Ислом динида исрофгарчиликка муносабат
11

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, у ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. У зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
“Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин. Аллоҳ санга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! ерда бузғинчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғинчиларни сўймас”. (Қасос сураси, 77-оят)
Аллоҳ таоло бизларни риёкорлик, хўжакўрсинлик, манмансирашлик каби ножоиз ишлардан тийилиб, ўзининг розилигини истаган ҳолда ҳаёт кечирмоғимзга буюради, ҳамда барча ишларимизни меъёрида қилмоғимизни ва ҳаддан ошмаслигимизни талаб қилади.
Яна Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Шунингдек енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, у исроф қилгувчиларни севмайди”. (Аъроф сураси, 31-оят)
Ўлкамизда исрофнинг турли хил кўринишлари мавжуд. Жумладан “Бу давлатники…” деган нотўғри тушунча билан уйимизда, электир токи ёки сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаймиз. Айниқса, ичимлик сувидан оқилона фойдаланмаймиз ва ҳоказо. Ахир бу билан биз қайсидир биродаримизнинг ҳаққини суиистеъмол қиляпмизми, ёки бу давлат, бу ватан ўзимизники эканлигини ҳалиҳам тушуниб етмадикми?
Исрофгарчилигнинг яна бир тури – бу тўйларимиздаги исрофгарчилик. Давлватимиз томонидан тўй ва маросимларни ихчамлаштиришга доир қонунлар чиқарилганига қарамай яна тўй ва маросимларимиз сарфийёти камаймаётир. Бунга фақат имом домла эмас, жойлардаги оқсоқоллар ҳам жиддийроқ ёндошса яхши бўлар эди.
Шариат мусулмонларни барча нарсада хусусан, тўйга ўхшаш шодиёналарда, ҳам, совуқ маросимларда ҳам ўртамиёна бўлишга буюради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”. (Фурқон сураси, 67-оят)
Исрофгарчилигнинг яна бир тури, бу – таъзия ва унда ўтказиладиган маросимлардир. Барчамизга маълумки, таъзия уч кундир. Ундан кейин ўтказиладиган етти, йигирма, қирқ ва йил оши каби амаллар шариатимизда буюрилмаган. Аммо маййитнинг соҳиблари ихтиёрий равишда хайр-эҳсон қилиш бор. Лекин ўзи ночор бўлиб, бола-чақасидан орттира олмайдиган кишига “худойи ёки эҳсон қиласан” дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, ўзлари ҳам бу ишни вазифам экан деб, бола-чақанинг ризқини қийиб худойи қилишда ёки қимматбаҳо қабртошлар қўйиш ёки айрим жойларда ўтказиладиган “давра” деб аталмиш ўликни гуноҳини сотиш каби бидъат амалларни қилишда маййитга ҳеч қандай савоб ва манфаат йўқлигини билишлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, агар ортиқча маблағингиз бўлса, тирикка ҳам, ўликка ҳам манфаати ва савоби тегсин, десангиз шу маблағлар билан аввало фарзандларингизни, сўнг қавму-қариндошлар ва маҳалла-кўйингиздаги ночор оила болаларини ўқитишга ёрдам беринг, билимли ва маърифатли бўлишларига сабабчи бўлинг ёки қишлоқ ҳудудларида бўлсангиз кўприк ёхуд йўл каби халқнинг эхтиёжи тушадиган нарсаларга моддий ёрдам беринг. Ана шунда сиз истаган савоб ва садақайи жориялар бўлиб, икки дунё саодатига эришасиз”
Қодиров Омон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
