УЯЛИ АЛОҚА (МОБИЛ) ТЕЛЕФОНИНИНГ ХАТАРЛАРИ

12

Бугунги кунда барча мушкулотларимизни енгиллаштириб беришга хизмат қилаётган мобил телефонини барча турдаги ёшу қариларимиз фойдаланишмоқда. Бугун у бизга наинки алоқо воситаси учун хизмат қилмоқда балки, интернет, почта, радио, телевизор, соат, маълумотлар базаси ва яна бир қанча хизматларни бажаришда ундан осонгина фойдаланмоқдамиз. Бу яхши албатта, аммо мобил телефондан фойдаланишимиз шу қадар чуқурлашиб кетдикки, ҳатто китобдан бир маълумотни қидиришга, касалимиз учун ташхис олишимизга, харид қилишимизга, қариндош-уруғларни бориб йўқлашга, фарзандларимизни тинглашга, уларни эшитишга ва хаттоинки, ўзимиздаги муаммоларни ҳал қилишгача ундан ёрдам олаяётганимиз ачинарли ҳолат.

Мобил телефон шу қадар кучли ва инқилобий воситаки, у:

  1. Стационар телефонни ўлдирди.
  2. Телевизорни ўлдирди.
  3. Компьютерни ўлдирди.
  4. Соатни ўлдирди.
  5. Камерани ўлдирди.
  6. Радиони ўлдирди.
  7. Чироқни ўлдирди.
  8. Ойнани ўлдирди.
  9. Газета, журнал ва китобларни ўлдирди.
  10. Видео ўйинларни ўлдирди.
  11. Чўнтак ҳамёнини ўлдирди.
  12. Стол тақвимини ёки кундаликни ўлдирди.
  13. Пластик карталарни ўлдирди.
  14. Энг ёмони эса шундаки, кўплаб (никоҳларни) ўлдирди.
  15. Кўплаб оилаларни ўлдирди.
  16. Ёшларимизни тарбиясини ўлдирди.
  17. Аста-секин кўзларимиз нурини ҳам ўлдирмоқда.

Қанд, босим ва юрак уришини ўлчаб берса ҳам, бу бизнинг умуртқа поғонамизни ва бўйин умуртқамизни ўлдирмоқда, ақлимизни ўлдирмоқда.

Мобил телефонлар электромагнит нурлар тарқатади. Узоқ вақтда бу нурлар инсон соғлиғига салбий таъсир қилиши мумкин. Айрим тадқиқотларга кўра, бу нурлар бош оғриғи, уйқу бузилиши ва ҳатто баъзи ҳолатларда мия ўсмалари хавфини ошириши мумкин.

Телефондан узоқ вақт фойдаланиш кўз чарчоғи, кўриш қобилиятининг пасайиши ва эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.

Доимий равишда телефондан фойдаланиш “текст-бўйин” (text neck) каби ҳолатларга олиб келиши мумкин — бўйин ва елка оғриқлари пайдо бўлади.

Мобил телефонлар орқали ижтимоий тармоқларга боғлиқлик юзага келади. Бу эса инсоннинг реал ҳаётдаги муносабатларини камайтиради.

Доимий равишда хабар кутиш, лайклар ва комментарларга боғлиқлик инсоннинг ички хотиржамлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Ётоқда телефонда ўтириш уйқу режимига путур етказади, уйқу сифатини пасайтиради.

Телефонга боғланиб қолган инсон атрофидаги одамлар билан мулоқот қилишни камайтиради.

Оила аъзолари бир хонада бўлиб ҳам, телефонлар билан овора бўлишлари туфайли бир-бирлари билан самарали мулоқот қила олмайдилар.

Телефондан ортиқча фойдаланиш болаларнинг ўқишга бўлган эътиборини сусайтиради.

Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар турли салбий таъсир қилувчи материалларга дуч келишлари мумкин.

Телефондан фойдаланиш автомобил ҳайдаш вақтида диққатни чалғитади ва йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Мобил телефонлар ҳаётимизни енгиллаштирса-да, улардан меъёрсиз ва нотўғри фойдаланиш турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун телефондан фойдаланишда тартиб ва меъёрга амал қилиш муҳим.

У келажак авлодни йўқ қилиш босқичида турибти. Агар ўзимизни назорат қилмасак, у бизнинг руҳимизни ҳам ўлдиради.

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси