МЎМИНЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ – АХЛОҚИ ГЎЗАЛ ВА ФОЙДАСИ КЎП ИНСОНДИР.

24

Ислом дини инсонни нафaқат иймонга, балки юксак ахлоққа, ибратли хулқ-атворга, фойдали шахс бўлишга чорлайди. Мўмин бўлиш – Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш билан бошланади, аммо энг афзал мўмин бўлиш — бунданда юқори босқичидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли ҳадисларида энг яхши мўминларнинг сифатларини баён қилганлар. Ушбу мақолада айнан шу ҳақда сўз юритамиз.

Мўминларнинг энг яхшиси ким?

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Мўминларнинг иймон жиҳатидан энг комили — уларнинг ахлоқи энг гўзал бўлганидир.» (Термизий ривояти)

Яъни, мўмин фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш билан эмас, балки инсонлар билан муомалада ҳам ўзини кўрсатади. Ахлоқи яхши бўлган мўмин — Аллоҳнинг энг маҳбуб бандасидир. У одамларга салом беради, уларга яхши муносабатда бўлади, зиён етказмайди, кечиримли ва сабрли бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:

«Одамлар ичида Аллоҳга энг маҳбуби — одамларга энг фойдали бўлганидир.» (Муъжамул Кабир)

Шунинг учун энг яхши мўмин — бу фақат ибодатда эмас, балки жамиятда ҳам фаол, инсонларга манфаат келтирадиган шахсдир. У оиласига, қўшниларига, маҳалласига, юртига фойда келтиради. Илм ўргатади, маслаҳат беради, меҳрибонлик қилади, муҳтожларга ёрдамлашади.

Қуръон ва ҳадисларда энг яхши мўминнинг қуйидаги сифатлари таърифланган:

  1. Тавозеъли — кибрсиз, камтар бўлади.
  2. Сабрли ва шукрли — ҳар ҳолатда Аллоҳдан рози бўлади.
  3. Тил ва қўлининг зиёнсизлиги — бошқаларни азиятга солмайди.
  4. Раҳмдил ва кечиримли — душманини ҳам афв этади.
  5. Қаноатли — дунё учун уришмайди, боридан рози бўлади.
  6. Вақтни қадрлайди — фойдасиз ишларга вақтини сарф қилмайди.

Энг яхши мўмин — бу ибодатда мустаҳкам, ахлоқда гўзал, инсонларга фойдали ва юртига садоқатли инсондир. Унинг қалбида муҳаббат, тилида ҳақиқат, қўлида хайрли ишлар мужассам бўлади. Ҳар биримиз шундай мўмин бўлишга интилмоғимиз, ўзимизни тарбия қилмоғимиз ва бошқаларга ҳам ибрат бўлмоғимиз керак.

 

Аҳрор АБДУШУКУРОВ

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси