ИСЛОМ ДИНИ ФИРҚАЛАРГА БЎЛИНИШГА ҚАРШИ
12

Муқаддас ислом дини мусулмонларни турли оқимларга ажралиб ўзаро ихтилофларга берилишларини қоралайди. Чунки турли оқимларга бўлиниб ўзаро ихтилоф қилиш мусулмонлар кучини заифлаштиради,ислом душманларини кучайиши ва мусулмонлар устидан ўз ҳукмини ўтказишига олиб келади, жамиятда парокандалик келтириб чиқаради,одамларнинг бир бирларига ишончи йўқолишига сабаб бўлади. Буларнинг натижасида мусулмон юртларининг гегемон давлатлар томонидан бойликлари таланиши,вайронага айлантирилиши каби натижалар келиб чиқмоқда. Бунга Сурия ва Ироқ каби давлатларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.
Бугунги кунимизда ҳам ўзларига ҳизбут таҳрир ва салафий номларни қўйиб мусулмонларни орасини ажратиб, аҳли сунна вал жамоат имомларини ёмонотлиқ қилиб мусулмонларни бўлинишига, кучсизланиб ислом душманлари қўл остида қолишига сабабчи бўлмоқдалар.Зеро ислом дини фирқаларга бўлинишга қарши. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг». Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирида «Бўлиниб кетманг «ояти борасида шундай дейдилар:
«Аллоҳ таоло мусулмонларни жамоат бўлишга буюрди ва уларни бўлинишдан қайтарди. Батаҳқиқ тафриқадан қайтариш, бирлашиш ва ўзаро келишув асосида яшашга буюрган бир қанча ҳадислар келган.Саҳиҳи Муслимда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ уч нарсада сизлардан рози бўлади ва уч нарсада сизларга ғазаб қилади. Аллоҳга ибодат қилишингиз ва Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслигингиздан ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлаб бўлинмаслигингиздан ва Аллоҳ ишингизга волий қилган кишига насиҳат қилишингиздан рози бўлади.
Ва деди-деди, кўп савол бериш ва молни зойе қилишингизга ғазаб қилади» дедилар. Ҳадисдан маълум бўлдики Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тафриқага бўлинмасдан бирлашишни Аллоҳ рози бўладиган амаллардан еканлигини баён қиляптилар.Шундай екан биз мусулмонларга турли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига мувофиқ тафриқага бўлинмасдан бирлашиб Аллоҳнинг розилигига интилишимиз лозим бўлади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудир ўринбосари
