СИP КЎЗДА ЭМАС, ҚАРАШДА!
6

Катта бизнесмен ривожланаётган бир мамлакатга ёрдамчисини юбориб, у ерда поябзал ишлаб чиқариш фабрикаси ташкил қилишга шароит бор-йўқлигини кўриб келишга буюради. Бир ойдан сўнг, ёрдамчи қуйидагича ҳисобот билан қайтади: “Хўжайин, бу мамлакатда поябзал фабрикаси қуриш имкони йўқ! У ернинг одамлари буткул ялангоёқ, оёқ кийим кийишмас экан. Одамлар ишлатмайдиган маҳсулотни сотиш ғояси менга аҳмоқона бўлиб кўринмоқда!”
Бизнесмен ўйлаб кўриб, хулоса қилишга шошилмай, айнан ўша давлатга айнан шу иш билан бошқа ёрдамчисини юборишга қарор қилади. Яна бир ой ўтгач, иккинчи ёрдамчиси бундай ҳисобот олиб келади: “Бу мамлакатда оёқ кийим фабрикаси очиш режасини ажойиб ғоя деб ҳисоблайман! Биз бу орқали фантастик фойда кўришимиз мумкин! Чунки у ерда биз биринчи бўламиз. У ернинг одамлари ялангоёқ юришдан азоб чекишмоқда. Шу сабаб фабрикамиз маҳсулотини катта ҳажмда сотиб олишлари аниқ!”
Бу ҳикоя бутун бошли ҳаёт сирини оғзингизга чайнаб беради, десам, муболаға бўлмайди! Албатта, бунинг учун ҳикоянинг мағзига қарашимиз керак, воқеа ёки шахсларига эмас. Масала бир вазифага юборилган икки ёрдамчи ишидан каттароқ, поябзал фабрикасидан кенгроқ, янги бизнес бошламоқчи бўлган тожирдан мураккаброқ!
Одамлар биргина масалада кескин ихтилофлар қилганини кўрасиз. Бу турли фикрлилик доим ҳам масаланинг ўзига эмас, улар ушбу масалага ёндашадиган нуқтаи назарларга боғлиқ бўлади. Шундай экан, ишончингиз комил бўлаверсинки, одамларнинг бир ҳодиса ҳақидаги қарашлари ўша воқеадан кўра кўпроқ ўзларининг табиатларини сизга очиб беради!
Бирор фикрга нисбатан қарашимизни ўзгартирганимизда, у ҳақидаги тушунчаларимиз ҳам ўзгариб кетади, ҳатто гоҳида бошдан оёқ алмашиши ҳам мумкин!
Гапдан гап чиқар экан. Бир неча кунлар олдин масжидда суннат намозини ўқиётган эдим. Сажда қилиб турсам, биров бошимни оёғи билан босиб-депсаниб қолди. Кейин бир нималар деб минғиллаганича узоқлашиб кетди… Вазиятдан жудаям жаҳлим чиқди, оғриқнику қўяверасиз! Бир амаллаб намозимни охиригача етказиб олдим. Ўқиб бўлгач билдимки, мени эзғалаб ўтган ҳалиги одам кўзи ожиз бир бечора экан! Дарҳол “Мени кўплаб бандаларига берган балолардан офиятда сақлаган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” дедим…
Гувоҳи бўлганингиздек, ғазаб туйғуси бир неча сониялар ичида раҳм-шафқат туйғусига айланмоқда. Бунга эса, қараш ўзгаришидан бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ!
Хулоса шуки, баъзида ҳаёт воқелигини ўзгартириш учун унга бўлган қарашларимизни ўзгартирсак кифоя, бундан ортиғи керак эмас!
Адҳам Шарқовий, «Буюк хабар»
Араб тилидан Сардор САИДАҲМЕДОВ таржимаси
