ИСЛОМДА ҒИЙБАТНИНГ ХАТАРИ
13

Ислом дини мусулмонларни жамиятда тинч-тотув яшашга, ҳалоллик, поклик ва яхши муомалага ундайди. Бу йўлда инсон тилининг роли жуда катта. Тил орқали сўзлар айтилади, сўз эса инсон қалбининг ойнаси саналади. Исломда ғийбат – яъни бировни орқасидан ёмонлаб гапириш – катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бу амал нафақат шахсий, балки ижтимоий ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Ғийбат нима?
Ғийбат сўзи арабча “ғайб” – яъни йўқ бўлиш, кўз ўнгида йўқлик маъносидан келиб чиққан. Шариат истилоҳида ғийбат – бирор кишининг орқасидан, агар у эшитса, ранжийдиган гапларни айтишдир. Ҳатто айтилган гап ҳақиқат бўлса ҳам, бу ғийбат саналади. Агар айтилган гап ёлғон бўлса, бу бўҳтон (туҳмат) бўлиб, ундан-да ёмонроқ гуноҳ ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ғийбат ҳақида шундай деганлар:
“Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, – дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Биродарингни ёқтирмайдиган нарсаси билан эслашингдир”, – дедилар. У зотга: “Айтганим ҳақиқат бўлса-чи?” – дейилганида: “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилдинг, бўлмаса, унга туҳмат қилгансан”, – дедилар. (Имом Муслим ривояти)
Ғийбатнинг дунёвий ва охиратдаги зарарлар
Ғийбат қилиш орқали инсон аввало ўзининг қалбини ифлослайди, ижтимоий муносабатларга дарз кетказади. Ғийбат жамиятда фитна, ғийбатга сабаб бўлган одамга нисбатан нафрат, ишончсизлик ва адоват пайдо қилади. Охират нуқтаи назаридан эса бу гуноҳ катта азобларга олиб келиши мумкин. Қуръони каримда ғийбат қилувчилар “ўлик биродарининг гўштини еган кишига ўхшатилади”
«Сизлардан бирор киши ўлик биродарининг гўштини ейиишни хоҳлармиди? Йўқ, сиз буни ёмон кўрасиз! Аллоҳдан қўрқинглар!» (Ҳужурот сураси, 12-оят)
Бу оят орқали Аллоҳ таоло ғийбатнинг нақадар жирканч ва қабиҳ иш эканини таъкидлайди.
Ғийбатдан қандай сақланиш керак?
Тилни тийиш – ҳар бир мусулмон оғзидан чиқаётган сўзига эътиборли бўлиши лозим. Яхши гумон қилиш – одамлар ҳақида салбий фикр юритмаслик керак. Сукут сақлашни ўрганиш – ҳар доим гапириш шарт эмас, баъзида сукут – нажотдир. Ўзини бошқалар ўрнига қўйиш – агар кимдир сиз ҳақингизда орқадан гапирса, қандай ҳолатга тушишингизни тасаввур қилинг. Яхши суҳбатдошлик – ғийбат қилувчилардан узоқ юриш, фойдали суҳбатлар қуриш муҳим.
Исломда ғийбат қилиш нафақат катта гуноҳ, балки ижтимоий ахлоқий инқироз сабабларидан биридир. Ҳар бир мусулмон бу хатардан ўзини тийиши, бошқаларга ҳам бу борада ибрат бўлиши лозим. Ғийбатдан сақланиш – Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлида муҳим қадамлардан биридир. Зеро, Пок динимиз бизни покиза ҳаётга чорлайди.
Ҳомидов Ҳикматуллохон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
