БИРОВНИНГ АЙБИНИ ҚИДИРМАСЛИК

24

Ислом дини мусулмонларни поклик, ҳалоллик, яхши хулқ ва ўзаро ҳурматга чақиради. Бу дин инсонни энг аввало ўзини ислоҳ қилишга ундайди. Бировнинг айбини излаш, уни фош қилиш ёки устидан кулиш эса Исломда қатъиян ман этилган. Бошқаларнинг камчилигини излаб юриш – бу нафақат гуноҳ, балки ижтимоий инқирозга сабаб бўладиган хатти-ҳаракатдир. Қуръон ва ҳадисларда бу борада кўплаб огоҳлантиришлар мавжуд.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.

Бу оятда бошқаларнинг сирини очиш ёки айбини қидириш «жосуслик» (тажассус) деб аталмиш ва бу иш мутлақо қораланган. Айб излашнинг оқибати, ғийбатга, туҳматга ва ижтимоий ишончсизликка олиб бориши қайд этилган.

ـ وعن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: (من ستر مسلما ستره الله في الدنيا والآخرة

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар. «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади».

Айб қидиришнинг ижтимоий зарарларидан баъзилари

  1. Ишонч йўқолади – одамлар бир-биридан шубҳаланади.
  2. Ғийбат, туҳмат, фитна кучаяди – бу эса жамоада нифоқга сабаб бўлади.
  3. Қалблар бузилади – кин, адоват ва ҳасад кўпаяди.
  4. Ўзини унутиш – одам бошқаларнинг айбини қидириб, ўзини ислоҳ қилишни унутади.

Ислом бизни Яхши гумон қилишга, Бировнинг сирини очмасликка, Ўз айбимизни кўришга, бошқаларга насиҳатни очиқ эмас, пинҳона қилишга, бировни фош қилишдан кўра уни кечиришга чақиради.

Исломда бошқаларнинг айбини излаш катта гуноҳ саналади. Бу амал нафақат динимизга, балки инсонийликка ҳам зиддир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини ислоҳ қилиш, бошқаларга эса яхшилик билан ёндашишни устувор деб билиши керак. Айб қидириш ўрнига, дуода бўлиш, насиҳат билан ёндашиш, кечиримли бўлиш – бу Расулуллоҳ (с.а.в) суннатларидандир.

 

Ҳомидов Ҳикматуллохон

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси