НАБАВИЙ ЗИКР
13

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Фотима Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хизматкор сўраб келди. У Зот: (эй қизим!) Сени хизматчиданда яхшироқ нарсага далолат қилайми?, дедиларда ушбу зикрни айтдилар: “Ҳар намоз кетидан ва ухлаш вақтингда ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд, ўттиз тўрт марта Аллоҳга такбир айтасан”. (Имом Муслим ривояти)
Шарҳ: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз, уй юмишларида бироз қийналиб қоладилар, оталари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурлари яхши ходим сўраб келадилар. Аммо оталари уйда йўқ бўладилар. Нима учун келганларини Оиша онамизга айтиб кетадилар. Оиша онамиз Пайғамбар алайҳиссалом келганларида бўлган воқеани айтадилар. У зот қизлари Фотимани уйига бориб, юқоридаги зикрни ўргатадилар. Демак, ушбу зикрлар ҳар қандай ходимнинг ёрдамидан ҳам кучли экани, ушбу зикрларни ҳар намоз кетидан ва ётиш олдидан айтиб юрган инсон кечки ва кундузги чарчоқдан холис бўлиши бор экан.
Бизнинг юртларда ҳар фарз намозларидан сўнг жамоат бўлиб ушбу зикрларни айтиш жорий этилганки, айтишни ҳеч ким эсдан чиқармасин, барча ушбу бахтга муяссар бўлсин деган қараш бўлса, ажаб эмас. Ушбу зикрлар доим биз айтиб юрадиган “Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар”дир. Тилга ўта енгилу, аммо савоби ва ажри ўта буюк ҳисобланади. Ушбу набавий зикр ҳар ким ўзига вирд қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади. аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий умматлардан қилсин!.
Ҳадисдан қуйидаги фоидалар келиб чиқади:
1. Пайғамбар алайҳиссаломни қизларига ўта меҳрибон эканлари. Чунки, ўзлари бориб зикрни ўргатиб келмоқдлар. Яна келса, айтаман деб ўтирмадилар.
2. Аллоҳга кўп зикр айтиш ҳар қандай мушкулотларни аритиши,
3. Фарз намозларидан кейин тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтиш суннат экани.
4. Ётиш олдидан ҳам тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтиш суннатлиги.
Хожа Бухорий ислом билим юрти ўқитувчиси
Муҳибуллаев Саидмуҳаммадхон тайёрлади
