لِتَكُونَ حَظَّهُ مِنَ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ” – ушбу “حَظَّهُ” сўзи “улуш” ва “насиба” маъносидадир. Бу ўриндаги насиба у банда дунёда содир қилган гуноҳи сабабли қиёмат кунида муносиб жазо сифатида дўзаҳда ҳақдор бўладиган азобдир. Бандага дунёда бирор касаллик ёки шу каби бирор мусибат етса, Аллоҳ таоло ўша касаллик ва мусибатни охират азобининг муқобилига қўяди ва модомики у кабийра гуноҳлардан четланса ёки улардан насуҳ тавба билан тавба қилган бўлса, ўша гуноҳини ундан соқит қилиб юборади.

 

Аҳрор АБДУШУКУРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси