ЁМОН ГУМОН ҚИЛИШ

26

Жамиятдаги барча муоммо ва гўнгилсизликларни келтириб чиқарувчи иллатлардан бўлмиш ёмон гумонда бўлиш ва ўзгани айбини қидириш саналади. Бу иллатдан Аллоҳ таоло биз бандаларни очиқ-ойдин қайтариб шундай марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱجۡتَنِبُواْ كَثِيرٗا مِّنَ ٱلظَّنِّ إِنَّ بَعۡضَ ٱلظَّنِّ إِثۡمٞۖ وَ لَا تَجَسَّسُواْ

“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар…”, (Ҳужурот сураси 12-оят).

Яъни, Эй мўмин-мусулмонлар! Яхшилик аҳли (Аллоҳни якка деб билувчилар) устидан кўп ёмон гумондан узоқ бўлинг, албатта баъзи гумонлар уқубатга дучор қилувчи гуноҳдир. Мусулмонларнинг айбини ахтарманг.

Ҳадисларда гумонни энг кучли ёлғонга тенглаштирилган. Гумон қилган одам гўё ёлғон гапирган бўлиб, шуни гуноҳини олади. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай келади:

“Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Гумондан сақланинг, зеро гумон қилиш сўзнинг энг ёлғонроғидир”.

Муовия розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Агар сен одамлар айбини ахтарсанг, уларни фасод қиласан”, деганлар.

Имом Мотуридий бу ерда, уларнинг ўрни, миқдори ва сабаблари қандайлигини билиш керак бўлган учта нарса бор, бири (зон) гумон, иккинчиси (шак) шак қилиш ва учинчиси билиш ва яқийндир. (Зон) гумоннинг сабаби очиқ бўлиб, завол ва ўзгариш хавфи бор нарсадир. Шак эса, сабаби йўқолган ёки сабаблар тенг бўлиб, баъзиси баъзисига қарама-қарши келиб қолган нарсадир. Бунда қалб иккиланишда бўлади. Аниқ яқийн эса, унда завол ва кўчиш хавфи бўлмаган сабаблари зоҳир бўлган нарсадир, деганлар. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таолонинг “Кўп гумонлардан четда бўлинглар” деган сўзи, энди йўқ бўлиш ёки кетиш арафасида бўлиб турган сўз ёки амални ҳақиқатга чиқаришга уриниш, бўлиб, ҳақиқатда бу иш бўлмаган бўлади, гумончининг ёмон гумони туфайли ҳаммаёққа тарқаб кетади.

Оятдаги “Жосуслик қилманглар…”дан мақсад, одамлардан уларда ёмонлик аломатлари ва сабаблари намоён бўлмасада ёмонлик излашдир. Шунинг учун бундай талабдан ва уни ошклр қилишдан қайтарилиб, яширишга амр этилмоқда. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга: “Фалончини кўрмайсизми, сақолидан хамр томиб ётибди? (яъни, ичиб олган шекилли)”, дейишганида, у зот: “Агар бизга аниқ иш зоҳир бўлса, ушани оламиз, йўқса, Аллоҳ таоло бизни айб излашдан қайтарган”, деб жавоб берган эканлар. Бундан кўриниб турибдики, ҳолат аниқ ва ишончлик бўлса, олинади, ундай бўлмаса, у ишни ковлаб ўтирилмайди, балки Аллоҳга ҳавола қилинади.

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Жосуслик қилманг (айб изламанг) сизга ошкор бўлган нарсани олинг, Аллоҳ сатр қилганини тарк қилинг (изламанг)”

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким (ўзгадаги) бир айбни кўриб, уни яширса, тириклайин кўпилган қиз болага ҳаёт бергандек бўлади”.

Ўзга мусулмон ҳақида ёмон гумон қилиш ва унинг кичкина айбини излаб ошкор қилиш учун жосуслик қилиб юриш Аллоҳ таолога хуш келмайдиган ишлардан ҳисобланар экан. Бундай ишлар бир оилани, бутун бир маҳалла энг ёмони бир бутун давлатни пароканда қилувчи иллат саналади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси муборакларида очиқ ойдин буйруқ билан қайтариқлар келган. Бугунги ёш авлодга бундай иллатларининг заволини етқазиш барча масъулларнинг вазифаси ҳисобланади.

 

Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси