Ғазаб — бу инсоний ҳиссиётларнинг энг кучлиларидан бири бўлиб, одатда адолатнинг бузилиши, кутилмаган муаммо ёки таҳдидга жавобан пайдо бўлади. У табиий ва инсон табиатига хос туйғудир, лекин назорат қилинмаса, салбий оқибатларга олиб келади. Ғазабли ҳолатда инсон ҳушёрлигини йўқотиб, ўзини ёки бошқаларни ранжитиши мумкин. Айниқса, тил орқали айтилган қаттиқ сўзлар ёки жисмоний зўравонлик бу ҳиссиётнинг ёмон оқибатларидандир. Шу сабабли, динимизда ғазабни енгиш, сабрли ва кечиримли бўлиш тарғиб қилинади. Яна бир эътибор қаратиладиган нукта бор. Инсон агар аччиқланиб, ғазаби чиқса ичидаги ҳақиқий табиатини билмасдан юзага чиқариб юборади. Кўпинча жаҳлимиз чиқиб яқинларимизни кўнглини оғритиб қўямизда “Жаҳлим чиққани учун беҳосдан билмай гапириб юбордим” деб узур аҳтарамиз. Эътибор бериладиган бўлса, киши бу қилмишини билмасдан эмас, аксинча айни табиатини яширмасдан намоиш қилган бўлади. Шунинг учун ҳам айрим тариқат машойихлари шогирдларини ғазаблантириб қайси салбий хулқини муолажа қилиш кераклигини аниқлаб олишар экан. Хулоса қилиб айтганда мусулмон киши ҳар лаҳзада ўзини бошқара олиши керак. Лекин бу хулқни шакиллантириш учун анчагина салбий хулқларни муолажа қилиш керак. Роббимиз Ўзи мададкор бўлсин.

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси ТУРДИБАЕВ АНАСХОН