Мутаассиблик ва “ғулу” тушунчалари, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари ва оқибатлари
13

Муқаддас ислом дини эзгуликка асосланган мўътадил дин бўлиб, диний мутаассибликка ва динда чуқур кетишга доимо қарши турган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда ҳар хил номлар остида динга тасвирлаб бўлмас даражада зарар етказган. Бу ҳол ҳозирда ҳам жарангдор ном ва шиорлар ниқоби остида давом этмоқда. Динимизнинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу бидъатлар қаттиқ қораланган.
Хўш, диний мутаассиблик нима? Диндаги ғулу нима?
Мутаассиблик – луғавий жиҳатдан бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билиш маъносини билдиради. Ҳозирги вақтда буни “фанатизм” ҳам дейилади.
Мутаассиб – кўр-кўрона ҳох тўғри, ҳох нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини тўғри, бошқаларнинг фикри нотўғри деб эътиқод қилувчи ва ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилувчи киши.
Динда ғулу кетиш – бу ибора “динда чуқур кетиш”, “диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш”, “тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш” маъноларини англатади. Жумладан, ибодатларнинг шартларини бажаришда ҳам ғулу бўлиб, улар динимизда қаттиқ қораланади. Масалан: таҳорат ва ғуслда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатларида кўрсатилган меъёрдан ортиқ сув ишлатишни уламоларимизнинг айримлари “исроф” деса, баъзилари “ғулу”нинг бир кўриниши деганлар. Шунингдек, ғулу инсоннинг еб-ичиши, кийиниши ва ҳатто кафанланишида ҳам мавжуд. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в.): “(Маййитни) кафанлашда ҳаддингиздан ошманглар”, деб буюрганлар[1].
Мутаассиблик ва динда чуқур кетишнинг асосий сабабларидан бири диний илм – Қуръон, ҳадис ва шариатни билмасликдир. Тарихда бундай эътиқоддаги кишилардан айримлари ислом динида пешво саналган салаф уламоларни, ҳатто пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг саҳобаларини ҳам “кофир” деб аташгача борганлар.
Мутаассиблик ва динда чуқур кетиш (ғулу) ҳар бир соҳада, масалан илмий, ижтимоий, ақидавий соҳаларда доим учрайдиган ҳолат бўлиб, дин ва жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллардан биридир. Шунингдек, мутаассиблик ва ғулу диний – ақидавий ва фиқҳий соҳаларда номоён бўлиб, ҳар хил ихтилофлар манбаи сифатида турли ижтимоий ва сиёсий оқимларнинг вужудга келишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Бунинг оқибатида инсон ўзининг тутган йўлини мутлақо тўғри деб эътиқод қилади ва унда бошқаларни ҳам шунга мажбурлаш истаги пайдо бўлади. Шунингдек, ўзининг амаллари сабабли мағрурланиш ҳолатлари ҳам кузатилиб, ҳатто атрофдаги мусулмонлардан ўзини устун қўйиш даражасига етиб боради. Шубҳасиз, бундай эътиқод ўз соҳибини охират хорлиги томон етаклайди, жамиятда эса парокандаликни келтириб чиқариди ва оқибатда унинг таназзулига сабаб бўлади.
Қодиров Омон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Маваҳибу-л-жалил фий шарҳи мухтасари-ш-шайхи-л-Халил. “Дору олами-л-кутуб” 5-жуз. Мадина.: 2003. – Б. 460.
