Хоч ёниида уйғонган иймон:  Саид ибн Омирнинг юракка урилган ҳақиқат лаҳзаси

29

“Мен уни ёрдамчисиз қолдиргандим…”

Замонлар ўтади. Унут бўлиши керак бўлганлар унут бўлади. Лекин баъзи лаҳзалар бор – қалб тубига ўйилган тошдек, умр бўйи унутилмайди. Баъзан бир воқеа, бир кўзгу, бир сўз бутун ҳаётни ўзгартиради. Саид ибн Омир ал-Жумаҳий розияллоҳу анҳу учун бундай бурилиш – бир шаҳиднинг хоч устидаги сукутли сабридан бошланди.

У ёш эди. Ғурури баланд, юрагида ҳали иймон уйғонмаган. Маккадаги Қурайш зодагонлари сафида бўлиб, Танъим томонга йўл олди. Воқеа оддий эмасди – Муҳаммад (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бири — Хубайб ибн Адий розияллоҳу анҳу — тутиб олинган, энди ундан Бадр жангининг қасосини олишмоқчи эди.

Саид ҳам минглаб одамлар орасида қатлни томоша қилиш учун борди. Ўша саҳна – Хубайбни занжирда олиб боришар, болалар, аёллар устига тупурар, эркаклар унга лаънатлар ёғдирмоқда эди. Аммо… Саид кутилмаган нарса кўрди. Хубайб тинч эди. Воқеанинг энг ваҳимали палласи – у хочга тортилишдан олдин, икки ракат намоз ўқиш учун изн сўради.

Бу икки ракат – ғанимлар орасида, қатл оғушида, очиқ осмонда, енгилгина майин шамолда адо этилган ибодат – Саиднинг қалбига дастлабки зарбани берди. Бу ҳаловат нимадан? Бу сукунат қайдан?

Хубайб намоздан кейин шундай деди:

“Агар сизлар мен намозни чўзганимни ўлимдан қўрқишим, деб ўйламасаларингиз эди, албатта мен узоқроқ ибодат қилардим.”

Бу гап – бир имон эгасининг дунё билан видоси эмас эди, бу – иймоннинг ғалабасини эълон қилган сўзлар эди.

“Қасамки, мен ўзим омон қолишимни хоҳламайман, агар Муҳаммадга бир тикон кирса…”

Саиднинг юраги яна зарб олди. Душман деб ўйлаган бу одам – ўз жони, оиласи, болаларидан кечиб, Муҳаммадга (с.а.в.) бир тикон ботмаслигини тиламоқда! Ким бу инсон? Ким бўлди, деган ўйларга чўмди Саид. Хубайбнинг баданидан аъзолари мушриклар томонидан  бирин-кетин узилиб ташланар экан, у фарёд ўрнига дуо қилади:

“Аллоҳим, уларни бирин-кетин санаб чиқ, уларнинг барчасини ҳалок эт ва улардан ҳеч бирини тирик қолдирма.”

Бу дуо лаънат эмас, бу Ҳақ билан зулум ўртасидаги иймон жанги эди. Ва Саид бунга гувоҳ эди.

Орадан вақт ўтди. Лекин Саиднинг хотирасида Хубайб хоч устида туриб, осмон сари дуо қилаётган ҳолатда абадий муҳрланди. У ҳар кеча тушида Хубайбни кўрди. Уйғоқликда унинг садосини эшитди. Шунда англадики, ҳақиқат бу: “Муҳаммад чин Расул бўлмас экан, ҳеч ким унга бу даражада садоқат билан бўйин эгмасди!”

Саид иймон топди. Ва бутун умрини иймонини исбот қилишга бағишлади.

У ҳижрат қилди. Мадинага борди. Расулуллоҳ ﷺга эргашди. Ғазотларда қатнашди. Охиратни танлади. Камтар яшади. Бойлик, лавозим, ўзини улуғ санаш унга ёт эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унга валийлик (ҳокимлик)ни таклиф қилганида, бу таклифни фитна деб билди. Аммо масъулиятдан қочмади.

Халқ уни яхши кўрди, лекин айримлар унга шикоят ҳам қилди: у тонгда кеч чиқади, тунда ҳеч кимни қабул қилмайди, ойда бир кун умуман чиқмайди, баъзида ҳушидан кетади.

Умар розияллоҳу анҳу бу эътирозларни ўрганмоқчи бўлди. Саид эса бошини эгди ва айтди: “Хизматкорим йўқ. Нонни ўзим ёпаман. Кун халқ учун, тун Роббим учун. Ягона кийимим бор – уни ойда бир юваман. Ва… ҳушим кетган лаҳзалар? Бу – Хубайбга қилган хиёнатимни эслаганимда келади. Мен уни ёрдамчисиз қолдиргандим…”

Умар розияллоҳу анҳу  йиғлади. Кўз ёшлари соқолигача оқди. Ва сўнг деди:

“Аллоҳга ҳамд бўлсин, мени гумонимни ёлғонга чиқармади!”

Саид розияллоҳу анҳу сўзда эмас, амалда иймон эгаси эди.

Унинг уйи фақир эди. Овқат йўқ, олов йўқ. Умар розияллоҳу анҳу унга 1000 динор юборди. У эса йиғлади:

“Дунё келди… Фитна уйимга кирди…”

Аёли: “Ундан халос бўл!”

Саид: “Ёрдам берасанми?”

Аёли: “Ҳа, албатта.”

Саид розияллоҳу анҳу бу маблағни муҳтожларга тарқатди. Бева, етим, камбағал. Улар ҳақига эгалик қилмай, Аллоҳга “қарз” берди.

Бугунги мусулмонга сабоқ

Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу — дунёдан кечиб, охиратни танлаган, ўз жонидан кўра ҳақиқатни азиз тутган, Аллоҳ учун ўзини фидо қилган зот эди. У бизга ўргатди:

— Иймон — юракдаги куч.

— Ҳақиқат — ҳатто душман тилидан айтилса ҳам, юракка урилади.

— Садоқат — жон билан исбот қилинади.

— Зоҳидлик — фақирлик эмас, Аллоҳга бўлган бойликдир.

Учқур бир лаҳза — хоч тепасидаги намоз — Саиднинг бутун ҳаётини ўзгартирди. Биз ҳам ҳаётда шундай лаҳзаларга дуч келамиз. Савол — биз уни сезамизми? Юрак уни қабул қиладими?

“وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ”

“Улар ўзларининг эҳтиёжи бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар.”
(Ҳашр сураси, 9-оят)

Аллоҳ таоло барчамизга Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу каби содиқлар изидан юришни насиб этсин!

 

       “Сувар мин ҳаятис саҳоба” асари асосида

Қурбонов Хайрулла Юнусович тайёрлади

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси Араб тили ўқитувчиси