Ислом динида ҳар қандай тажовузкорлик қораланади
31

Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантириб камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир.
Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилиниши эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқиб кетмасликка буюради. Дини ва миллатидан қатъий назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка ундайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
“Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва (лекин) ҳаддан ошмангиз. Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай”[1]
Шунингдек қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам бу мазмун ўз ифодасини топган:
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёв билан тўқнашувни (урушни) орзу қилмангиз. Борди-ю тўқнашувга тўғри келиб қолса, собитқадамлик билан бардош берингиз” дедилар [2].
Қуръони карим ва ҳадис шарифларда ислом аҳли учун берилган кўрсатмаларда фақат эзгуликка даъват этилганини кўрамиз. Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, зиёнкорлик каби разил ишларни қоралайди ва улардан ҳазар қилишга буюради.
Бинобарин динидан қатъи назар, бегуноҳ инсонлар жонига қасд қилиш Аллоҳ олдида энг оғир жиноят ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, жаҳоннинг турли бурчакларида юз бериб турган, қонли фожиаларга сабаб бўлаётган фитна-иғволар, зўравонликларнинг инсониятга қарши қаратилган ашаддий хуруждан бошқа нарса эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.
Таассуфки, баъзан ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда.
Шундай экан, жаҳон халқларининг зўравонликка, қон тўкишларга қарши кураши, бу мудҳиш офатни таг-томири билан инсоният ҳаётидан юлиб ташлаб, жаҳонда осойишта ҳаёт, халқаро самимий муносабатларни барқарор қилиш йўлида бир-бирларига кўмаклашишлари лозим.
Қодиров Омон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] А. Мансур. “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”.. Т:, ТИУ. 2004. “Бақара” сураси, 190-оят таржимаси.
[2] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” 2008. – Б 543.
