Уламоларнинг Имом Замахшарийнинг илмий фаолиятига берган таърифлари
23

Имом Замахшарий ўзининг чуқур билими, ўткир фикри ва сермаҳсул илмий фаолияти туфайли замондошлари ва кейинги авлод олимлари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлган.
Аллома Фаҳруддин ар-Розий Замахшарийнинг тафсир соҳасидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, шундай деган:
«كان تفسيره الكشاف من أحسن التفاسير وأدقها»
(Унинг «Ал-Кашшоф» тафсири энг яхши ва энг нозик тафсирлардан биридир.)
Шайх Муҳаммад аз-Зарқоний эса Замахшарий ҳақида шундай ёзган:
«بلغ الزمخشري الذروة في علوم اللغة والتفسير حتى صار علماً بارزاً«
(Замахшарий тилшунослик ва тафсир илмларида чўққига етиб, буюк бир белгига айланди.)
Ал-Бағдодийнинг ёзишича, Замахшарий ўзининг илмий соҳасида биринчи ўринда турган олимлардан эди:
«كان الزمخشري إماماً لا يشق له غبار في علوم اللغة«
(Замахшарий тилшунослик илмларида тенги йўқ имом эди.)
Имом Замахшарий нафақат ўз даврининг, балки кейинги авлодларнинг ҳам илмий мулоҳазаларига таъсир ўтказган улуғ аллома эди. Унинг тафсир, тилшунослик ва наҳв соҳасидаги асарлари нафақат мусулмон дунёсида, балки бошқа илмий мактабларда ҳам юксак баҳоланган. Уламоларнинг таърифлари унинг ўлмас мероси ва илмий мақомини яна бир бор тасдиқлайди.
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқтувчиси Азизбек Турсунпулатов
