РИЖОЛЛАР ЯРАТУВЧИСИ  

22

Подшоҳ заргарига олтиндан бир тож ясашни буюрди. Мақсади – олтин тожни мамлакатдаги энг улуғ касб эгасига кийдириш эди.

Заргар подшоҳнинг амрини бажо келтириб, бир неча кунда олтин тожни ясаб битирибди. Кэйин жарчилар кўчаларни кезиб, ноғоралар садоси остида мамлакатдаги энг буюк иш учун подшоҳ мукофот белгилаганини, мусобақага қатнашишни истаганлар ҳазрати олийлари ҳузурига бориб, ўз ишларини фалончи кунда сарой майдонида, бутун халқ кўз ўнгида кўрсатишлари кераклигини эълон қилишибди.

Келишилган кун келгач, шоирлар, рассомлар, олимлару ҳунармандлар сарой майдонида тўпланибди. Ҳар ким ўз ижодини кўрса бошлабди. Бир рассом келиб, ўзининг санъат асарларини, гўзал ёзувларини кўрсатибди. Сўнг қайтиб, ўз жойини эгаллабди. Унинг ёнида бир қанча китоблар олиб ўтирган бир киши туриб, подшоҳга ўз тажрибалари ва илмий хулосаларини гапириб берибди. Сўнг у ҳам ўз жойига қайтибди. Яна уларнинг ёнида ўтирган учинчи бир йигит туриб, подшоҳга ажойиб шеър айтиб берибди. Сўнг у ҳам ўз жойига қайтибди…

Подшоҳ қараса, бу учовлоннинг ёнида бир қари аёл ўтирган экан. Уни ҳам мусобақа қатнашчиларидан деб ўйлабди ва: “Бизга кўрсатишга нима ҳунарингиз бор, эй ҳурматли қария?” дебди. Кампир жавоб берибди: “Эй ҳазрати олийлари! Менда сиз учун ҳеч нарса йўқ. Мен илк олдингизга чиққан манави учовлоннинг онаси бўламан. Булардан қайси бири олтин тожни қўлга киритишини кўриш учун келдим!”

Бу гапни эшитган подшоҳ тахтидан туриб, “Мусобақа тугади! Олтин тожни манави рижолларни етиштирган аёлнинг бошига кийдиринглар!” дебди…

Борлиқдаги энг юксак касб бу инсонни етиштиришдир. Чумолилар чумоли бўлиб туғилади, шерлар шер бўлиб туғилади, балиқлар балиқ бўлиб туғилади, қушлар қуш бўлиб туғилади ва ҳоказо. Лекин одамзот инсон бўлишга лаёқатли хом модда ҳолатда туғилади. Дунёдаги энг улуғ ижодкоргина бу хом моддани қўлига олиб, оламга яна бир ҳақиқий инсонни ҳадя этиш учун унинг устида ижод қилади!

Ҳақиқий инсонни етиштирган бадавлат ва ўқимишли ота-оналар, албатта, буюк ва ажойиб иш қилишибди. Аммо, унданда буюкроқ ва ажойиброқ ишни аслида дунёга буюкларни ҳадя қилган камбағал, оддий ва деярли ўқимишсиз бўлган ота-оналар қилишган!

Фаррошнинг уйидан инженер, тикувчининг уйидан доктор, дурадгор хонадонидан катта масжид имоми, этикдўзнинг уйидан ёзувчи, темирчилар оиласидан университет профессори, бекат ходими оиласидан компания хўжайини, баққоллар уйидан давлат вазири ва ҳоказолар чиққанини кўрсангиз, ишонаверингки, бу буюкларни шу ҳолатга келтирганлардан ҳам буюкроқ ҳеч кимса йўқ!

Илм, ижтимоий обрў ёхуд бойлик жиҳатдан ўзича баланд мартабага эришиб олиб, ич-ичида ўзининг оддий ота-онасидан уялиш ва ноқулайлик сезадиган одам дунёдаги энг паст одамдир! У уялиш ўрнига, ота-онасидан фахрлансин, миннатдор бўлсин, ўшаларнинг боласи эканида ғурурлансин аслида! Ахир улар йўқ нарсада мўжиза яратишни уддалаган одамлар эмасми?!

Сизлар ҳам, эй оддий ва камтар ота-оналар! Бошингизни баланд кўтаринг! Муҳандис ўғлингиз барпо қилган ҳар қандай кўприкни аслида ўғлингиздан олдин сизлар қургансизлар! Шифокор фарзандингиз даволаган ҳар қандай беморни аслида сизлар даволагансизлар! Солиҳа қизингиз тарбия қилган болаларни ундан олдин аслида сизлар тарбия қилгансизлар!

Эй ота-оналар, аслида сиз қаҳрамонсиз! Сизлар ҳақиқий қаҳрамонларсиз, гарчи бошингизга олтин тожлар киймасангиз ҳам!

 

Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»

Араб тилидан Сардор Саидаҳмедов таржимаси