Илмда ҳам ахлоқда ҳам ўрнак эди
9

Илм-маърифат асрлар давомида инсонларни нурга бошлаб келган. Айниқса, ислом оламида мадрасалар илм тарқатиш марказлари сифатида муҳим ўрин тутган. Ушбу илм масканларида фаолият кўрсатган устозлар эса ўз фидокорона меҳнатлари билан жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшганлар. Мадрасаларда фаолият кўрсатган устозлар нафақат катта билим соҳиблари, балки юксак ахлоқ эгалар ҳам бўлганлар. Мана шундай фидойи устозалардан бири Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида ўзининг илм маёғини талаба ёшларга беришда намунали ҳисса қўшган марҳума устозамиз Мавлуда опа Шукуровадир.
Ушбу билим юртининг илк фаолиятидан бошлаб, анча йиллар араб тили, Нурул яқин, тафсир фанларидан талаба қизларга дарс берган Мавлуда опа нафақат билим ўргатишда балки барча аёл-қизлар учун ибрат намунаси ҳам бўлганлар. Мавлуда опа 1992 йилдан бошлаб, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида ўз фаолиятларини хотин-қизлар мураббийси сифатида дарс бошлаганлар. У киши дарс бошлашдан аввал талаба-қизларга “Илм – Аллоҳнинг омонатидир” дер эдилар. Ҳар бир талаба-қизга нафақат билим беришда, балки уларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқи, муомала маданиятида намуна бўлиб қолмасдан уларнинг яшаш шароитлари, қизиқишларига ҳам эътиборли бўлганлар. Узоқ масофадан келиб ўқийдиган талаба-қизлар учун ўз хонадонидан жой бериб, холис Аллоҳ ризолиги йўлида уйларидан бошпана берган ўта юмшоқ феълли, хушхулқли, меҳрибон аёл эдилар. Қарамоғларида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари бўла туриб, яшашлари ўртача шароитларида ҳам ҳеч қандай моддий ёрдам олмасдан улар учун масъул бўлиб берганлар. Устозлар ва талаба-қизлар ўртасида ҳурматлари беқиёс бўлган. Талабага нисбатан ҳеч қачон қаттиққўллик қилмаганлар, аксинча билим беришда ҳарис устозалардан эдилар. Шунинг учун у кишининг шогирдлари ўртасида ҳурматлари беқиёс бўлган. Мадрасада иш фаолият юритиш даврида маошсиз ишлаш вазиятлари бўлиб қолган, талаба-ёшларга емакларида зарурият бўлган вазиятларда ҳам ўзларининг жонбозликлари, холис меҳнатларини аямасдан ҳеч бир моддиятларсиз ишлаганлар. Уйларидан мева-сабзавотлардан тайёрланган “консервалар”ни олиб келиб, талабаларга етказиб бериб турганлар. Мадрасанинг жамоат ишларида ҳам ўзларининг холис куч-қувватларини аямаган инсон эдилар. Ҳар баҳорда мадраса ҳовлисида катта қозонларда сумалак пишириб, келин-қизларини чақиртириб, талабалар учун кўк-сомсаларни тайёрлаб, устоз-шогирдларни кўплаб дуосини олган фидойи, жонкўяр аёл эдилар. Билимда шунчалик иштиёқманд эдиларки, “бу аёл эди, бу эркак эди”, “бу мендан кичкина” ёки “бу мендан кейин иш бошлаган” деб ўтирмаганлар, билимни тўғри бериш ва маромига етказиб тушунтириш учун катта-кичик билан доимо мулоқотда бўлиб, билим алмашиб юрганлар. Ўқитувчилар ҳам у кишининг ширин муомаларидан мамнун бўлишар ва ўз опалари каби ҳурматда бўлардилар.
2012 йилдан “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида хотин-қизларни ўқитиш тугалланиб, фақатгина ўғил болалар билим юрти сифатида фаолияти бошланди. Мавлуда опа Шукурова 1992-2012 йилга қадар 152 нафар хотин-қизларга таълим бериб келдилар.
Кибр у кишига ёт эди. Нафақат талаба-қизларга билим берар, балки хонадонларида ҳам ўз ҳурматига эга меҳрибон рафиқа, жонкўяр она бўлганлар. Фарзандларни тарбиясида ҳам, рўзғор тутишда ҳам намуна эгаси бўлганлар. У киши ҳар турдаги гулларни ўстиришга, парвариш қилишга қизиқардилар. Мадраса ҳовлисидаги барча гуллар у киши томонидан олиб келинган. Ҳаттоки мадраса биносининг ҳар бир деразасига кўрк бериб турган туваклардаги гулларнинг турлари деярли такрорланмаган, ранг-барангдаги ҳар хил турлари бўлган. Катта – катта манзарали кўчатли гулларни севиб, меҳр билан етиштирилгани инсон кўзини қувнатадиган, қалбини яшнатадиган даражада эканлигидан кўриш мумкин эди. Уйларини айтмасангиз ҳам бўлади, ҳовлида иссиқ “парник”ларда гулларнинг тури, уларнинг чиройи, ҳиди … худдики инсонни гуллар боғига киргизиб қўйгандек яшнатиб қўйганлар. Мадраса, рўзғор, талабалар, фарзандлар, яна уй-жой ва ҳовлисини гуллатиб қўйган меҳнаткаш аёл бўлганлар. Бир муслима аёл учун лозим бўлиши керак бўлган барча хислатларга эга эдилар.
Шунчалар қўли очиқ аёл бўлганларки, рўзғорларидаги нарсани қўшнисидан аямаган, уйидан нон сўраб келганни қўлини бўш қайтармаган, хонадонидаги мевалардан яқинларига, қўшниларига ҳаттоки қадрдон бўлган дўстлари-ю, мадраса талабалари учун ҳам улашганлар. Уйига меҳмон бўлганларни доимо совға билан жўнатардилар. Мени ўзим ҳам бир неча маротаба хонадонларига ташриф буюрган бўлсам ҳам доимо қўлимга тугунча қилиб, совға салом билан жўнатардилар. Меҳмонни қуруқ қўл билан уйдан кузатиш у киши учун уят саналгандир балки…
2024 йилнинг 1 декабр куни оғир хасталик туфайли Мавлуда опа Шукурова 64 ёшларида бу дунёни тарк этиб, фоний дунёга рихлат қилдилар. Ҳаёти давомида қийинчиликлар, ҳар хил синовларга ўта бардошли, сабрли бўлган Мавлуда опа ҳаётининг сўнгги даврларида ҳам бу синовлар у кишини тарк этмади. Кўпгина шогирдларнинг устози бўлган марҳума устоза Мавлуда опа Шукурованинг жанозалари Хожа Бухорий масжидида ўқилди. У кишининг ҳақларида инсонни тафаккурга чорлайдиган жудаям таъсирли, илиқ фикрлар билдирилди. Мадрасага кўрсатган хизматлари кўз ёшлар билан тилга олинди. Устозанинг мадрасада учун хизматлари, фаолиятлари, меҳнатлари беқиёс бўлганлиги алоҳида хотирланди ва ҳақларида дуолар бўлди.
Марҳум устозларнинг ёдга олиниши, уларга дуо қилиш ва уларнинг илм меросини ўрганиш – бизга юкланган масъулиятдир. Улардан қолган илм анъанаси давом этиб, жамиятимизга салоҳиятли, иқтидорли кадрларни етиштириб беришда хизмат қилмоқдадир.
Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин ва охиратларини обод қилсин, омин.
Нилуфар БЕРДИЕВА
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи
