Намозда фотиҳа сураси тугагандан сўнг “Омин”ни махфий айтиш зарур
23

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳатлар натижасида ота боболаримиз орзуси бўлган икки улуғ диёр Макка ва Мадина зиёратига борувчилар ва Исломнинг бешинчи рукни бўлган Ҳаж ибодати адо қилувчилар йил сайин кўпайиб бормоқда. Юртимиз мўмин мусулмонларининг Ҳаж ва умра зиёратига бўлган ихлосларин бу ибодатларни адо қилиш учун Макка ва Мадина шаҳарларига борувчиларнинг йил сайин кўпайишидан ҳам билишимиз мумкин. Шу ўринда айтиб ўтишимиз зарур бўлган ишлардан бири бошқа мазҳаб уламолари ижтиҳоди билан жорий бўлган ибодатдаги баъзи амалларни тушунмасдан юртимиздан Макка ва Мадина шаҳрига борган ҳожилар ҳам бажаришга одатланиб қолиб, юртимизга қайтгач ҳам бажариб мўмин ва мусулмонлар ўртасида ихтилофга сабаб блишмоқдалар. Анашундай ишлардан бири намозда фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг “Омин”ни товуш чиқариб, баланд овозда айтадиганлар пайдо бўлиб мусулмонлар ўртасида ихтилофга сабаб бўлмоқда. Қуйидаги сатирларда “Омин”ни нима сабабдан махфий айтиш кераклиги борасида келган ҳадислар ва уларнинг шарҳи ҳамда уламоларнинг бу борада айтган сўзлари билан танишамиз.
Ватандошимиз бўлган улуғ муҳаддис Абу Исо ат-Термизий ўзларининг Сунан китобларида қуйидаги ҳадисларни келтирадилар.
Бизга Бундор Муҳаммад ибн Башшор ҳадис айтди. У бизга Яҳё ибн Саъид ва Абдураҳмон ибн Маҳдий иккаласи ҳадис айтди деди у еса Ҳужр ибн Анбасадан, у еса Воил ибн Ҳужр розияллоху анхудан хадис айтди дейишган. Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу бундай деганлар:
“Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ғойри л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деб қироат қилганларини эшитдим, шунда у зот “Омин!” деб овозларини чуздилар”.
Абу Исо ат-Термизий айтишича, бу бобга оид ривоятлар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам мавжуд. Абу Исо: “Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳасан ҳадисдир!” — дейди.
Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, тобеъинлар ва улардан кейинги зотлардан иборат аҳли илмлардан бир қанчаси айтишган. Улар инсон “Омин!” билан овозини кўтаради, уни махфий айтмайди деган фикрга келишган. Бу гапни Имом Шофеъий, Аҳмад ва Ишоқ ҳам айтганлар.
Шўба ушбу ҳадисни Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр Абу-л-Анбасадан, у эса Алқама ибн Воилдан, у эса ўз отасидан ривоят қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “ғойри л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деб қироат қилиб туриб “Омин” дедилар ва овозларини пасайтирдилар деган.
Абу Исо: “Муҳаммад ал-Бухорийдан бу борада суфённинг ҳадиси Шўбанинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқ деганини эшитдим”, деган. Шўба бу ҳадисда бир неча ўринда харога йўл қўйган. У “Ҳужр абу-л- Анбасадан” деган, ҳолбуки, у Ҳужр ибн Анбасадир. У Абу-с-Сакан деб куняланган. Яна унда Алқама ибн Воилдан деб зиёда қилган, ҳолбуки унда Алқама йўқ.У аслида Ҳужр ибн Анбасадан, у эса Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Яна “унда овозларини пасайтирди”, деган, ваҳоланки бунда “овозларини у билан чўздилар”, деб келган.
Абу Исо: “Бу ҳадис борасида Абу Зуръадан ҳам сўрадим. У ҳам Суфённинг бу борадаги ҳадисини Шўбанинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқ ва Салама ибн Куҳайлдан Суфённинг ривояти каби ҳадисни Ало ибн Солиҳ ал-Асадий ривоят қилган деди”, — деган.
Абу Исо ат-Термизий бундай дейди: “Бизга Абу Бакр Муҳаммад ибн Абон ҳадис айтди. У бизга Абдуллоҳ ибн Нумайр ҳадис айтди деган. У Ало ибн Солиҳ ал-Асадий бизга Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасадан, у эса Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳудан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди Суфённинг Салама ибн Куҳайлдан қилган ҳадисига ўхшашини ҳадис қилиб айтиб берди деган”.
Мазкур бобда “Фотиҳа” сурасидан кейин “Омин”ни айтишнинг ҳукми кўриб чиқилади. “Омин”ни жаҳрий айтиш афзал дейдиганлар ҳам, уни махфий айтиш афзал дейдиганлар ҳам ўзларига яраша далиллар келтирганлар. Бироқ адолат ва инсоф билан таъкидлаш керакки, икки тарафнинг ҳам келтирган далиллари ё саҳиҳ эмас, ё сариҳ эмас! Бу борадаги саҳиҳ бўлган ҳадислар матнида сариҳ очиқ-ойдин ва аниқ иборалар йўқ, сариҳ очиқ-ойдин ва аниқ иборалари бор ҳадислар эса саҳиҳ эмас. Шунинг учун ҳам бу масалада фақиҳлар ўртасида ҳар хил фикрлар вужудга келган. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур бобда маъноси бир-бирига қарама-қарши бўлган икки ривоятни келтирганлар. Қизиғи, иккиси ҳам битта саҳобадан Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:
Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳнинг ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деб ўқиганларию овозларини кўтариб “Омин!” деб чўзганлари нақл қилинган.
Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятида эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деб ўқиганлар ва овозларини пастлатиб “Омин!” деганлар.
Аслида, бу икки ривоят ҳам заиф. Заиф бўлса ҳам, Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ икки устози — Имом Бухорий ва Абу Зуръа қилган таржеҳ- устун қўйишга асосланиб Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳнинг ривоятини устун ҳисоблаганлар.
Мазкур масалани тўлиқ тушуниш ва идрок этиш, аслида, қайси ривоят устун эканини чуқур англаш учун масалага батафсилроқ ёндашиш тақозо этилади.
Ислом уламолари намозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин” ни айтиш борасида ихтилоф қилмаганлар. Уламолар қайси мазҳабга мансуб бўлмасинлар, қайси фирқа аъзоси бўлмасинлар, “Фотиҳа”дан сўнг “Омин”ни айтиш суннат эканлигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. “Омин”ни ошкора ёки махфий айтиш иккиси ҳам шариат нуқтаи назаридан жоиз саналади. Аммо уламолар “Омин”ни махфий ёки ошкора айтишнинг қайси бири афзал экани борасида ихтилоф қилганлар — турли фикрларга келганлар.
“Омин” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири сифатида ҳам талқин қилинган ривоятлар мавжуд. Бироқ улар заиф бўлгани учун уламолар кўп эътибор қаратишмаган.
“Омин”нинг жаҳрий ёки махфий айтилиши масаласида ҳар икки тараф фақиҳлари муносиб жавоблар беришган. Ҳанафий-моликийлар томонидан махфий айтиш афзаллигига, шофеъий-ҳанбалийлар томонидан жаҳрий айтиш афзал эканига турли далиллар келтирилади. Барча далиллар саҳиҳ эмас, саҳиҳлари сариҳ эмас. Бу баҳснинг асли Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга бориб тақалади. Икки тараф ҳам ўз қавлига шу ҳадисни далил қилади. Қандай қилиб икки зид фатвога бир ҳадис далил бўлиши мумкин? Бунинг сабаби — мазкур ривоятда ихтилофли лафзлар борлигидир.
