НАҲВИЙ МАКТАБЛАРДА ЖУМЛА ТУЗИЛИШИГА ЁНДАШУВЛАР

23

Басра ва Куфа мактаблари мисолида араб синтаксисининг шаклланишида ва ривожланишида Басра ва Куфа наҳвий мактабларининг рўли алоҳида аҳамият касб этади. Бу икки мактаб тил ҳодисаларига ёндашувда умумийликдан кўра тафовутларга эга бўлиб, айниқса жумла тузилмаси, таркибий қисмларининг аниқланиши, ҳамда грамматик вазифаларнинг баҳоланишида ўзига хос ёндашувларни намоён этган.

Басра мактаби грамматикани мантиқий, қоидавий ва қиёсий асосда изоҳлашга интилган. Жумла тузилмасига бу мактаб вакиллари қатъий тартиб, изчиллик ва грамматик бирликлараро сабабийлик нуқтаи назаридан ёндашганлар.

Басраликларнинг фикрича, ҳар бир жумла муснад илайҳ (яъни “боғланилувчи”, субъект) ва муснад (яъни “боғланувчи”, предикат)дан иборат бўлиши шарт. Жумла структураси бу икки унсур асосида баҳоланади. Улар учун грамматик ўрин (эъроб) эмас, балки грамматик вазифа (наҳвий роли) биринчи ўринда туради.

Масалан: Исмий жумлада:زيدٌ قائمٌ  – “Зайд тик турибди” – бу ерда Зайд – муснад илайҳ, қаимун – муснад.

Феълий жумлада:ذهبَ زيدٌ  – “Зайд кетди” – бу ерда Заҳаба – муснад, Зайдун – муснад илайҳ.

Бу таҳлил формаси замонавий тилшуносликда валентлик назарияси, предиcате-аргумент струcтуре деб юритиладиган тушунчаларнинг энг қадимий ифодаси бўлиб хизмат қилади.

Куфа мактаби эса кўпроқ оғзаки тил, шевалар ва Қуръондаги луғавий далилларга таянган. Улар жумла тузилмасини ҳам мантиқий асосга эмас, эслатилган тил бирликларининг реал қўлланилишига асослаб таҳлил қилганлар. Уларнинг қарашича, жумла қурилиши қатъий муснад – муснад илайҳ моделига бўйсунмаслиги мумкин, балки контекст, ният, талаффуз тартиби асосида баҳоланади.

Мисол учун, куфаликлар баъзи ҳолларда феълнинг туширилган бўлишини, мубтадаъ ёки хабарнинг кечиктирилишини грамматик муаммо деб эмас, услубий фарқ деб баҳолаганлар.

Шунингдек, улар исмий жумлада феъл бўлмаган пайтда ҳам замонийлик унсури мавжуд бўлиши мумкинлигини тан олганлар. Яъни:

السماءُ صافية — “Осмон очиқ” – бу жумла нафақат ҳолатни, балки феълий жумладагидек воқеликни ҳам билдиради, дея қарашган.

Бу мактабнинг ёндашуви нутқдаги табиий ифода, мажозийлик, ихтисослашган структуралар ва синфий грамматик ҳодисаларни таҳлил қилишда қулайлик яратган.

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқтувчиси   Азизбек Турсунпулатов