ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ УЛАМОЛАРИНИНГ ҚАРАШЛАРИ

15

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом инсониятни икки дунё саодатига бошлаш учун юборилгандир. Бу дин барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлидир. Унинг таълимотлари инсониятни икки дунё саодатига эриштириш учун маълум мақсадларни ва манфаатларни кўзлагандир. Ана ўша асосий мақсадларни юзага чиқаришда Қуръони Карим ва Суннат дастуруламалдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Китобини ва Набий алайҳиссаломнинг суннатларини тушунишда ҳамда уларга амал қилишда мазкур асосий ва жавҳарий мақсадларнинг юзага чиқиши кўзланади. Ҳар бир ояти карима ва ҳадиси шарифнинг сабаби, моҳияти, мақсади ва турли далолатлари чуқур ўрганилади. Агар шариатнинг асосий мақсадлари бир тарафда қолиб, ҳар бир оят ёки ҳадисни алоҳида тушунишга ҳаракат қилинса, асосий мақсад ҳосил бўлмаслиги аён.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб мўътабар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларининг асосчилари ва уларнинг издошлари бўлган мужтаҳид уламолар юқорида айтиб ўтилган ва айтиб ўтилмаган бошқа нозик тарафларни эътиборга олиб ижтиҳод қилганлар ва диний матнлар – оят ҳамда ҳадислардан ҳукмларни чиқариш қоидаларини ишлаб чиққанлар. Фиқҳ илмидаги бу мислисиз уринишлар самараси ўлароқ “усулул фиқҳ” деб аталган буюк илмга асос солинган. Бу илмни билмаган одамнинг фиқҳ билан шуғулланиш имкони йўқлигини ундан хабардор кишиларгина билишади.

Албатта, Қуръон ва ҳадисдан хукм олиш, ундаги ҳукмларни истинбот қилиш (чиқариб олиш) ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бунинг учун, кишини фатво рутбасига, Исломнинг асосий масдарларидан ҳукм олишга ҳақли қиладиган ўнлаб илмларни яхшилаб эгаллаш билан бирга яна икки илмни билиш лозимлиги айтилади.

Биринчиси: Воқеъликни фаҳмлаш илми.

Иккинчиси: Воқеъликда нима вожиблигини фаҳмлаш.

Қисқа қилиб айтганда, фаҳм-фаросат илмига эга бўлмоғи ҳам лозим эканлигини таъкидланган. Биринчиси фатвони китобдаги илмларни назардан қочирмаган ҳолда воқеъликни ҳисобга олиб чиқариш бўлса, кейингиси масала сўралган ҳолатга айнан нима мувофиқлигини фаҳмлаш даркор. Бу икки илм инсонда ҳаракат ва ўрганиш билан қозонилмайди. Балки улар бандада табиатан мавжуд бўлиб, буни Аллоҳ берган, дейилади. Шунинг учун ҳам бу сўзларни ушбу масалада сўз юритишдан аввал айтиб қўйилди, токи ўқувчи араб тилини ўрганиш, баъзи шаръий илмларни билиш ва ҳадисларни ёдлаш билан мужтаҳид бўлиб қолмаслигини англаб етсин.

Қуръон ва ҳадисдан хукм олишга мужтаҳид даражасига етган фақиҳ олим зотлар ҳақли бўлади. Мужтаҳид сўзининг ўзаги “ижтиҳод” бўлиб, “жаҳд” ёки “жуҳд” ўзагидан олинган. Қайси ишда бўлмасин, бор куч-қувватни сарфлаш маъносини билдиради. Истилохда эса, динимиз ҳукмларини билишга бор илмий куч ва салоҳиятини сарфлаш ижтиҳоддир. Аммо бу таърифдан истаган киши ўзидаги бор илмий куч-қувватни сарфлаб, мужтаҳид бўлиши мумкин, деган хулоса чиқиб келмаслиги учун уламолар “шаръий хукмларни билишга фақиҳнинг бор кучини сарфлаши”, деб таърифга “фақиҳ” сўзини қўшимча қилишган. “Фақиҳ”дан мурод эса мужтаҳиддир.

“Нурул Анвор” китобининг соҳиби мужтаҳидда қуйидаги шартлар топилиши талаб этилишини айтганлар:

Яъни: “Ижтиҳоднинг шарти Китоб (Қуръон) илмларини барча луғавий ва шаръий маънолари билан билиш ҳамда суннат илмларини барча йўллари билан англаш. Шунингдек, қиёснинг барча йўналишларини турлари билан билишдир.”

1.Қуръони каримни билиш: Мужтаҳид Аллоҳ таолонинг Китобини яхши билиши шарт. Зеро, Қуръони карим биринчи шаръий манба бўлиб, мужтаҳиднинг унга суяниши вожибдир. Қуръони каримни билиш унинг маъноларини қисқача тушуниш эмас. Мужтаҳид Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиши ва бу соҳада моҳир бўлиши керак. Аммо Қуръони каримни тўла ёд билиши шарт бўлмайди. Мужтаҳид Қуръони карим оятларидан ҳукм чиқаришда зарур оятларни топиш ва уларга мурожаат қилиш йўлларини яхши билиши керак. Қуръони каримни билишда вожиб бўлган илмлар қуйидагилардир:

— носих ва мансух ҳақидаги илм, мужтаҳид мансух оятлардан хукм чиқармаслиги, балки носих оятлардан хукм чиқариши керак:

— мутлақ ва муқайяд оятлар ҳақидаги илм:

— сабаби нузул — оятларнинг тушиш сабабларига доир илм ва бошқалар.
2. Суннат илмини билиши:

Мужтаҳид Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоху алайҳи ва саллам суннатларини яхши билиши вожиб. Зеро, суннат Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбадир. Суннат илми Қуръони каримда келган хукмларни ойдинлаштиради ва батафсил баён қилиб беради. Суннат илмидан хабарсиз киши ҳеч қачон мужтаҳид бўла олмайди.
Мужтаҳид Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларини ўрганиб, ҳадисга тааллуқли қуйидагиларни билиши лозим:

— “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” ҳадисларни билиши:

— ҳадис ровийларининг тарихини билиши. Бу нарса “саҳиҳ” ҳадисларни “заиф” ҳадислардан ажратиш, мақбул ҳадисларни рад этилганларидан фарқлашда зарур бўлади:

— носих ва мансух ҳадисларни билиши. Агар буларни билмаса, нотўғри хукм чиқариши мумкин.

“Ҳадис” араб тилида гап – сўз маъносини билдиради. “Ҳадис” ва “суннат” сўзлари муҳаддислар ўртасида деярли бир маънода қўлланиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари, панду-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, хулқу-сийратлари, қилган амаллари, иқрорлари, бошқаларнинг қилган амалларини ман этмаслиги ва ҳаёт йўллари ҳақидаги хабарлар тушунилади. Ана шундай хатти-ҳаракатлари ёки кўрсатмалари ҳақидаги ривоят ва нақллар “ҳадис” деб юритилади.

“Ҳадис” сўзининг иккинчи маъноси “янги” демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини бу маънода “ҳадис” деб аталиши сабаби, у зот томонидан айтилган ҳар бир сўз том маънода янги бўлиб, олдин бундай хабарлар келмаган. Шунингдек, уни Қуръони карим оятларидан шу тариқа фарқлаш кўзда тутилган.

Муҳаддислар асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, ким орқали ривоят қилиниб, ўзигача етиб келганини аниқлайдиган ва уни тасниф қиладиган олимлардир.

Ҳадисларда ислом дини аҳкомлари, яъни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром каби амаллар баён этилади. Шунингдек, одоб-ахлоқ, маърифат ва бурчга оид кўрсатмалар талқин қилиниб, ибодатларнинг тартиб-қоидалари кўрсатилади ва инсоний фазилатлар тарғиб қилинади, разил сифатлар қаттиқ қораланади.

Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади:

  1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар.

Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳга ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақдан ўлдириш каби ишлардан қайтарувчи ҳадислар киради. Мисол учун, мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол, мазмунидаги ҳадис Қуръони каримдаги:

«Эй иймон келтирганлар, ўз орангизда молларингизни ботил йўл билан еманг» оятини таъкидлаш учун келган. Шунингдек, «Хотинларга яхши муомалада бўлинг» ҳадиси шариф эса, Қуръони каримнинг:

«Ва улар билан маъруф ила яшанг» оятини таъкидлаб келган.

  1. Қуръонда умумий ёки мутлақ бўлган ҳукмларни хос ва қайдли қилувчи ҳукмлар

Умумий ҳукмни хос қилишига мисол: Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром бўлган аёлларни санаб бўлганидан кейин:

«Ва сизга булардан бошқалар ҳалол қилинди», деган.

Бу умумий ҳукмдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир аёлни ўз аммаси ва холаси, ака-укасининг қизи, опа-синглисининг қизи устига никоҳлаб олиб бўлмайди», деган ҳадислари мазкур умумий ҳукмни хоссатан ушбу тўрт тоифа аёлни ўз аёл қариндоши устига кундош қилиб олиб бўлмаслигини билдиради.

Энди Қуръони каримда келган мутлақ ҳукмни ҳадиси шариф ила қайд қилинишини, яъни чегарасини баён этилишини кўриб чиқайлик. Аллоҳ таоло Қуръонда:

«Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг икковларининг ҳам қўлларини кесинглар», деган.

Араб тилида қўл деганда панжанинг учидан елкагача бўлган жойга айтилади. Демак, Қуръон мутлақ шаклда баён қилди. Бу мутлақ ҳукмни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кафт билан билак қўшилиши жойидан кесиш билан қайдли қилдилар.

  1. Қуръонда келган умумий ҳукмларни баён қилувчи ҳукмлар

Қуръони каримда намоз ўқинглар, рўза тутинглар, ҳаж қилинглар, закот беринглар каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса намозни қандай ўқиш, рўзани қандай тутиш, ҳажни қай тариқа адо этиш, закотни қандай бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган.

  1. Қуръонда зикр қилинмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши

Мисол учун, оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар суннат билан собит бўлган.

3.Мужтаҳид қиёс йўлларини ҳам яхши билиши керак:

Усулул фиқҳ олими, доктор Муҳаммад Ҳасан Ҳиту бундай дейди: “Ким араб тилини билмаса, у туя игнанинг тешигидан ўтсагина мужтаҳид бўла олади”. Мужтаҳид араб тили қоидаларини, маъоний ва баён илмларини билиши керак. Чунки Қуръони карим ва ҳадислар араб тилидадир. Мазкурлар араб тили қоидалари, яъни сарф ва наҳв, балоғат йўллари билан фаҳмланади ва билинади.

Айрим олимлар мужтаҳид шариат мақсадларини мукаммал билишини ҳам ижтиҳод шартлари сирасига киритишган. Чунки Қуръони карим ва суннатни яхши тушуниш ва уларни воқеликка татбиқ этиш шариат мақсадларини билишга боғлиқдир. Шундай экан, ким бир ҳукмдан шаръий далил чиқармоқчи бўлса, шариат сирлари ва унинг умумий мақсадларини билиши вожибдир.

Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ эса “Тадвийнул фиқҳ” китобида: “Шариатнинг асосий мақсади дунё ва охират саодатидир. Яъни шариатнинг асосий мақсади инсонни нафақат охиратда балки, бу дунёда ҳам саодатли ҳаёт кечиришини таъминлашдир”, деганлар.
Қуръон ва ҳадисдан хукм олувчи мужтаҳидда шариат ҳукмларини истинбот қилишда талаб қилинган шартлар топилмаса, жуда катта хатолар юзага келади. Шундай экан фатво чиқаришда араб тилини билиш, ҳадисларни зоҳирий маънолари билан чекланишда ҳам катта зарарлар ҳосил бўлади. Натижада шариатнинг асосий мақсадига путур етади. Бунинг мисолини мана бу ҳадисда кўришимиз мумкин.

