АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТ КИМЛАР?

11

Autumn dawn in forest

Ислом уммати ичида тарихан турли оқим ва мазҳаблар пайдо бўлган. Шу оқимлар ичида ҳақ йўлда, суннатга эргашувчи, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар йўлидан борувчи гуруҳ «Аҳли суннат вал жамоат» деб аталади. Бу атама нафақат бир тоифани белгилайди, балки Ислом ақидаси ва амалида тўғри йўлни танлаганларнинг умумий номи ҳисобланади.

“Аҳли суннат ва жамоат» деган ибора икки қисмдан ташкил топган:

Аҳли суннат: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчи инсонлар.

Жамоат: Ислом умматининг асосий қисмини ташкил қилувчи, саҳобалар йўлидаги йўлни тутиб келаётган гуруҳ.

Ушбу атама биринчи марта фитналар пайдо бўлган даврда, хусусан, ховарижлар ва шиалардан ажратиш мақсадида ишлатила бошланган. Уларнинг эътиқоди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларининг йўлига зид бўлгани учун, ҳақ йўлдаги уламолар ўзларини “Аҳли суннат вал жамоат” деб аташган.

Аҳли суннат вал жамоат ақидаси Қуръон ва Суннатга асосланган бўлиб, ақийда ва амалда барча ифрот ва тафритдан йироқ туришни кўзлайди. Уларнинг ақидавий асосларидан баъзилари:

  1. Аллоҳ таоло сифатлари: Аҳли суннат Аллоҳнинг сифатларини Қуръон ва ҳадисларда қандай келган бўлса, шундай қабул қилади. Уларда ташбеҳ (ўхшатиш) ёки таътил (инкор этиш) йўқ.
  2. Қазо ва қадрга иймон: Яхшию ёмон ишлар Аллоҳнинг қазоси ва қадри билан бўлишига иймон келтиради.
  3. Пайғамбарларга иймон: Барча пайғамбарлар ҳақ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса охирги пайғамбар эканига иймон келтиради.
  4. Саҳобаларга муҳаббат: Барча саҳобаларни ҳурмат қилиш, улар орасидаги ихтилофларга аралашмаслик.
  5. Ақийдада ва амалда ўрта йўл: Ифрот ва тафритдан сақланиш, ақийдада ҳам, ибодатларда ҳам мувозанатни сақлаш.

Аҳли суннат вал жамоат ақидаси асосан икки буюк имом орқали тизимлаштирилган:

Имоми Абу Ҳанифа (р.а) – ақида ва фиқҳда машҳур. Унинг изидан борганлар Мотуридия мактабини ташкил қилганлар.

Имоми Ашъарий (р.а) – у ҳам ақидавий мактаб асосчиларидан. Ашъария ва Мотуридия икки асосий сунний ақидавий мактаблардир.

Фиқҳда эса Аҳли суннат тўрт мазҳабда тўпланган:

  1. Ҳанафий
  2. Моликий
  3. Шофеъий
  4. Ҳанбалий

Бу мазҳаблар Қуръон ва суннат асосида ижтиҳод қилган ва Исломнинг тўғри йўлини кўрсатган.

Аҳли суннат вал жамоат – Ислом динининг энг кенг тарқалган ва эътиқодда энг барқарор йўналишидир. У жамиятда бирлик, меъёрийлик ва суннатга садоқатни таъминлайди. Аҳли суннат бўлиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар йўлида собит туришдир. Бу йўлда билим, ихлос ва бардавомлик билан ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

 

Махтумқули ТОШҚУЛОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси