Илм инсонни юксалтиради жамиятни қутқаради. Тарихга назар солсак душманлар бир миллатни йўқотмоқчи бўлса аввал у жамиятдаги илмли, зиёли инсонларни йўқотишга ҳаракат қилишади. Чунки, илм миллатни қутқарувчи энг муҳим омил ҳисобланади. Агар бу омил йўқ қилинса, бу миллатни бошқариш жуда онсон бўлиб қолади. Шундай экан, бизни миллатимиз ёшлари учун илм олиш жуда муҳим. Чунки миллат келажаги уларнинг қўлларида.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадис шарифларида илмнинг фазли ва ажри ҳақида кўп бора таъкидлаганлар. Жумладан қуйидаги ҳадиси шарифда:روى الترمذي من حديث أبي الدرداء قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : «من سلك طريقا يلتمس فيه علما سلك الله به طريقا إلى الجنة وإن الملائكة  لتضع أجنحتها رضا لطالب العلم وإن العالم ليستغفر له من في السموات ومن في الأرض والحيتان في جوف الماء وإن فضل العالم على العابد كفضل القمر ليلة البدر على سائر الكواكب وإن العلماء ورثة الأنبياء وإن الأنبياء لم يورثوا دينارا ولا درهما إنما ورثوا العلم فمن أخذ به أخذ بحظ وافر» Абу Дардў разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни эшитдим дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта, фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлиб, қанотларини ёзиб турадилар. Дарҳақиқат, олим киши учун ер – осмондаги мавжудотлар ва ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди» – дедилар.
Бу ҳадис илм жамият учун нечоғлик муҳимлигини, илм эгаси бўлган киши ва илмга беъетибор кишини орасида нечоғлик катта фарқ борлиги баён қилиб бермоқда.

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мирмахаматов