ИСЛОМДА КИШИ ЎЗ ИШИНИ ПУХТА БАЖАРИШИ МАҚТОВЛИ ИШДИР
13

Ислом дини нафақат ибодат, балки меҳнат, ҳалоллик ва масъулиятга асосланган ҳаёт тарзини тарғиб қилади. Мусулмон инсон нафақат намоз, рўза ва ҳаж билан Аллоҳга яқинлашади, балки ўз вазифасини виждонан, пухта бажариш орқали ҳам Аллоҳнинг розилигига эришади. Киши қилаётган ишидан қатъи назар – у деҳқонми, ўқитувчими, ҳунармандми ёки раҳбарми – ўз юмушини ҳалол, самимий ва мукаммал бажариши Исломда мақтовли сифат саналади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) дедилар:
«Албатта, Аллоҳ бирор иш қилганингизда уни пухта (яхши) бажаришингизни яхши кўради.» (Имом Байҳақий ривояти)
Бу ҳадис шуни англатадики, ҳар қандай амал – у диний бўлсин ёки дунёвий – эътибор билан, масъулиятли ва чиройли тарзда бажарилиши керак. “Ишни яхши қилиш” – бу фақат техник жиҳатдан эмас, ниятда, вақтида ва виждонан бажаришда ҳам намоён бўлади.
Ислом одоб-ахлоқ динидир. Киши ўз ишига эътибор бермаса, уни лоқайдлик ёки масъулиятсизлик билан бажарса, бу мусулмонлик руҳиятига зиддир. Пухта меҳнат:
- Ҳалол ризқ манбаидир – яхши бажарилган иш орқали инсон ҳалол даромад топади.
- Жамиятга фойда келтиради – ҳар ким ўз вазифасини пухта бажарса, жамият тараққий этади.
- Исломий обрўни оширади – мусулмонлар доимо ишончли, ишбилармон халқ бўлиб танилади.
Исломда ишни пухта қилиш – бу фақат дунёвий муваффақиятга эришиш эмас, балки Аллоҳ розилигини қозонишнинг йўли ҳамдир. Ҳар бир мусулмон ўз касбини ҳурмат қилиши, унга масъулият билан ёндашиши ва мукаммал бажаришга интилиши керак. Чунки ишга эътибор – имон аломатидир.
Ҳомидов Ҳикматуллохон
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
