Оила
30

Миллатимизни заҳарловчи омиллар бугунги кунимизда Ғарб дунёсидан кириб келаётган бир даврда, қадриятларимиз билан динимиз буюрганларини ўрганишимиз ёшларимиз учун фойдали ва манфатли бўлади. Зотан ёшларимиз бугунги кунда Ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилишлари натижасида оила аталмиш муқаддас даргоҳга путур етқазишмоқда. Зеро, миллатимиз қадриятларида, жумладан динимиз таълимотларида оила жуда муҳим ҳисобланади. Шундай экан динимиз бизни ҳалол муносабатларга жумладан вояга етган ҳар бир ўғил қизга никоҳ қуришликка тарғиб қилади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки, ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: «Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин», дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий).
Оила мустаҳкам қўрғон вазифасини ўтай олса, фарзандларимизни четдан келаётган ҳар хил йод ғоялар таъсиридан асрай оламиз. Бунинг акси ўлароқ оилада зиддиятлар ҳар хил келишмохчиликлар бўлса, унда униб ўсаётган ниҳолларга шамоллар раҳна солиб, қуритиб юбориши мумкин.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мирмахаматов