“Канзул уммол”да Мужоҳиддан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтади: “Биз, Ибн Аббоснинг шогирдлари Ато, Товус ва Икрималар билан ўтирган эдик. Ибн Аббос намоз ўқиётган эди. Ногаҳон бир киши келиб: “Фатво берувчиларингиз борми?” деди. Икрима: “Саволинг бўлса сўра?” деди. Киш: “Ҳар доим бавл қилганимда сийдик кетидан қуюқ бир нарса келади” деди. Биз: Бола бўладиган суюқликми?” дедик. У: “Ҳа” деди. Биз: “Сенга ғусл вожиб бўлади” дедик. Киши жавобни эшитиб, орқасига қараб кетди. Ибн Аббос намозини тезлатиб, салом бергач” “Эй Икрима, ҳалиги кишини қайтариб олиб кел”, деди. Уни олиб келтирди. Сўнг Ибн Аббос бизга юзланиб: “Бу кишига Аллоҳнинг каломидан фатво бердиларингми?” деди. Биз: “Йўқ”, дедик. “Расулуллоҳнинг суннатиданми?” деди. “Йўқ” дедик. “Саҳобаларни сўзлариданми”, деди. Биз “йўқ дедик. “Унда қаердан фатво бердингизлар?” Биз: “Ўз фикримиздан келиб чиқиб” дедик. Ибн Аббос: “Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Битта фақиҳ, шайтонга мингта обиддан кўра қаттиқроқдир”, деганлар”, деди. Сўнг ҳалиги кишига юзланиб: “Ўша сув шаҳват билан келадими?” — деди. Киши: “Йўк,” деди. “Отилиб чиқадими?” — деди. Киши: “Йўқ” — деди. Ибн Аббос:“Унда сенга таҳорат кифоя қилади” — дедилар.

Муҳаққиқ уламолар айтадилар: Мазкур ривоятда муҳаддислар савол берувчининг “ калимасига эътиборни қаратдилар ва унинг зоҳирий маъносидан келиб чиқиб, фатво бердилар. Ушбу муҳаддисларнинг ҳеч бирлари фақиҳ бўлмаганлари учун ғуслнинг иллатига эътибор қаратмадилар ва фатво беришда хатога йўл кўйдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса, фақиҳ бўлганлари учун бу жойда гапнинг зоҳири билан кифояланмасдан, ҳукмнинг, яъни ғуслнинг иллати (эркаклик сувини шаҳват билан чиқиши)га ҳскм эътибор бердилар. Иллат топилмаганлиги учун савол сўровчига ғусл вожиб бўлмаслиги балки, таҳорат кифоя қилиши ва чиққан сув маний эмас, вадий эканига фатво бердилар.

Шунингдек мазкур ҳадисдан юқорида айтганимиздек фатво бериш учун баъзи илмлар кифоя қилмаслиги, балки мукаммал даражада илмга эга бўлиш зарур эканини кўришимиз мумкин. Ибн Аббос розияллоху анҳумо Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Битта фақиҳ шайтонга мингта обиддан яхшироқдир», деган сўзларини эслаб ўтиши эса, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олиш учун фақиҳ бўлиш кераклиги тушунилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шундай фақиҳ саҳобалардан эди. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом у зотнинг ҳақларига: “Эй Аллоҳим! Ибн Аббосни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвийлни ўргатгин”, деб дуо қилгандилар.

Бугунги кунда ҳадисларни ўқиб, “Бу ҳадисда фалон нарса ёзилибди. Нима учун унга амал қилмаяпмиз? Нега ҳаётга татбиқ қилмаймиз? Нима учун бу бизнинг мазҳабда йўқ?” деган фикр билан қайсидир амални ўз ҳаётига жорий қилмоқчи бўлган диндош биродарларимиз ҳам учраб турибди.

Мисол тариқасида намозда икки қўлни кўтаришни келтириш мумкин. Ислом дини 23 йил давомида такомиллашиб, мукаммаллик даражасига етган. Намоз фарз қилинган вақтда қиёмда икки қўл ёнга ташлаб турилган бўлса, кейинроқ кўкрак юзаси, сўнг эса киндикдан пастда боғлаган ҳолда туриш жорий қилинган. Ушбу босқичлар аввалида намоз рукнлари орасида икки қўлни кўтариш амали ҳам бўлган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрининг охирги йилларида бу амални тарк қилганлари сабабли намоз рукнлари орасида икки қўлни кўтариш ҳам мансух бўлган.

Яна бир мисол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилганлари ҳақидаги ҳадисларнинг айримларида аъзоларни бир мартадан, бошқаларида икки-уч мартадан ювганлари айтилган. Фақиҳлар бу ривоятларни тўғри деб қабул қилиб, бир мартадан ювиш фарз, уч мартадан ювиш суннат ва мукаммаллик деб ҳукм чиқарган.

Қози Ийёз ва Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳимлар Абу Саъд ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан намоз ўқиб туриб, кавшларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Буни кўриб одамлар ҳам кавшларини ечдилар. Намозни ўқиб бўлиб У зот:

“Нима учун кавшларингизни ечдингиз?” дедилар. Улар:

“Сиз кавшингизни ечганингизни кўриб”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Менга Жаброил уларда нопоклик борлигининг хабарини берди”, дедилар.

Аслида нопоклик Пайғамбар алайҳиссаломнинг кавшларида эди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом У зотга кавшларини ечиб қўйишни хабар қилган эдилар. Бошқалар кавшларини ечишларига зарурат йўқ эди. Аммо саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш истаклари ғоятда кучли бўлганидан “модомики, Расулуллоҳ кавшларини ечдиларми, биз ҳам ечишимиз лозим”, деб шундай қилдилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳадисларнинг айримлари бошқалари ҳукмини бекор қилса, айримлари бошқаларидаги ҳукмни қувватлайди. Шунга кўра, ҳадислардан ҳукм олиш оддий иш эмаслиги аён бўлади.

Шайх Макҳул ибн Фазл Насафий айтади: “Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳадисларни қабул қилиш ва ҳаётга жорий этиш талаблари хусусида бундай деган: “Албатта, ҳадислар жуда кўп, аммо ҳаммасининг даражаси бир хил эмас. Фарз, суннат, тарғиб ва тафсил бўлганлари (яъни, оят ва воқеликлар изоҳлангани) бор. Шунингдек, ҳадислар тахвиф (қўрқитувчи, огоҳлантирувчи), тарғиб (қизиқтирувчи) этувчи, танбеҳ берувчи ва чегараловчи бўлади. Ижроси мубоҳ, яъни ихтиёрий бўлганлари бор. Айримлари Қуръони каримдагидек муҳкам[1], муташобиҳ[2]  ҳамда носих ва мансух бўлади. Мўмин-мусулмонлар учун носихига эргашиб, мансухига имон келтириш фарздир. Аммо ҳадислардаги мубоҳлар, рухсат берилган ва фазилатли амалларни узрли бўлган ҳолда тарк қилишга биз кенг йўл очиб берамиз. Бироқ уларни бажарадиган бўлсак, савоб бўлади. Бизга барча ҳадисларни амалда қўллаш шарт эмас”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳам фикримиз далилидир: “Суннат икки хил бўлади. Фарз бўлган суннат, уни олиш ҳидоят, тарк этиш залолатдир. Фарз бўлмаган суннат, уни олиш ҳидоят, тарк қилиш эса залолат эмасдир”.

Аслида, ҳадисдан мустақил равишда ҳукм олиш тушунмовчилик ва ихтилоф келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли бу иш ҳаммага ҳам рухсат этилмаган. Унинг бир қанча шарт ва талаблари бор.

Хулоса қилиб айтганда, фиқҳ деган улуғ неъматдан бебаҳра бўлган кишилар ҳадиснинг маъносини, ҳақиқатини ва сир-асрорларини англашдан ожиз қоладилар.

Натижада ҳадиснинг зоҳирий маъноларидан ҳукм олиб, ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар. Рофиза ва хаворижлар каби ботил фирқалар айнан ушбу сўзларимизга мисол бўладилар.

Ҳазрати Али розияллоху анху Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар менга бир масала рўбарў бўлса-ю мен унинг ечимини Аллоҳнинг китобдан ҳам Расулининг суннатидан ҳам тополмасамунда қандай йўл тутай?. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақиҳ ва обидлар билан маслаҳатлашинглар, бу ишда хос бир фикрни жорий қилманг», дедилар. (Имом Табароний ривоятлари)

Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишда фақихдарнинг гапига юрилмас экан хатога юз тутишимиз аниқ. Зотан Суфён ибн Уяайна айтганларидек: “Ҳадис фақиҳлардан бошқани адаштиради”.

 

Нурулло ХАЛИКОВ

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси

[1]замирида ҳукм, буйруқ маъноси бўлган

[2]маъноси турлича талқин қилинадиган