Войл ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ровийлар томонидан икки хил тарзда, зоҳиран бир-бирига қарама-қарши ўлароқ ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам, саҳиҳ бўлишига қарамай, уни икки буюк муҳаддис — Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларига киритмаганлар.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг Суфён роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган тариқ (ровийлар йўли — силсиласи) бўйича қуйидагича келган: Бундор бизга ҳадис айтди. У бизга Яҳё ибн Саид ва Абдурраҳмон ибн Маҳдий ҳадис айтишди деган. Улар Суфён бизга Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасдан, у эса Воил ибн Ҳужрдан ҳадис айтди деган. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ғойри-л- мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн”ни қироат қилганлари ва “Омин” деганларини эшитдим. У билан овозларини чўздилар”.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг Шўба роҳимаҳуллоҳ тариқидан келган ривояти эса қуйидагича:
Шўба ушбу ҳадисни Салама ибн Куҳайлдан, у эса Хужр Абу-л-Анбасдан, у эса Алқама ибн Воилдан, у эса отаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн”ни қироат қилдилар ва “Омин” дедилар. У билан овозларини пасайтирдилар”.
Юқоридаги икки ривоятдан Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ тариқини шофеъийлар ва ҳанбалийлар қабул қилиб, уни асл асос деб билганлар ва Шўба роҳимаҳуллоҳ тариқини тарк этганлар, амал учун мутлақо қабул қилмаганлар. Аксинча, ҳанафий ва моликийлар Шўба роҳимаҳуллоҳ тариқини қабул қилиб, уни асл асос деб билдилар ва Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ тариқини таъвил қилдилар. Уларнинг таъвили қуйидагича:
“Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ тариқида келган (Ва мадда биҳа совтаҳу) – “У билан овозларини чўздилар” деб келган иборани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Омин”нинг “алиф” ва “ёй” ҳарфларини чўзганлар деб тушуниш керак. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва- саллам “Омин”ни махфий айтиб, унинг маддларига — чўзимларига риоя қилганлар.
“Омин”ни ошкора айтиш афзал дейдиган тараф — шофеъийлар ва ҳанбалийлар Суфён роҳимаҳуллоҳнинг ривоятини устун қўйиш учун Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятига тўртта эътироз билдирдилар.
Аслида, мазкур эътирозларни Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ билдириб ўтганлар ва учтасини “Ат-Таърих ал-кабир” асарида кўрсатиб кетганлар. Улар қуйидагилардан иборат:
- Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятидаги биринчи янглишув — Салама ибн Куҳайл ўз устози Омини Ҳужр Абу-л-Анбас деб берган. Бу ерда Ҳужрнинг кунияси Абу-л-Анбас (Анбаснинг отаси) дейилган. Ҳолбуки, Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ тариқидан маълумки, у Ҳужр ибн Анбасдир. Яъни Ҳужр Анбаснинг ўғли, отаси эмас. Унинг кунияси Абу-с-Сакан бўлган;
- Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятидаги иккинчи янглишув — Ҳужр билан Воил ўртасида воситачилик қилган Алқама ибн Воил деган ровий бор. Ҳолбуки, Суфён ас-Саврий роҳима хуллоҳ тариқидан аён бўладики, улар ўртасида восита бўлмаган. Ҳужр ибн Анбас тўғридан-тўғри Воил ибн Хужр розиялло- ҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган;
- Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятидаги учинчи янглишув ҳадис матнида учрайди. Яъни Имом Шўба ҳадисида
(Ва хофиза биҳа совтаҳу) – “У билан овозларини пасайтирдилар2 жумласи Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ тариқида (Ва мадда биҳа совтаҳу) – “У билан овозларини чўздилар” дейилган.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ билдириб ўтган мазкур учта эътирозни Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Жомеъ ас- сунан” (“Сунани Термизий”) асарида бирма-бир қайд қилганлар.
Шунингдек, Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг “ас- Сунан ал-кубро” асарида уларни санаб ўтган.
