ҚУРЪОН ВА ҲАДИСДАН ГАПИРГАН ҲАР БИР ОДАМГА ЭРГАШИШ ЖОИЗМИ?

11

Йўқ! Қуръон ёки ҳадисдан гапирувчи киши аввало араб тилини пухта билиши билан бирга тафсир китоблари, фиқҳга доир асарлардан етарли даражада хабардор бўлиши шарт. Зеро, Қуръони каримда шундай оятлар борки, уларнинг ҳукми мансух, яъни бекор қилинган. Масалан “Моида” сурасининг 90-91 оятлари билан ундан олдин ваҳий бўлган “Нисо” сурасининг 43-ояти мансух бўлган. Яъни олдин маст ҳолатда намоз ўқиш таъқиқланган бўлса, кейинги оятда намоздан ташқари ҳам маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш  қатъий ман этилади.

Қуръон матни таркибида сақланиб қолган мансух (ҳукми бекор қилинган) оятлар ибодат вақтида ўқилсада, амалда татбиқ этилмайди, чунки кўпгина оятлар Макка даврида нозил қилинган бўлиб, Мадинага ҳижрат қилгандан кейин бошқа оятлар нозил бўлиб, олдинги айрим оятлар ҳукми бекор қилинган. Шунингдек, ҳадиси шарифларнинг ҳам носих ва мансухлари борки, уларни яхши ўрганмай туриб, таржима ёки нашр қилиш мумкин эмас. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда: “Мен сизларга олдин қабристонларни зиёрат қилишни таъқиқлаган эдим. Эндиликда уларни зиёрат қилаверингиз. Зеро, бу сизларга охиратни эслатади”, — деганлар. Афсуски, кейинги пайтларда араб тили ёки турк тилидан луғавий таржима қилувчи таржимонлар кўпайиб кетди. Натижа диний билими чуқур бўлмаган кишиларнинг амри маъруф, наҳий мункар ишларига қўл уриши сабабли мусулмонлар эътиқодий ва амалий тушунчаларида чалкашликлар юзага келди. Бинобарин, халқимизнинг “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деган нақлига амал қилинмаслиги оқибатида тўғри йўлдан оғиб, турли бузуқ ақидаларнинг тарқалишига олиб келди.

Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг оқибатида залолатдан бошқа нарса бўлмаслиги аниқ. Ислом ниқобига бурканиб олган баъзи оқимлар эса ўзларининг хатарли ғоялари билан мусулмонлар орасини бузмоқда ва уларнинг обрўсизланишига сабаб бўлмоқда.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

таълим муассасаси мудир ўринбосари