Абдуллоҳ ибн Муборак сиймоси
27

Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ Ҳанзалий Тамимий Абу Абдураҳмон Марвазий, ҳижрий 118 (милодий 736) йилда Марв шаҳрида тавалуд топган[1].
Ўз даврида Хуросон катта давлат бўлиб, чегараларининг аввали Ироқдан бошланиб, охири Ҳиндистонда тугаган. Унинг Нишопур, Ҳирот, Марв, Балх, Толкон, Насо, Абивард, Сарахс каби катта шаҳарлари бўлган[2].
Абдуллоҳ ибн Муборакниг номлари турли адабиёт ва кўпгина илмий асарларда учрайди. У зот тарихий, илмий, бадиий адабиёт саҳифаларида олим, аллома, буюк дин пешвоси сифатида муносиб ўрин олган. Баъзи олимларнинг у киши ҳақидаги фикрларини келтирамиз.
Алишер Навоий ўзининг “Насоим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” номли китобида у зотни шундай таьрифлайди: “Они уломаларнинг шаҳоншоҳи дер эмишлар”[3].
Мўьтамар ибн Сулаймон: “Ибн Муборакка ўхшаганини сира кўрмаганман”, деганлар.
Абдураҳмон ибн Маҳдий: “Абдуллоҳ ибн Муборакдан кўра кўпроқ ҳадис жамлаган муҳаддисни кўрмадим”, деган.
Ибн Ҳанбал эса: “Унинг давридаги илм аҳлидан бирортасида ҳам ибн Муборакда бўлган ҳислат йўқ. Чиндан ҳам у илму ирфоннинг бир ҳазинаси эди”, деган[4].
Бизгача Абдуллоҳ ибн Муборакнинг асарларидан баъзилари етиб келган.
“Китобул арбаьийн ҳадийсан”, яъни қирқ ҳадис китоби.
“Китобул истиьзан”, яъни изн сўраш ҳақидаги китоб.
“Китобул бирр вассила”, яъни яхшилик ва қариндошлик ҳақида китоб.
“Китоб ат-тарих”, яьни тарих китоби
“Китоб тафсирул Қурьон”, яъни Қурьон тафсири.
“Китобул жиҳод”, яьни жиҳод ҳақида китоб[5].
“Китоб ад-дақоиқ фир-рақоиқ”, яъни нафис нарсаларнинг нозик жиҳатлари ҳақида китоб.
Юқорида зикр этилган асарлар Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бизга маьлум бўлган асарларидан айримлари холос. Унинг бизгача номи ҳам етиб келмаган талайгина асарлари бор.
Адуллоҳ ибн Муборак Тарсусдаги ғазотдан қайтиб Ироқнинг Ҳийот шаҳрига келади ва шу ерда ҳижрий 181-йил рамазон ойининг 13-куни саҳар чоғида вафот этади.
Қодиров Омон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Муҳаммад Усмон Жамол “Буюк донишманд”. – Т.: Имом ал-Бухорий халқора маркази 2009. Б – 2.
[2] Исмоил Райҳон. “Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазийнинг ҳаёт йўллари”. – Қ.: Насаф. 2001. Б – 5.
[3] “Жумақул Қурбонов. Жўра Йўлбарсов. “Улуғ ҳадисшунос Муборак ал-Марвазий”. Қ.: Насаф 1996. Б – 7
[4] Ўша манба – Т.: Имом ал-Бухорий халқора маркази 2009. Б – 4.
[5] Жиҳод ҳақида биринчи бўлиб асар ёзган олим Абдуллоҳ ибн Муборак бўлади. Мазкур асарда марфуь ҳадис ҳамда саҳоба ва тобеьинларнинг сўзлардан 262 тасини тўпланган. Китоб ҳижрий 1391 (мелодий 1971) йили Байрутда Назиҳ Ҳаммод таҳрири остида нашр этилган.