Тўртинчи эътирозни ҳам Имом Бухорий номидан Имом Термизий ўзларининг “Ал-Илал ал-кабир” асарида келтирганлар:
- Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятидаги тўртинчи янглишув Алқама ибн Воилнинг ўз отаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилгани айтилганидир. Ҳолбуки, Алқама отаси Воилдан ҳадис эшитгани аниқ эмас. Чунки Алқама отаси вафотидан сўнг олти ойдан кейин дунёга келган.
Ана шу юқоридаги тўртта эътирозга кўра Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривояти маржуҳ ва ғайри маҳфуз, Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳнинг ривояти эса рожиҳ ва маҳфуз ҳисобланган.
Ҳанафийлар Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятини асл асос сифатида қабул қилганлари учун буни исботлаш мақсадида ушбу эътирозларга қониқарли жавоб берганлар.
“Омин”ни махфий айтишни афзал эканлиги борасида яна қуйидаги маълумотларни келтириб ўтамиз:
1) Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллох, гарчи, буюк зот бўлсаларда, бироқ кўпинча ҳадис санадида тадлис қилар эдилар. Тадлис бирорта ровийнинг ўз устози номини атайин айтмаслиги ёки бирорта ҳадис устозидан аниқ ҳадис эшитганини муҳаддисликда тан олинган аниқ ва ошкора иборалар билан айтмасдан, буни яширишидир. Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ ҳақида “ат-Тақриб”да “Гоҳида у тадлис қилиб турарди” дейилган. Еътибор берилса, у зотнинг бу йерда зикр қилинаётган ушбу ривояти ҳам анъана (ъан фалон, ъан фалон) тарзида келтирилган.
Шўба роҳимаҳуллоҳ дейя бунга зид ўлароқ: “Тадлис — зинодан ҳам оғирроқ гуноҳ!” — деб биларди. Яна у бундай деган: “Тадлис қилганимдан кўра самодан ташлаб юборилганим менга яхшироқдир!”
Шўба роҳимаҳуллоҳ заифлардан ҳам, сиқалардан ҳам асло тадлисга йўл қўймас эди. У ҳақида Ибн ас-Салоҳ ўзининг ҳадис истилоҳларига бағишланган машҳур асари – “Муқаддима”да шуларни ёзиб қолдирган:
“Бас, тадлис ўта макруҳ бўлиб, уни кўпчилик олимлар ёмон кўрганлар. Уни ёмонлаганлар ичида энг ашаддийси Шўба бўлган. Имом аш-Шофеъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишимизча, у Шўбанинг бундай деганини айтган: “Тадлис ёлғоннинг Шеригидир”. Шўбанинг ўзидан ҳам ривоят қилганмиз, у: “Зино қилганим тадлис қилганимдан яхшироқ”, — деган. Бу Шўбанинг тадлис борасидаги муболағали, ҳаддан ортиқ гаплари бошқаларга танбеҳ бериш ва тадлисдан нафратланиш сабабидан эди”.
Эътибор берилса, Шўбанинг ривоятлари Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ, Таёлусий роҳимаҳуллоҳ ва Дорақутний роҳимаҳуллоҳ кабилар нақлида таҳдис – “ҳадасана” йўлига кўра ривоят қилинган;
2) Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳни, гарчи, “Омин”ни ошкора айтиш ҳақидаги ҳадис ровийси сифатида таништирган бўлсаларда, аслида, у зот ўзлари амалда ҳанафийлар каби “Омин”ни махфий айтганлар. Унда олим ўз илмига амал қилмаган бўлиб чиқадими ёки ўзи ривоят қилган ҳадисни ҳанафийлар каби тушунганми?! Албатта, салафи солиҳлар тўғрисида яхши гумон қилиб айтамизки, Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ ҳадисни ҳанафийлар каби таъвил қилиб тушунганлар. Шуни тан олган яхшироқ бўлади.
Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳнинг ўзлари амалда “Омин”ни махфий айтганлари жуда катта далил ҳисобланади;
3) “Омин”нинг маъносидан унинг дуо экани маълум бўлади. Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳуллоҳнинг “Омин” дуодир!” деган гапини Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг саҳиҳ ҳадислар тупламида ривоят қилган. Юқорида Мусо алайҳиссалом дуо қилсалар, Ҳорун алайҳиссалом “Омин” деб турганлар. Аллоҳ таоло бу икки ака-ука пайғамбарларга мусулмонлар учун уй-жой тайёрлаб, унда қиблани тўғрилаб, ибодат қилишга буюради. Улар ибодат асносида дуо қилганлар. Аллоҳ таоло бу икки пайғамбарнинг дуоси ва “Омин”ини дуо сифатида қабул қилганини зикр қилган:
Аллоҳ “Дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!” деган.
Қуръони карим оятларида Аллоҳга дуо қилишнинг ҳаммаси махфий бўлиши кераклиги таъкидланган. Бу борада Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривояти Қуръони карим оятлари мазмуни ва ҳукмига мувофиқдир:
— “Аъроф” сурасида келган ушбу оятга эътибор беринг:
“Роббингизга тазарруъ ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас”.
— Яна “Аъроф” сурасида келган ушбу икки оятга эътибор беринг:
“Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз. Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма”.
“Омин” дуо ва зикр бўлгани боис юқоридаги оятлар мазмунидан уни махфий айтиш афзал эканлиги келиб чиқади. Аллоҳга дуо эмас, одамларга қилинадиган даъват маъносидаги дуо ошкора қилиниши лозимлиги Қуръони каримда шундай баён қилинган:
“Сўнгра, албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим”.
Ояти карималарни ўрганишдан қуйидаги хулосалар чиқади:
Биринчидан, “Омин” сўзи дуонинг мустажоб бўлиши сўралган талаб бўлиб, унинг махфий бўлиши Қуръон маъноларига мувофиқ келади.
Иккинчидан, “Омин” сўзи “Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим”дан яхшироқ эмас. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб буюрган:
“Қуръон ўқиган чоғингда Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин”.
Шундай бўлса-да, “Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-ро- жим” намозда махфий айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, саҳобалардан ҳам уни ошкора ўқиганликлари ҳақида ривоят мутлақо йўқ. “Омин” сўзи эса Қуръондан эмас, ҳатто арабча сўз ҳам эмас. Шундай экан, агар у сураи “Фотиҳа” билан зам суранинг орасида ошкора айтиладиган бўлса, асли Қуръонданмикан деган иккиланиш юзага келиб қолиши мумкин. Бинобарин, уни махфий айтиш қиёсга ҳам мувофиқроқ бўлади;
4) Шўба роҳимаҳуллоҳнинг ривоятини қувватлайдиган далилни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятидан ҳам топиш мумкин:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қачон имом “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлийн” деса, сизлар “Омин” денглар. Зотан, кимнинг “Омин”и фаришталарнинг айтганига тўғри келса, ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ерда имомнинг “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-зол- лийн” деганидан сўнг унинг ўзи “Омин”ни айтиши кераклигини юқорида исботлаган эдик. Демак, агар у бу ерда “Омин”ни айтган бўлса, демак, уни махфий айтган бўлиб чиқади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “имом “Омин” деса, “Омин” денглар” демадилар, балки “ғойри-л-мағзуби ъалай- ҳим ва ла-з-золлийн” деса, сизлар “Омин” денглар” деб оятни айтишига боғлаб қўймоқдалар.
Яъни имомнинг “Омин”ни айтишига гўё унга иқтидо қилувчилар ҳам эргашган ҳолда махфий равишда айтиши кераклигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрмоқдалар.
Юқорида айтилганлардан хулоса қиладиган бўлсак “Омин”ни махфий айтиш оятга ҳам, ҳадисга ҳам ва ҳанафий мазҳаби уламолар ижтиҳодига ҳам мувофиқ келар экан.
Нурулло ХАЛИКОВ
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси
