Ота-онага яхшилик қилиш
14

Дунёга келишимизга сабабчи бўлишдан ташқари тарбиямизни гўзал бўлишига, Роббимизни танишимизга ва жамиятда ўз ўрнимизни топишимизга сабабчи бўлган ота-онамиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Ота-оналар фарзанди олдидаги бурчини беминнат, оғринмай ҳатто ҳеч бир эваз кутмай бажарадилар. Лекин минг афсуски фарзандлар гоҳида ота-оналари олдидаги бурчларини унутиб қойишмоқда десак муболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотларини Ўзи яхши билгани учун фарзандларни ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Чунки ота-онага берилган муҳаббат бошқа ҳеч кимга берилмаган, аммо, фарзандлар ўз оилавий ҳаётлари билан бўлиб, гоҳида ота-она олдидаги вазифаларини унутиб қўяётган бир пайтда динимиз буни унга эслатади ва юксак ажр мукофотларни ваъда қилади.
Ота-онасига яхшилик қилган фарзандларга жаннат эшиклари очилиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ أَبَوَانِ، فَيُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَيْهِمَا إِلَّا فُتِحَ لَهُ بَابَانِ مِنَ الْجَنَّةِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ)
яъни: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади”, – деганлар. (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоят қилганлар).
Аллоҳ барчамизни ота-онасининг олдидаги бурчларини бажарадиган, ота-онасини, ака-ука, қавму қаримдошларини розилигини топадиган бандаларидан қилсин.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мирмахаматов
