Инсон ҳаётидаги энг муқаддас, масъулиятли ва баракали муносабатлардан бири – никоҳдир. Оила қуриш нафақат икки инсоннинг бирга яшаши, балки ислом динида илоҳий аҳд, жамият пойдевори ҳисобланади. Аммо афсуски, бугунги кунда оилалар ўртасидаги ажримлар кўпайиб бормоқда. Ажримларнинг турли сабаблари кўрсатилади, лекин уларнинг илдизида асосий омил сифатида илмсизлик туради.

Оиланинг парчаланиши нафақат эр-хотинга, балки фарзандларга, ота-онага, ҳатто бутун жамиятга салбий таъсир кўрсатади. Ажрим – қалблар ёрилиши, муҳаббатнинг сўниши, масъулиятсизликнинг натижаси, иродасизлик ва энг асосийси – илмсизлик оқибатидир.

Оила қуришдан олдин ҳам, кейин ҳам инсонларда тўғри билим ва тарбия бўлиши керак. Илмсизлик дегани фақат мадраса ёки университетга бормаганлик эмас. Илмсизлик – никоҳнинг маъносини тушунмаслик, эр-хотин ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик, сабр, мушовара, маслаҳат, муросанинг қадрини англамасликдир.

Ажримга олиб бораётган илмсизликнинг бир неча кўринишлари мавжуд:

  1. Диний билимнинг йўқлиги. Исломда никоҳ суннат, ажрим эса Аллоҳга энг ёқмас ишлардан бири эканлиги маълум. Буни билмаган инсон учун ажрим оддий ишдек туюлади. Қуръон ва ҳадисларда оила, сабр, кечирим ва бир-бирини тушунишга доир кўплаб таълимотлар бор. Аммо уларни ўрганмаган инсон нафсига югуради, муҳаббатни қадрламайди.
  2. Ота-оналарнинг никоҳга тайёрламаслиги. Кўпчилик ёшлар оила қуришни фақат байрам, тўй ва ранг-баранг маросим деб билади. Аммо оила – масъулият, сабр ва бир умрлик аҳд. Бу ҳақда насиҳат берилмаган, ҳаётга тайёрланмаган ёшлар муаммоларга дуч келганда дарҳол ажримни танлайди.
  3. Хотин ва эр ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик. Исломда хотиннинг ҳам, эрнинг ҳам ўзига хос ҳақлари ва вазифалари бор. Илмсиз инсонлар ўртасида улар инкор этилади, зулм, бефарқлик, аҳамиятсизлик юзага келади. Натижада муҳаббат эмас, ғазаб устун бўлади.
  4. Ташқи таъсир ва исломий фикрсизлик. Ижтимоий тармоқлар, кино ва модалар оилани енгил, бузиладиган, вақтинчалик деб кўрсатади. Агар инсонда исломий қараш, ақл ва илм бўлмаса, у шуларга эргашиб ҳаётини ҳалокатга етаклайди.

Ислом таълимотига кўра мустаҳкам оила учун илм шарт. Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в) айтдилар:

«Сизлардан кимда-ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин. Бу кўзни паст қилиш ва нафсни тозалашга ёрдам беради.» (Бухорий, Муслим)

Бироқ бу ҳадис нафақат уйланишга даъват, балки масъулиятни зиммага олишни англатади. Исломда никоҳдан олдин ва кейин илм талаб қилинади: ақида, ахлоқ, ҳуқуқ, ва оилавий муносабатлар борасида.

Айтиш жоизки, ажримлар – кўпинча нафақат муҳаббат тугаганидан, балки илм йўқлигидан, ақлли маслаҳат етишмаслигидан келиб чиқади. Илмсиз эр ёки хотин нафсга эргашади, муҳаббатни сақлаш ўрнига уни йўқ қилади. Шунинг учун ҳар бир ёш оила қуришдан аввал ва кейин диний ва дунёвий билимларга эга бўлиши, шунингдек, сабр, муҳаббат, ҳурмат, кечирим ва масъулиятни ҳаёт қоидаси қилиши шарт.

Мустаҳкам оила – жамиятнинг пойдевори, илм эса унинг қалқонидир.

 

Махтумқули ТОШҚУЛОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси